12 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Андижонда шаҳар суди раиси 30 минг доллар билан қўлга тушди, Ўзбекистон компаниялари Украина санкцияларига учради, Мубашшир Аҳмад Туркия полицияси томонидан қўлга олинди, Ўзбекистон ва Эрон имтиёзли савдо битими бўйича товарлар рўйхатини келишиб олди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Суд раиси пора билан ушланди
Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раиси жиноят устида қўлга олинди.
Kun.uz манбасига кўра, у тезкор тадбирда 30 минг АҚШ доллари олаётганда ушланган.
Қайд этилишича, бугун Судялар олий кенгашининг йиғилиши ўтказилиб, унда бош прокурорнинг Андижон вилояти Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар суди раисини жиноий жавобгарликка тортишга оид тақдимномаси муҳокама қилинган.
Якунда кенгаш хулосаси билан суд раисини жиноий жавобгарликка тортишга розилик берилган ва унинг судьялик ваколати тўхтатилган.
Кенгаш тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини, ижтимоий тармоқлардаги аксарият манбаларда тарқатилаётган шу мавзудаги хабарлар бўрттирилган бўлиб, барча ҳолатларга тергов йўли билан аниқлик киритилишини билдирди.
Ўзбекистон компаниялари Украина санкцияларига учради
Украина ҳукумати Россия, Хитой, Эрон, Беларус ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бир нечта компанияларга нисбатан санкциялар жорий қилди.
Умумий рўйхатда 67 та Россия компанияси билан бир қаторда 7 та хорижий юридик шахс ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг 3 таси Ўзбекистонда фаолият юритади. Шунингдек, санкциялар рўйхатига Ўзбекистоннинг бир нафар фуқароси ҳам киритилган.
Санкцияга учраган компаниялардан бири Mercury Renaissance МЧЖ. Корхона 2016 йилда Тошкент шаҳрида давлат рўйхатидан ўтган. Фаолият тури – қурилиш техникаси ва ускуналарини ижарага бериш ҳамда лизинг хизматлари. Таъсисчилари Рустам Мўминов ва Шаҳриёр Тожиев Саҳиёрович.
Иккинчи компания — Raw Materials Cellulose МЧЖ Жиззах вилоятида жойлашган бўлиб, қоғоз массаси ва целлюлоза ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Учинчи компания – целлюлоза ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган «Фарғона кимё заводи» МЧЖ. Мазкур корхона Mercury Renaissance таркибига киради.
Шунингдек, Украина ҳукумати бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ва Россия фуқаролигига эга эканлиги таъкидланаётган Рустам Мўминовга нисбатан чекловлар киритган.
Санкциялар 10 йил муддатга жорий этилган бўлиб, Украина ҳудудидаги активларни музлатиш, лицензияларни бекор қилиш, савдо келишувлари, маданий алмашинувлар, илмий соҳадаги ҳамкорликни тўхтатишни назарда тутади.
Мубашшир Аҳмад Туркия полицияси томонидан қўлга олинди
Azon вақфи кенгаши раиси ва Azon Global ахборот-таҳлилий портали асосчиси, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов 8 май куни Истанбулдаги ўз уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани маълум бўлди.
Қайд этилишича, шу куннинг ўзида адвокатлар иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилган. Адвокатларга билдирилган охирги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Мубашшир Аҳмад Истанбулдаги Депортация марказига ўтказилиши, эртасига – 9 май куни у ердан қўйиб юборилиши керак бўлган.
Аммо орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Иммиграция бошқармаси домланинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаяпти. Ваҳоланки, Туркия қонунчилигига кўра, назоратда ушлаб турилган шахснинг оиласига бу ҳақида маълумот берилиши, унинг ўзига ҳам яқинлари билан мулоқот қилишга изн этилиши белгилаб қўйилган.
Ҳозирча Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхона ҳолат юзасидан муносабат бермади. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Кun.uzʼга берган изоҳида ҳолатга аниқлик киритиб, маълумот беришини билдирди.
Туркиялик адвокат ва қочоқлар ҳуқуқлари ҳимоясичи Иброҳим Эргиннинг ёзишича, Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга депорт қилинган бўлиши мумкин. Уни 9 май куниёқ шошилинч тарзда депортация қилишмоқчи бўлишган, лекин жамоатчилик аралашуви туфайли Эдирнега жўнатилган.
«Эдирнедаги Миграция идорасида разведка назорати остида сақланган, кейинчалик шанба куни яна Истанбулга қайтарилган. Бу орада у юридик тизимдан четлаб ўтилган ва ноқонуний тарзда Ўзбекистонга топширилган», – дейилади ҳуқуқ ҳимоячисининг баёнотида.
Ўзбекистон ва Эрон имтиёзли савдо битими бўйича товарлар рўйхатини келишиб олди
Теҳронда бўлиб ўтган ҳукуматлараро учрашувда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида кўп йиллардан бери ечимини кутаётган транспорт-логистика масалаларини зудлик билан ҳал этиш лозимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Теҳронда Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф билан музокара ўтказди. Томонлар ўзаро савдони 2 миллиард долларга чиқариш имкониятларини муҳокама қилди.
Расмий Тошкент транспорт-логистика соҳасида кўп йиллардан бери ечимини кутаётган масалаларни зудлик билан ҳал этиш лозим деб ҳисоблаши таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича «Йўл харитаси», имтиёзли савдо битимининг товарлар рўйхатини тасдиқлаш баённомаси ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Мавзуга оид

20:55 / 08.05.2025
8 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

23:10 / 07.05.2025
7 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

23:01 / 06.05.2025
6 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:49 / 05.05.2025