Россия денгиз пиёдалари ва Z-блогерлар Курск областида ҳамон украин ҳарбийлари борлигини хабар қилди
Бир кун олдин Путин ҳудуддаги Украина кучлари тўлиқ «тор-мор этилгани» ҳақида айтганди.

Егор Алиев / ТАСС / Profimedia
Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов 26 апрел куни президент Владимир Путинга россиялик ҳарбийлар Курск областидан Украина қуролли кучлари тузилмаларини «сиқиб чиқаришни якунлагани» ҳақида ҳисобот берди. Путин бунга жавобан Герасимовни «Курск чегарасида душман тўлиқ тор-мор этилгани» билан табриклади, дейилади Кремл сайтидаги хабарда. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари бош штаби Украина бўлинмалари «муайян позицияларни сақлаб қолишда давом этаётгани» ҳақида баёнот берди. Украина қуролли кучлари бўлинмалари Курск области ҳудудида қолаётгани ҳақида Россиянинг Z-каналлари ҳам хабар берган.
Россиялик ҳарбий блогер Юрий Котенокнинг таъкидлашича, Глушковский районида, Сейм дарёси бўйидаги Отруба хуторида украиналик ҳарбийлар қолмоқда ва улар мазкур аҳоли яшаш пунктига туташ ҳудудларни назорат қилмоқда. Котенокнинг айтишича, «Олешни ҳудудида ҳам Украина қуролли кучларининг кичик қаршилик ўчоқлари қолмоқда». Олешни яқинидаги жанглар ҳақида «Архангел спецназ» канали ҳам хабар берган.
Ҳарбий блогер Юрий Подоляк эса Герасимов озод этилганини айтган Горнал қишлоғида ҳам Украина қуролли кучларининг «қаршилик ўчоқлари» сақланиб қолаётганини айтган. РФ мудофаа вазирлигига яқин саналган Rybar телеграм-канали украин ҳарбийлари «чегара бўйлаб бир қанча дара ва жарликлар»да ўз мавжудлигини сақлаб қолаётганини қайд этган. Канал муаллифи мазкур жойларни «етиб бориш ва ўтиш қийин бўлган жойлар» деб таърифлаган.
Украина мудофаа вазирлигига яқин саналган DeepState OSINT-проекти 26 апрел куни кечқурун украин ҳарбийлари Горнал ва Олешня қишлоқлари атрофидаги позицияларни ўз назоратида ушлаб турганини хабар қилди. DeepState харитасида Глушковский районидаги Отруба хутори ҳам украин кучлари назоратида экани кўрсатилган. Харитадан кўриш мумкинки, Украина қуролли кучлари Курск области ҳудудида жами 29 километр квадрат майдонни ўз қўлида ушлаб турибди.
Z-блогерлар ва DeepState маълумотини 810-денгиз пиёдалари бригадаси командири вазифасини бажарувчи, «Гроза» чақирув белгили ҳарбий ҳам Владимир Путинга ҳисобот бериш вақтида билвосита тасдиқлаган. У ва Путин ўртасидаги суҳбат 27 апрел куни Биринчи канал эфирида кетган. Бригада командири Курск областида Украина қуролли кучларининг «турли гуруҳлари ва айрим ҳарбийлари қолаётгани»ни айтган.
Россиялик ҳарбий РФ қуролли кучлари аскарлари Горнал қишлоғи кўчаларида мустаҳкам ўрнашиб олгани ҳақида гапирганди. «Аҳоли яшаш пункти тўлиғича бизнинг назоратимиз остида, Горналдан ғарбда ва жанубдаги, шунингдек Гуево атрофидаги ўрмонзорлар тозаланмоқда. Яқин вақтлар ичида душманнинг барча тарқоқ гуруҳлари ҳамда алоҳида ҳарбийлари бутунлай яксон этилади», — деган у Путин билан мулоқотда.
Мавзуга оид

21:23 / 27.04.2025
АҚШ давлат котиби келаси ҳафта Россия—Украина уруши бўйича музокаралар учун «ниҳоятда муҳим» бўлишини айтди

10:16 / 27.04.2025
Россия Бош штаби Курск области тўла озод этилгани ҳақида ҳисобот берди

15:38 / 26.04.2025
Трампнинг янги режаси, Путиннинг сулҳи, Киевнинг талаблари — Геосиёсий ҳафта таҳлили

13:54 / 26.04.2025