Қирғизистонда урушга ёллашда айбланган “Рус уйи” ходими ҳибсдан қўйиб юборилди
Қирғизистонликларни Украинага қарши урушга ёллаш билан шуғулланганликда айбланаётган Ўшдаги “Рус уйи” ходими ва бошқа гумондорлар Россия расмийларининг аралашувидан кейин тергов изоляторидан қўйиб юборилди. Уларга нисбатан эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган.

Қирғизистонда Россия армиясига ёллаш билан шуғулланганликда айбланган “Рус уйи” ходими ҳибсхонадан қўйиб юборилди.
Бу – Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ва Россия элчиси ўртасидаги учрашувдан сўнг юз берди.
Ўтган ҳафта Ўш шаҳрида жойлашган “Рус уйи” ходими Наталя Секерина ва яна уч киши қирғизистонликларни Россия армиясига ёллаш билан шуғулланганликда айбланиб ҳибсга олинган ва суд уларни 17 июнгача ҳибсда сақлашга қарор қилган эди.
Маълум бўлишича, 25 апрел куни ушланганлардан икки нафари, хусусан Наталя Секеринага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган. 28 апрелда қолган икки гумонланувчи ҳам тергов изоляторидан қўйиб юборилиб, уй қамоғига ўтказилган.
Бундан олдин, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов билан учрашгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Қирғиз матбуотига кўра, 25 апрел куни бўлиб ўтган учрашувда тергов қилинаётган ноқонуний ёллаш иши муҳокама қилинган.
Наталя Секерина – Қирғизистон фуқароси. У “Рус уйи”да штатдан ташқари ходим бўлиб ишлаган. Ундан ташқари, ноқонуний ёллаш иши бўйича Ўш ҳокимлиги матбуот хизмати ходими Сергей Лапушкин, россиялик блогер Виктор Василев ва исми ошкор этилмаган яна бир шахс ҳам айбланмоқда.
Иш Қирғизистон Жиноят кодексининг 416-моддаси билан очилган. Бу моддага кўра, бошқа давлатларнинг қуролли можароларида ёки давлат ҳокимиятини ағдариш ёки ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари учун аскар ёллаш, уларни молиялаштириш, моддий таъминлаш, тайёрлаш тақиқланади. Бу модда бўйича айбдор деб топилганлар 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Мазкур жиноят ишининг очилиши Москвадаги жамоат ҳаммомида қирғизистонликлар таҳқирланиши ортидан рўй бергани бу гўёки Қирғизистоннинг жавоб чораси экани ҳақидаги гумонларга сабаб бўлди. Аммо айрим қирғиз нашрлари бу икки ҳолат ўртасида боғлиқлик йўқлигини ёзиб чиқди.
“Рус уйи” қандай ташкилот?
Россия Ташқи ишлар вазирлиги қошида Россотрудничество номли агентлик фаолият юритади. Агентлик МДҲ ишлари, хорижда яшаётган россияликлар масалалари ва халқаро гуманитар ҳамкорлик билан шуғулланиши белгиланган.
Россотрудничествонинг қарийб 80 та давлатдаги ваколатхоналари “Рус уйлари” деб аталади. Бу муассасалар одатда маданият маркази, кутубхона, курслар ва тадбирлар маркази сифатида ишлайди. Хусусан, 9 май кунлари “Ўлмас полк” акцияларини ташкил этишда қатнашади.
Феврал ойи бошида Озарбойжон расмийлари Бокудаги “Рус уйи”ни ёпишга қарор қилганди. Бунга Озарбойжон самолётининг ҳалокатидан кейин икки ўртада совуқлашган муносабатлар сабаб бўлганди. Ўшанда рус нашларида ҳалокат билан боғлиқ кўплаб дезинформатсиялар, озар нашрларида эса Россотрудничество жосусликда айбланган мақолалар чоп этилганди.
Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков тез-тез кескин баёнотлари билан кўзга ташланиб туради. У ўтган йили Тошкентдаги мактабда рўй берган воқеани “қабиҳ русофобия” деб атаган, ундан аввал Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжани русофобияда айблаб чиққанди.
Мавзуга оид

20:36 / 29.04.2025
Россияда пора орқали ҳолатини қонунийлаштирилган мигрантларни депортация қилиш таклиф этилди

18:08 / 29.04.2025
Патрушев Россиянинг Одессага даъвосини эълон қилди

17:57 / 29.04.2025
Уч мамлакатнинг аҳиллиги тимсоли — “Дўстлик” стеласидан репортаж

17:12 / 29.04.2025