Жаҳон | 21:53 / 30.04.2025
2041
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг сабзовотчиликка ихтисослашган ҳудуди меҳнат мигрантлари тақчиллигига дуч келди

Астрахан вилояти тарвуз пишиғи мавсумида ҳосилдан ажралиши мумкин.

Фото: ТАСС

Россиянинг Астрахан вилояти ҳосилни йўқотиши мумкин, бунга меҳнат мигрантларини қабул қилишдаги чекловлар сабабчи. Вилоят мамлакатдаги энг йирик сабзавот етиштирувчи ҳудуд ҳисобланади. РБК таъкидлаганидек, январь ойидан бери маҳаллий корхоналар ишчиларнинг умумий сонидан фақат 40 фоизини чет элликлар ҳисобидан ёллаши мумкин.

Энди Россия Меҳнат вазирлиги бу қарорни, хусусан, Астрахан маъмурияти ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг шикоятлари туфайли бекор қилишни таклиф этмоқда. 2025 йилда вилоятда экин майдонларини 8 фоизга кенгайтириш режалаштирилган.

Хорижий ишчиларнинг ҳозирги улуши ҳосилни аввалги ҳажмда йиғишга имкон бермайди, деб ҳисоблайди Agro and Food Communications бошқарувчи ҳамкори Иля Березнюк.

«Астрахан вилояти ҳақиқатан ҳам етакчи роль ўйнайди. Масалан, 2024 йилда жами 13,9 миллион тонна сабзавот йиғиб олинди. 1,9 миллион тонна, яъни Россиядаги ялпи сабзавот ҳосилининг тахминан 14 фоизи, ҳисоб-китобларга кўра, ҳар учинчи тарвуз Астрахан вилоятида етиштирилади. Ишчилар сонига келсак, мен аниқ биламанки, маҳаллий аҳолидан фойдаланган ҳолда мигрантлар тақчиллигини қоплаш имконсиз. Масалан, пандемия даврида, уларнинг сони камайиб бораётган бир пайтда, бу нафақат Астрахан вилоятида, балки бошқа минтақаларда ҳам катта муаммоларга олиб келди. Айни пайтда мигрантларсиз бу жуда қийин», деди у.

Меҳнат вазирлиги Астрахан вилоятида мавсумий ишлар учун 20 мингдан ортиқ киши зарурлигини, улардан 9 мингдан ортиғи чет элликлар эканини таъкидлайди. Бу бўшлиқни яқин келажакда талабалар ёки қўшни вилоятлардан келган ишчилар билан тўлдиришнинг имкони бўлмайди, дейди мутахассислар. Эҳтимолий ҳосил танқислиги нафақат минтақада, балки бутун Россия бозорларида сезилиши мумкин.

Росстат маълумотларига кўра, минтақада Россиянинг барча сабзавотларининг 30 фоизи етиштирилади. Астрахан маъмурияти маҳаллий корхоналар барча маҳсулотларнинг 60 фоизини минтақадан ташқарида, шу жумладан экспорт учун сотишини таъкидламоқда.

Мавзуга оид