Жаҳон | 14:00
2107
9 дақиқада ўқилади

Ғазони эгаллаш режасини маъқуллаган Исроил, «Алькатрас»ни очишни буюрган Трамп ва баллистик ракетани синовдан ўтказган Эрон – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

БМТ дунё етакчиларини Ғазо аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашга чақирди

Гуманитар ёрдам Фаластин эксклавига 9 ҳафтадан бери етиб бормаяпти, чунки Исроил юкларни етказиб беришга тўлиқ блокада жорий этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё етакчиларини гуманитар инқироз кучайиб бораётган Ғазо секторидаги тинч аҳолига озиқ-овқат етказиб беришни таъминлашга чақирди.

«Бизда блокада олиб ташланган заҳоти тарқатиш учун тайёр бўлган катта миқдордаги захирамиз бор. Биз дунё етакчиларини бунинг амалга ошиши учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирамиз. Ҳозир бунинг вақти», — дейилади БМТнинг ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси баёнотида.

Бошқарма Исроилнинг тинч аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун жанговар зоналарга йўналтириш режасини «асосий гуманитар тамойилларга зид» деб атади.

БМТ маълумотларига кўра, тўққиз ҳафтадан бери Ғазога ёрдам етиб бормаган, инсонпарварлик ёрдамини тасдиқлаш ҳақидаги аксарият сўровлар рад этиляпти.

Исроил ҳарбий маҳкамаси Ғазо секторини «тўлиқ эгаллаб олиш» режасини маъқуллади

Исроил ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси Ғазо секторидаги «ҳудудларни тўлиқ босиб олиш» ва улар устидан «барқарор назорат» ўрнатишни назарда тутувчи “Ҳамас ташкилотини йўқ қилиш» бўйича оператив режани тасдиқлади. Бу ҳақда Исроил бош вазири девонининг маслаҳатчиси Дмитрий Генделман маълум қилди.

Режани тақдим этган Исроил Мудофаа кучлари бош штаб бошлиғи Эял Замир: «Биз Ҳамасни йўқ қилиш йўлидамиз» деди. Нетаняху ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси йиғилишида режани «реал ва самарали» деб атаган ҳамда «Ҳамасни мағлуб этишини ва [исроиллик] гаровга олинганларни қайтаришини» қўшимча қилган.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, аввалги операциялардан фарқли ўлароқ, гап мақсадли рейдлар ҳақида эмас, балки «ҳудудларни тўлиқ босиб олиш ва улар устидан барқарор назорат ўрнатиш ҳақида». Режага Ғазодаги ҳудудларни қўлга олиш ва ушлаб туриш; тинч аҳолининг хавфсизлиги учун жанубга кўчириш; Ҳамасни инсонпарварлик ёрдамидан маҳрум қилиш; уларнинг инфратузилмаси ва қўмондонлик пунктларига оммавий зарбалар бериш киритилган.

Трамп «Алькатрас» қамоқхонасини қайта очишни буюрди

АҚШ президенти Доналд Трамп 5 май куни Калифорнияда 1963 йилда ёпилган «Алькатрас» қамоқхонасини қайта очишга буйруқ берди.

«Биз кўчаларимизга кетма-кет ёвузлик, қон тўкиш ва тартибсизликлар уруғини сепаётган бу жиноятчиларга энди тоқат қилмаймиз», деб ёзди Оқ уй раҳбари Truth Social платформасида. «Шунинг учун мен бугун Қамоқхоналар бюросига Адлия вазирлиги, Федерал қидирув бюроси ва Миллий хавфсизлик департаменти билан биргаликда Американинг энг шафқатсиз ва зўравон жиноятчиларни жойлаштириш учун кенгайган ва қайта қурилган «Алькатрас» давлат қамоқхонасини қайта очиш ҳақида буйруқ бераман».

«Биз энди ўз ишларини бажаришдан қўрққан ва мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан келган жиноятчиларни чиқариб юборишга имкон бермайдиган безорилар ва судьялар асирига айланмаймиз. «Алькатрас»нинг қайта очилиши қонун, тартиб ва адолат рамзи бўлади», деб қўшимча қилди Доналд Трамп.

«Алькатрас» собиқ федерал қамоқхонаси Сан-Франциско кўрфазидаги оролда жойлашган. У 1912 йилда эски қалъа ўрнида қурилган ва дастлаб ҳарбий қамоқхона сифатида фойдаланилган, аммо 1936 йилда Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилган, қайта тикланган ва янада хавфсиз ҳолатга келтирилган. Маълум бўлишича, энг хавфли жиноятчилар «Алькатрас»га юборилган: хусусан, бу ерда машҳур гангстер Ал Капоне ҳам жазо муддатини ўтаган.

Эрон янги баллистик ракетани синовдан ўтказганини маълум қилди

Эрон ҳукумати 17 апрель куни Qassem Basir қаттиқ ёнилғидаги янги баллистик ракета муваффақиятли синовдан ўтказилганини эълон қилди. Ислом Республикаси мудофаа вазири Азиз Носирзода IRIB 2 давлат телеканалига берган интервьюсида ракета манёвр қобилиятини яхшилаганини ва «THAAD ва Patriot ҳамда Исроилда бор бўлган бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун нишонга олиниши қийин эканлигини» айтди.

