Ўзбекистон | 12:13
9180
3 дақиқада ўқилади

Сўх ва Шоҳимардонга автомобилда ўтиб-қайтишда муаммо юзага келди

1 май кунидан Қирғизистон қонунчилигига янги тартиб киритилган. Унга кўра, ушбу давлат ҳудудига автомашинада киришда агар транспорт воситаси бошқа шахс номида бўлса, бош ишончнома талаб қилинмоқда. Бу эса яқин қариндошларининг машинасини ишончномасиз бошқариши мумкин бўлган ўзбекистонликлар учун эксклав ҳудудларга ўтиб-қайтишда муаммо туғдирмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари – Сўх ва Шоҳимардонга ўтиб-қайтишда муаммо юзага келган. Бу ҳақда Kun.uz’га бир нечта мурожаат келиб тушди.

Мурожаатчиларга кўра, 1 майдан буён Қирғизистон томони чегара постларида агар транспорт воситаси бошқа шахс номида бўлса бош ишончнома талаб қилина бошланган. Бу чегара постлари олдида узун навбатларни ҳосил қилган.

«Сўхдан Фарғона шаҳрига боришимиз учун 4 та чегара постидан ўтамиз. Яқингача яқин қариндошимиз номидаги машинани бошқариб ўтиб-қайтишда муаммо йўқ эди. 1 май кунидан бери ўтказмай қўйишди. Энди отамнинг номидаги машинада Фарғона шаҳрига бориб келолмас эканман.

Ёш болалиларни, ҳатто бемор олиб кетаётганларни ҳам ўтказишмаяпти. Фақат машина ўзингники бўлса ўтасан, деб туриб олишган», дейди мурожаатчилардан бири.

Бошқа бир мурожаатчи эса машина эгаси ёнида ўтирган бўлса-да, чегарадан ўта олмаганини айтади.

«Машина онамнинг номида эди. Онам ёнимда ўтирганди. Аммо ўтказишмади. Онамни Шоҳимардонга даволатишга олиб бораётгандим. Кўпчилик қайтиб кетмоқда. Айримлар машинасини Ўзбекистон ҳудудига қўйиб, 4 та такси алмаштирган ҳолда боришяпти. Бу ҳолатдан кейин чегара пости олдидаги автотураргоҳ нархини ҳам 3 минг сўмдан 15 минг сўмга кўтариб қўйишди», дейди у.

Kishvar.uz сайти масъулларга таяниб берган муносабатига кўра, Қирғизистон томони билан ушбу масала юзасидан гаплашилган.

«10 майга қадар ушбу ортиқча ҳужжатлар эксклав ҳудудлар аҳолисидан сўралмаслиги маълум қилинди. Мазкур тартиб фақат сўхликлар учун эмас, аслида барча хориж фуқаролари учун Қирғиз Республикаси томонидан жорий этилган. Аммо Ӯзбекистоннинг эксклав ҳудудларини ҳисобга олиб, ушбу тартиб муддатини узайтириш ҳамда татбиқ этилмаслик бўйича музокалар олиб борилмоқда», дейилади муносабатда.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев билан боғланди.

«Қирғиз Республикаси қонунчилигига мамлакат ҳудудига кириб келаётган ҳайдовчилардан агар транспорт воситаси бошқа бировнинг номида бўлса, бош ишончнома талаб қилиш бўйича ўзгартириш киритилган. Мазкур ўзгартириш 1 май кунидан кучга кирган. Бироқ қўшниларимиз янги тартиб бўйича Ўзбекистон томонини расмий ахборот билан таъминламаган. 1 майдан сўнг ҳақиқатан чегарадан қайтариш бошланган», дейди у.

У бош ишончномаси бўлган ҳайдовчилар учун чегара постларидан ўтиб-қайтишда ҳеч қандай муаммо йўқлигини қўшимча қилган.

Мавзуга оид