Покистон томони Ҳиндистон 24-36 соат ичида зарба беришни режалаштирганини айтмоқда

Фото: Getty Images
Покистон ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар Исломободда Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида «ишончли маълумотлар» борлигини айтиб чиқди.
«Бу Покистоннинг Паҳалгамдаги воқеага алоқадорлиги ҳақидаги асоссиз ва сохта айбловлар билан боғлиқ», – дея ёзган вазир 30 апрелга ўтар кечаси.
Тарар Ҳиндистон ўтган ҳафта сайёҳларга ҳужумдан зарба учун «ёлғон баҳона» сифатида фойдаланмоқчи экани ва «Ҳиндистоннинг ҳар қандай ҳарбий авантюризмига ишончли ва қатъий жавоб берилиши»ни таъкидлаган.
Гарчи аввалги можароларда ҳеч қачон қўлланмаган бўлса-да, икки давлат ҳам ядро қуролига эга, .
Аттауллоҳ Тарарнинг изоҳлари Ҳиндистон Покистонни ўтган ҳафта Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида 26 киши ўлимига сабаб бўлган ҳужум ортида турган жангариларни қўллаб-қувватлашда айблаши ортидан бўлмоқда. Ҳиндистон расмийлари аниқ бир гуруҳ номини айтмаган, Исломобод эса бу айбловларни қатъиян рад этмоқда.
Ҳиндистон ва Покистон Кашмир ҳудудини 70 йилдан ортиқ вақтдан бери талашиб келади ва бу ҳудуд учун икки марта кенг кўламли уруш олиб борган. 20 апрел куни сайёҳларга ўт очилиши ушбу минтақада тинч аҳоли орасида қурбонлар сони бўйича сўнгги 20 йил ичида кузатилган энг йирик ҳужум бўлди.
Икки давлатнинг тан олинмаган чегарасида бир ҳафтадан буён вақти-вақти билан демаркация чизиғининг икки томонида жойлашган ҳарбийлар томонидан бошланган отишмалар тинмаяпти.
Ҳиндистон Покистон ҳудудига зарба бериш-бермаслиги масаласи ҳам фаол муҳокама қилинмоқда, 2016 ва 2019 йилларда жангариларнинг кенг кўламли ҳужумларидан кейин шундай йўл тутилганди.
2016 йилда Ури шаҳрида 19 нафар ҳинд аскари ўлдирилганда, Ҳиндистон Кашмирнинг Покистон назоратидаги қисмидаги жангариларнинг тахминий лагерларига аниқ зарбалар берганди. 2019 йилда портловчи моддалар ортилган автомобил ҳинд полицияси бўлган автобусни урилиб, 40 киши ҳалок бўлганида, Ҳиндистон Балакидаги жангарилар лагерига ҳаво ҳужуми уюштирган, бу Покистон ҳудудида 1971 йилдан бери кузатилган илк шундай зарба бўлганди. Покистон бунга жавобан ўз ҳаво ҳужумларини амалга оширганди. Бу эса давомли қуролли тўқнашувларга айланиб кетади.
Ўтган ҳафта маҳаллий расмийлар Кашмирда кенг кўламли рейд ўтказилгани ва 1500 дан ортиқ киши сўроқ қилиш учун ҳибсга олинганини маълум қилганди. Ўшандан бери яна кўплаб одамлар ҳибсга олинган, уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.
Ҳиндистон ҳукумати камида 10 нафар жангарининг уйларини бузиб ташлаган. Улардан камида биттаси ҳужумда гумон қилинаётган шахсга алоқадорлиги айтилмоқда.
Исломобод ва Ню Деҳли Кашмирнинг бутун ҳудудига даъво қилади, лекин уни фақат қисман бошқаради. Мазкур ҳудуд икки мамлакат 1947 йилда мустақилликка эришганидан бери ўзаро муносабатлардаги кескинлик ўчоғига айланган.
Кашмирнинг Ҳиндистон томонидан бошқариладиган қисмида 1989 йилдан бери хавфсизлик кучларига ҳам, тинч аҳолига ҳам ҳужум қилаётган қуролли исёнчилар ҳаракат қилмоқда.
Ҳиндистон Паҳалгамдаги ҳужумга алоқадорликда гумон қилинаётган бирорта гуруҳ номини эълон қилмади ва буни ким қилгани ҳали ҳам номаълум. Дастлаб ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани айтилган «Қаршилик фронти» номли гуруҳ баёнот бериб, ҳужумга алоқадорлигини рад этди. Айрим маълумотларга кўра, «Қаршилик фронти» Покистоннинг «Лашкар-и-Тайба» жангарилар гуруҳи билан боғлиқ.
Ҳиндистон полицияси ҳужумда гумон қилинган тўрт кишидан уч нафарининг шахсини очиқлаган. Маълум қилинишича, улардан икки нафари Покистон фуқаролари, бир нафари эса Кашмирнинг Ҳиндистон назорати остидаги қисмида яшовчи маҳаллий фуқаро. Тўртинчи шахс ҳақида маълумот йўқ.
Омон қолганлар жангарилар атайлаб ҳиндуийлик динига эътиқод қилувчи эркакларни нишон қилиб танлаганини айтишган.
Ҳужум Ҳиндистон халқи ғазабини қўзитди, бош вазир Нарендра Моди эса ҳукумат айбдорларни «дунёнинг нариги чеккасида» бўлса ҳам излаб топиши ва улар «ақлга сиғмас жазога гирифтор бўлиши»ни айтган.
Шу билан бирга, таҳлилчилар иккала давлат ҳам эга бўлган ядро қуроли бир вақтнинг ўзида ҳам таҳдид, ҳам тийиб турувчи омил ҳисобланишини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, ҳиндларнинг жавоб чораси олдинги йилларда бўлгани каби кичик кўламда ва аниқ зарбалардан иборат бўлади, шундан кейин томонлар кескинликни камайтиришга ҳаракат қилади. Бироқ, вазият назоратдан чиқиб кетиб, кенг кўламли можарога айланиб кетиш хавфи ҳам доимо мавжуд.
Мавзуга оид

20:47
Урушларнинг ўзгарган мотиви: ташқи таҳдид эмас, ички сиёсий мақсадлар

18:16
Ҳиндистондаги меҳмонхонада ёнғин юз берди. Қурбонлар бор

16:21 / 29.04.2025
Ҳиндистон Кашмирда сайёҳларни ўққа тутган террорчиларнинг уйларини ер билан битта қилди

15:27 / 29.04.2025