Жаҳон | 12:01
2015
3 дақиқада ўқилади

Путин Уиткоффга МРБ директори ўринбосарининг ўғлига берилган Ленин орденини топширди

Россия президенти Доналд Трампнинг махсус вакилига Украинада ўғли вафот этган Марказий разведка бошқармаси директори ўринбосари учун мўлжалланган Ленин орденини топширди, деб ёзади CBS News.

Фото: Gavriil Grigorov/Sputnik/REUTERS

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткоффга АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) рақамли инновациялар бўйича директор ўринбосари Жулиан Галлин Глосс учун мўлжалланган Ленин орденини топширди. Унинг ўғли, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ва Украинада жанг қилган 21 ёшли америкалик Майкл Глосс 2024 йилда ўша ерда ҳалок бўлган. Россия президенти шу ҳафта Россияга қилган ташрифи чоғида Уиткоффга мукофотни топширган, деб хабар қилди CBS News 8 август, жума куни. Ахборот хизматига кўра, «психологик ўйинлари билан танилган» Путиннинг ишораси Марказий разведка бошқармаси ходими бу урушда Россия томонида жанг қилганини кўрсатган.

Икки манбанинг CBS News'га айтишича, Глосс Россия расмийлари томонидан ёллангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ ва Кремл Глосснинг жасади қолдиқларини ватанига қайтариш пайтида унинг оилавий алоқалари ҳақида билган. Оқ уй, Марказий разведка бошқармаси ва Уиткофф вакиллари маълумотга изоҳ бермади. CBS News билан боғланган Россия элчихонаси вакили ҳам расмий изоҳ йўқлигини айтди. Кремл ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги мукофот ҳақидаги маълумотни тасдиқламаган.

Ленин ордени — буюк хизматлари учун, шу жумладан чет элликларга берилган совет мукофоти. Бошқалар қаторида, у Совет Иттифоқи агенти ва MI6 Британия разведка агентлигининг собиқ ходими Ким Филбига топширилди. Майкл Глосс Марказий разведка бошқармаси ходими эмас эди, дея аниқлик киритди CBS News.

Глосс — Америка ҳарбий хизматчиларининг ўғли. Жулиан Галлина Глосс Америка Қўшма Штатлари денгиз академиясини тамомлаган ва 1990-йилларда у академия курсантлар корпусининг биринчи аёл қўмондони бўлган. Разведка соҳасида 30 йиллик ишидан сўнг, 2024 йил феврал ойида у Марказий разведка бошқармаси директорининг рақамли инновациялар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Глосснинг отаси Ларри Глосс Қўшма Штатлар денгиз флоти фахрийси бўлиб, АҚШ ҳукумати ва Пентагон учун дастурий таъминот яратувчи тузилмани бошқаради.

Мавзуга оид