Жаҳон | 18:56 / 29.04.2025
4536
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбарининг қасри ижтимоий эҳтиёжлар учун мусодара қилинди

Карим Масимовга тегишли ҳашаматли уй аукционда сотилмай қолгач, давлат фойдасига ўтказилди.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг судланган собиқ раиси, собиқ бош вазир Карим Масимовнинг Остона шаҳридаги ҳашаматли уйи ижтимоий эҳтиёжлар учун мусодара қилинди. Бу ҳақда Қозоғистонга қайтарилган активларни бошқарув компанияси хабар берди.

«Бошқарув компанияси Остона шаҳар маъмуриятидан ушбу кўчмас мулкни шаҳарнинг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш учун фойдаланишга топшириш бўйича расмий сўров олди. Мурожаатнинг ижтимоий аҳамияти ва қонунчилик нормаларини ҳисобга олган ҳолда, объект электрон савдо аукционидан чиқарилди. Объектдан кейинги фойдаланиш маҳаллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади», дейилади хабарда.

18 апрель куни қаср учинчи марта кимошди савдосига қўйилди, аммо харидор топилмади. Мулкнинг бошланғич баҳоси 1,6 млрд тенге эди. Илгари уйни 1,8 миллиард тенгега сотишга икки марта уриниш бўлган, бироқ харидорлар қизиқиш билдирмаган.

Карим Масимов 2023 йил апрелида Қозоғистон Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми (давлатга хиёнат) ва яна иккита модда билан айбдор деб топилиб, жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг мол-мулки мусодара қилиниб, давлат хизматида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилди.

1965 йилда туғилган генерал-лейтенант Масимов 2016 йил 8 сентябрдан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқариб келган. Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос бўлган Масимов 2007-2012 ҳамда 2014-2016 йилларда Қозоғистон бош вазири, 2012-2014 йилларда Қозоғистон президент администрацияси раҳбари бўлиб ишлаган.

У 2022 йил 8 январ куни Қозоғистонда юз берган оммавий тартибсизликлардан сўнг қўлга олинганди. Шундан сўнг, унинг уйидан 17,2 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар – қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалар, ноёб буюмлар ва бошқа кўп нарсалар олиб қўйилгани ҳақида хабар берилди.

Мавзуга оид