Жаҳон | 15:03
2905
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Европага Путин билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолганини маълум қилди

Россия президенти Путин Украина мудофаага қобилиятли армияни сақлаб қолишига розилик беришдан бош тортди, гарчи Қўшма Штатлар Киевнинг бу талабини қўллаб-қувватлаганди, деб ёзади Financial Times газетаси манбаларга таяниб.

Фото: KRISTINA KORMILITSYNA / VIA REUTERS

Британиянинг Financial Times (FT) газетаси 29 апрель, сешанба куни «Европа ва Украина расмийлари»га таяниб ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Киев ва Москва билан музокаралардаги кичик муваффақиятни «баҳона» сифатида кўрсатиб, иши тугаганини маълум қилмоқчи ҳамда Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш режасидан воз кечиш арафасида турибди. Охирги икки ой ичида камида олти марта Кремль расмийлари билан учрашган Оқ уй расмийлари қуруқ қўл билан қайтди ва бу уларни хавотирга сола бошлади. FT маълумотларига кўра, АҚШ аллақачон Европани Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани ҳақида хабардор қилган.

Мақолада айтилишича, Путиннинг муросасизлиги туфайли Трамп тинчлик жараёнидан воз кечишга ва ҳар қандай келишувни имкон қадар тезроқ тузишга интилмоқда, гарчи бу унинг дастлабки амбицияларидан анча кам нарсадир. «Трамп бу ҳафтада ҳар қандай муваффақиятни қўлга киритишга тайёр, у лавозимидаги илк 100 кунини нишонлайди, аммо бу узоқ муддатли ечимга олиб келмаслиги мумкин», деди тўрт расмий FT'га.

Оқ уй Кремль учун санкцияларни бекор қилиш, қўшма бизнес лойиҳалари ва ҳатто Қримни тан олиш каби сахий таклифлар тўпламини тайёрлаган бўлса-да, Путин максималистик амбициялар, жумладан, Украинани «денацификация қилиш» ғоясидан воз кечмоқчи эмас. FT манбаларига кўра, Путин АҚШнинг позициясига қарамай, Украина мудофаага қодир армияни сақлаб қолишига розилик беришдан бош тортди.

Мавзуга оид