Ўзбекистон | 21:19 / 03.05.2025
7975
6 дақиқада ўқилади

9 май байрамми ёки мотам? Бу куннинг мазмуни қандай?

СССР Иккинчи жаҳон урушини бевосита бошлаган босқинчи давлат эди. Марказий Осиё халқлари эса Европадаги қирғинбаротга мажбуран, ўз эркига зид равишда тортилган. Бу уруш зўравон совет мафкурасини легитимлаштириб, миллий мустақиллигимизни бир неча ўн йилга кечиктирди. Шу маънода, Ўзбекистон учун 9 май – урушда ҳалок бўлган ярим миллион ватандошни хотирлаш ва бугунги тинчликни қадрлаш куни.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳар йили 9 май яқинлашавериши билан пост-совет минтақасидаги мустақил давлатларда, Марказий Осиё республикаларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам фикрлар ва қарашлар тўқнашувини кузатиш мумкин.

Биз узоқ муддат собиқ СССРнинг таркибида бўлдик. 1945 йилдан то 1991 йилга қадар 9 май – катта байрам эди. СССРнинг дунё ҳокимиятига чиқиш байрами эди. СССР ва унинг тарафдорлари учун энг муҳим воқеа ва байрам эди. Бошқалар устидан қозонилган ғалаба, ва СССРни жипслаштирган ходиса эди.

Бироқ, Ўзбекистон мустақил бўлгач, барча воқеа ва ходисаларга айнан мустақиллик призмаси орқали қараш, ҳар бир ўзбекистонлик ва ўзбекнинг нигоҳи, эрки ва қадр-қиммати нуқтайи назаридан қараш керак эди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон, кўплаб давлатлар қатори, 9 майга ўзининг концептуал қарашини ўзгартирди, аниқроғи, ўз муносабатини тарихий жараёнларга нисбатан адолатли ва холис шакллантирди. Хўш, бу қандай мунлсабат?

Биринчидан, Иккинчи жаҳон уруши – бу Ўзбекистоннинг, ўзбекларнинг уруши эмас эди. Биз ўз эркимизга зид равишда, биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига мажбуран тортилдик. Сабаби, Чор Россияси ва кейинроқ СССР томонидан мустамлака қилинган эдик. Европадаги қудратли давлатлар ва империялар ўртасида пайдо бўлган урушга, уларнинг мустамлакалари ҳам тортилаверди.

Иккинчи жаҳон урушини икки тоталитар давлат, Гитлер Германияси ва Сталин СССРи ўзаро тил бириктириб бошлаган эди. Улар 1939 йилда Полшани бўлиб олган, Европада ўзаро таъсир доираларини келишиб олган. Бироқ, бу тоталитар давлатларнинг эртами-кечми ўзаро уруши муқаррар эди. Шундай бўлди ҳам. Гитлер Германияси СССРга ҳам бостириб кирди. Яъни, аслида бу урушда СССР бегуноҳ ва беайб эмасди, у урушни бевосита бошлаган давлатлардан бири, яъни ўзи ҳам босқинчи эди.

Иккинчидан, Иккинчи жаҳон уруши бизнинг мустақиллигимизни анча ортга сурди. 1917 йилда Россия ҳокимиятига болшевиклар келгач, улар Туркистонни парчалаб, ўзбекларни ва бошқа маҳаллий халқларни агрессив ассимиляция қилиш сиёсатини бошлади. Бунга жавобан туркистонлик, ўзбекистонлик аждодларимиз ўз эрки, миллий ва диний ўзлиги учун курашга отланишди. Болшевиклар, советлар бу қаршилик қилган аждодларимизни “босмачилар” дея, ёмонотлиқ қилишга уринишди. Бу қаршлик ҳаракати уруш бошланган 1941 йилга қадар давом этди. Бу вақтда Ўзбекистон халқининг Москвага, СССРга нисбатан бегоналашув даражаси юқори эди. Иккинчи жаҳон уруши сабаб, ўзбеклар, маҳаллий халқлар катта бало келганда кичикроқ балога бўлган эътиборни пасайтиришди. Гитлер Германиясига қарши туриш ва курашиш учун, аждодларимиз ўз жонлари, моллари ва меҳнатлари билан иштирок этишди.

Агар Иккинчи жаҳон уруши бўлмаганида, собиқ СССР 1990-йилларда эмас, анча олдин, балки 1950-, 60- ёки 70-йилларда парчаланиб кетган бўлар эди. СССРнинг иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониши СССРнинг умрини узайтирди, халқаро майдонда обрўйини оширди, репрессив коммунизмни легитимлаштирди. СССР ичидаги тарқоқликка мойиллик йўқолди. Ҳамма бирлашиб, Гитлер Германиясига қарши курашди. Бу уруш натижасида СССР ҳақиқатда бирлашган давлатга айланди. Яъни, бу уруш Ўзбекистоннинг мустақиллигини камида 20-30 йилга кечиктирди.

Ўзбекистон мустақил бўлгач, 9 майни “Хотира ва қадрлаш куни” дея номлади. Бу – урушда ўтган аждодларимизни хотирлаш ва ҳали тирик бўлган уруш қатнашчиларини қадрлаш кунидир. Яъни 9 май моҳиятан ғалаба куни эмас, байрам куни эмас. Бу – мотам куни. Икки сабабга кўра, мотам куни. Биринчи сабаб – юз минглаб Ўзбекистон халқининг мард ўғлонлари, аждодларимиз қурбон бўлишди. Иккинчи сабаб, Ўзбекистоннинг миллий мустақиллиги анча кечиккани учун, СССРнинг умри чўзилгани учун, шу чўзилган СССРда ўзбекларга нисбатан “пахта иши”, “ўзбеклар иши” каби жуда катта репрессив кампанияларга сабабчи бўлгани учун ҳам, бу кун мотам кунидир.

Агар бу уруш бўлмаганида СССР шарқий ва марказий Европага кенгаймас эди, СССР дунёдаги иккинчи қудратли геосиёсий қутб бўла олмас эди. Совуқ уруш ҳам анча тор ва кичик масштабда бўлиши мумкин эди. СССР ҳам анча олдин тарқаб кетган бўлар эди.

9 майни Хотира ва қадрлаш куни дея эслаш билан бирга, дунёдаги, минтақамиз атрофидаги геосиёсий зўриқишларни инкор қилмаслик керак. Бу сиёсий реализмнинг талаби. Бир томондан миллий мустақиллик сиёсатини тўлиқ амалга ошириш, иккинчи томондан миллий мустақилликни сақлаш ва парваришлаб бориш сиёсати.

Марказий Осиё президентлари, жумладан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Москвага бориши кутилмоқда. Марказий Осиё ҳозирги глобар курашда, тўқнашувларда ўзини на аксил-Россия, на россияпараст сифатида кўрсатиш ниятида эмас. Россияга нишон бўлмаслик учун, Москвага бориб 2 соат ўтириб келиш муҳим бўлса, буни Марказий Осиё давлатлари албатта қилишади. Ва бу, сиёсий реализм нуқтайи назаридан, ҳозирги анча агрессив бўлган Москва билан тўқнашмаслик учун, ўринли тактика сифатида кўрилади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид