Ўзбекистон | 21:25 / 08.05.2025
6395
3 дақиқада ўқилади

Сув босган уйлар ва йўллар – Андижондаги тошқиндан фоторепортаж

Булоқбоши туманидан ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилиб, кўплаб аҳоли хонадонлари сувда қолди. Дастлаб «ГЭС қуриш мақсадида ортиқча сув ташлангани» айтилган бўлса, кейинроқ каналга «лойиҳавий сув ўтказиш қобилиятидан кўп сув келгани» сабаб сифатида келтирилди. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, зарар кўрган ҳудудлар, аҳоли хонадонларидан фоторепортаж тайёрлади.

Фото: Kun.uz

8 май куни Андижон вилояти Булоқбоши тумани Сарвонтепа маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоғи дарз кетиб, шикаст етди. Оқибатда канал суви тошиб, атрофдаги кўчалар ва аҳоли хонадонини сув босди.

Тошқин ҳақида маълумот олиниши билан вилоят Норин-Қорадарё Ирригация тизимлари бошқармаси томонидан сув буткул тўхтатилган.

Айни вақтда вилоят ҳокими бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, ҳолат бартараф этилмоқда. Маълум қилинишича, барча куч ва воситалар жалб қилиниб, жараён назоратга олинган.

«Ўзгидромет» маълумотига кўра, хавфли гидрологик ҳодисанинг келиб чиқишига Жанубий Фарғона каналига ГЭС қурилиши сабабли ортиқча сув ташлангани сабаб бўлган.

Шунингдек, «Ўзгидромет» Булоқбоши туманида содир бўлган сув тошқини оқибатида ҳудуддаги 560 та хонадонни сув босганини маълум қилди. ФВВ эса ҳодиса оқибатида 30 та хонадоннинг ичига, 70 та хонадоннинг эса томорқасига сув кирганини билдирди.

Шунингдек, Kun.uz манбалари туманнинг каналга туташ ҳудудларида яшовчи аҳоли қисман эвакуация қилинганини маълум қилган.

Кейинроқ, «Ўзбекгидроэнерго» ҳам расмий муносабат бериб, техноген ҳолатга «ГЭС қуриш мақсадида каналга ортиқча сув ташлангани» эмас, каналга «лойиҳавий сув ўтказиш қобилиятидан кўп сув келгани» сабаб бўлганини баён қилди.

«Ўзбекгидроэнерго»га кўра, ҳолат 9 май куни соат 14:00 га қадар тўлиқ бартараф этилади, Жанубий Фарғона каналининг одатий иш режими тикланади, аҳолига етказилган зарар қоплаб берилади.

Маълум қилинишича, ҳукумат қарорига кўра, Россиянинг «МПР» молия институти маблағлари ҳисобига Жанубий Фарғона каналида «ЖФК-3 кичик ГЭС қурилиши» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари «тайёр ҳолда топшириш» шарти асосида Россиянинг «Энергосила» компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Андижон вилоят ҳокимлиги ҳам талофат кўрган хонадонлар бирма-бир хатловдан ўтказилиб, келиб чиққан зарарлар аниқланаётгани ҳамда зарар кўрган ҳудудлар, йўллар, хонадонлар қисқа муддатда таъмирланишини билдирди.

Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, зарар кўрган ҳудудлар, аҳоли хонадонларидан фоторепортаж тайёрлади.

Мавзуга оид