Жаҳон | 20:43 / 30.04.2025
667
2 дақиқада ўқилади

Полша давлат реестрига кенг кўламли киберҳужум уюштирилди

DDos-ҳужум қайтарилган, аммо салкам бир соат давомида фуқаролар солиқларни тўлай олмаган.

Фото: Shutterstock

Полша IT-инфратузилмаси — Давлат реестрлар тизими кенг кўламли ҳакерлик ҳужумига учради, деб хабар беради RMF FM.

Маълумотларга кўра, киберҳужум мамлакатда солиқ декларацияларини (PIT) топшириш муддати, 800+ ижтимоий ёрдам учун аризалар ва «Профилактика 40+» тиббий скрининг дастурига ёзилиш якунланаётган пайтда асосий онлайн хизматларни ишдан чиқариш мақсадида уюштирилган.

Ҳужум салкам бир соат давом этган. Бу вақт давомида фойдаланувчилар mObywatel иловасидан, шунингдек, CEPIK тизими — Транспорт воситалари ва ҳайдовчилар марказий реестридан фойдалана олмаган. Бу эса ўз навбатида транспорт воситалари ва солиқ операцияларини рўйхатдан ўтказишга имкон бермаган.

Гап DDoS-ҳужумлар ҳақида кетмоқда — бунда ҳакерлар бир вақтнинг ўзида давлат тизимларига оммавий сўровлар юбориб, тизим юкламасини ошириб юборади.

Қайд этилишича, киберҳужум қайтарилган. Полша киберполицияси ва Ички хавфсизлик агентлиги ҳолатни тергов қилиш билан шуғулланмоқда. Ҳужум кимлар томонидан амалга оширилгани ҳозирча номаълум.

Аввалроқ Франция расмийлари Россия ҳарбий разведкасини мамлакатга қарши сўнгги ўн йил давомида содир этилган киберҳужумларга алоқадорликда айблаганди. Таъкидланишича, 2021 йилдан бери Россия Разведка бош бошқармасининг (ГРУ) киберҳужумлар билан шуғулланувчи бўлинмаси Франциядаги ўнга яқин, жумладан, «мудофаа, молия ва иқтисодиёт секторларига» алоқадор ташкилотларга ҳужум уюштирган.

Мавзуга оид