Носирзода, шунингдек, АҚШ «агар унга ҳужум қилинса ёки урушга мажбурланса», Эрон «қатъий жавоб беришга тайёр»лигидан огоҳлантирди. Эрон ҳарбий идораси раҳбари Теҳрон «қўшни давлатларга нисбатан душманлик ҳис қилмаслиги ва улар билан биродарлик муносабатларига интилиши»га ишонтирди, бироқ уруш бошланган тақдирда уларнинг ҳудудидаги Америка базалари Эрон ҳарбийлари учун «қонуний нишон»га айланади.

АҚШни ўз хоҳиши билан тарк этадиган ноқонуний мигрантларга 1000 доллардан пул берилади

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ноқонуний мигрантларнинг ватанига қайтиш жараёнини енгиллаштиришга қаратилган дастурни ишга туширмоқда. Бу ҳақда идоранинг расмий порталида эълон қилинган хабарда сўз боради.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлардан ўз хоҳиши билан чиқиб кетадиган ноқонуний мигрантларга минг доллардан пул тўлаш режа қилинмоқда.

«Агар сиз бу ерда ноқонуний юрган бўлсангиз, мустақил депортация — бу ҳибсдан қочишнинг энг яхши, хавфсиз ва АҚШни тарк этишнинг нисбатан камхарж усулидир. CBP Home иловасини ҳозироқ юклаб олинг ва мустақил депортацияни амалга оширинг», — дейди АҚШ ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм.

Хабарда айтилишича, АҚШ Ички ишлар вазирлиги эндиликда ноқонуний мигрантларга ватанга қайтиш сафарлари учун молиявий ёрдам ва қайтиб боргандан сўнг тўлов таклиф қилмоқда. Маълумотларга кўра, CBP Home иловаси орқали ўз хоҳиши билан депортация қилинишни танлаган ҳар бир ноқонуний мигрант ватанга қайтгач, 1000 доллар миқдорида тўлов олади. «Бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, хорижликлар учун энг хавфсиз вариант ва АҚШ солиқ тўловчилари учун 70 фоизли тежамкорликни англатади», — дейилади пресс-релизда.

Эрдўған Трамп билан телефон орқали суҳбатлашди

Туркия Президенти Администрацияси эълон қилган хабарга кўра, суҳбатда икки томонлама муносабатлар, шунингдек, минтақавий ва глобал масалалар муҳокама қилинган.

Президент Эрдўған Доналд Трампнинг урушларни тугатиш борасидаги позициясини қўллаб-қувватлаган ва Эрон билан музокаралар жараёнини ҳам юқори баҳолаган.

Шунингдек, Туркия етакчиси инсонпарварлик ёрдами Ғазога узлуксиз етказилиши ва бу фожиага барҳам берилиши кераклигини айтиб, ўт очишни тўхтатиш ва барқарор тинчлик ўрнатиш учун ҳар қандай ҳамкорликка тайёрлигини қўшимча қилди.

Исроилнинг жавоб ҳужуми

Исроил қирувчи самолётлари душанба куни 1600 км масофа босиб ўтиб Яманнинг ғарбий қисмидаги Ҳудайда порт шаҳрига ҳужум уюштирди. Бу ҳаракат, Ҳусийчилар томонидан Тел Авивдаги халқаро аэропорт яқинига баллистик ракета отилганидан кейин амалга оширилди.

Ямандаги Соғлиқни сақлаш идораларига кўра, ҳужум қилинган объектлардан бири – Ҳудайда шаҳрининг шарқида жойлашган цемент заводида камида бир киши ҳалок бўлган ва 30 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Исроил ҳарбийларига кўра, зарбалар — ҳусийчилар ҳаракати учун «асосий даромад манбаси» бўлган портга ҳамда цемент заводига қаратилган. Бу порт — Яман шимолидаги қашшоқ аҳолига озиқ-овқат, ёқилғи ва ҳуманитар ёрдам етказишдаги асосий йўлдир, бу ҳудудда 20 миллиондан ортиқ одам яшайди.

«Бизнинг инфратузилмамиз ниҳоятда заиф — бунга тегмаслик керак. Улар ҳарбий қиймати бўлмаган, тинч аҳолига тегишли иншоотларни нишонга олмоқда. Аниқки, асл нишон оддий фуқаро», — дейди порт яқинидаги ҳудудда яшовчи 40 ёшли Жабер Муҳаммад.

Ойлаб давом этаётган ўзаро ҳаво ҳужумлари ва ракета зарбаларига қарамай, на Исроил, на ҳусийчилар ўз мақсадларига эриша олди. Ҳусийчилар Ғазодаги уруш тугамагунча Исроилга қарши ҳужумларини давом эттиришга қасамёд қилган, бу орада Исроил ҳарбий ҳаракатларини кучайтиришга тайёрланмоқда.

Мавзуга оид