Жаҳон | 14:00
675
2 дақиқада ўқилади

Техасдаги сув тошқини қурбонлари сони 104 кишига етди

Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, энг кўп ўлим ҳолатлари Керр округида қайд этилган, дейди расмийлар.

Фото: AFP via Getty Images

АҚШнинг Техас штатидаги сув тошқини қурбонлари сони 104 кишига етди.

Расмийлар минтақада 4 июл куни кучли ёмғирдан кейин қурбонлар сони ортганини маълум қилди. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, аксарият ўлим ҳолатлари Керр округида қайд этилган, дейди расмийлар.

Хусусан, ушбу округда 84 киши, жумладан, 28 бола ҳалок бўлган.

Кучли ёмғир туфайли Керр округида Гвадалупе дарёси тошиб, кенг кўламли тошқинларга сабаб бўлди.

Техас губернатори Грег Эбботт ижтимоий тармоқларда фалокат оқибатларини бартараф этиш учун барча ресурслар сафарбар қилинганини айтди.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, табиий офат ҳудудида 50 мингга яқин одам бор, қутқарув ишлари ҳамон давом этмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Керр округини фалокат ҳудуди деб эълон қилди.

Айни пайтда, штатдаги республикачи расмийлар Трамп маъмуриятининг тежамкорлик сиёсати доирасида бюджети қисқартирилган Миллий метеорология хизматини (NWS) табиий офат бошланишидан олдин ўз вақтида огоҳлантириш ва аниқ прогнозлар бермагани учун танқид қилди.

Мавзуга оид