Жаҳон | 13:54
2598
9 дақиқада ўқилади

Ғарбий соҳилдаги қувғинлар, Фаластин учун курашаётган Ҳарвард ва портлатилган рус генерали — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғарбий соҳилда минглаб одам қувғинга учрамоқда

Исроил Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилида энг йирик мажбурий кўчириш амалиётини амалга оширди. 1967 йилдан буён илк бор 40 минг фаластинлик ўз уйларидан мажбуран кўчирилди. Оқибатда, минглаб оилалар бошпанасиз қолди.

Қарор Ғарбий соҳилдаги Тулкарм ва Нур-Шамс қочқинлар лагерларига қилинган вайронкор рейдлар ортидан қабул қилинди. Рейдлар натижасида шаҳар ҳудудларида кенг кўламли бузғунчиликлар қайд этилди.

Халқаро кузатувчилар мазкур ҳаракатларни инсон ҳуқуқлари бузилиши деб баҳоламоқда. Улар Исроил ҳукуматига фаластинликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва зўравонликка барҳам бериш чақириқлари билан чиқди.

Ҳарвард Фаластин учун курашда давом этади

АҚШнинг энг қадимий ва бой университети Ҳарвард раҳбари Алан Гарбер таълим муассасаси академик эркинлигини ҳимоя қилишда давом этишини маълум қилди.

Бу баёнот Доналд Трампнинг 9 миллиард долларлик молиялаштиришни музлатиш таҳдиди фонида янгради. Гарбер Ҳарвардда аксилмусулмон ва аксилфаластин чиқишларга қарши кураш бўйича танқидий ва оғриқли ҳисобот тайёрланаётганини эълон қилди.

Келиб чиқиши яҳудий бўлган Гарбер Трампнинг ҳаракатларини ноқонуний, ҳукуматнинг антисемитизм бўйича баҳонасини эса асоссиз деб атади. Унинг таъкидлашича, бу чоралар талабалар, олимлар ва АҚШнинг олий таълими нуфузига жиддий таҳдид солмоқда.

Ҳарвард президенти антисемитизм ва аксилисроил кайфияти ҳамда аксилмусулмон ва аксилфаластин чиқишларга қарши икки алоҳида ҳисобот тайёрланаётганини маълум қилди. Гарбер бу гуруҳлар ўтган йили ташкил этилганини ва уларнинг ҳисоботлари очиқ ва оғриқли бўлишини таъкидлади.

Покистон тотал уруш ҳақида огоҳлантирди

Покистон мудофаа вазири Ҳаважа Асиф мамлакат Ҳиндистоннинг Кашмирдаги терактга алоқадорлик айбловларини қатъий рад этганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу воқеа «бегона байроқ остидаги операция» бўлиши мумкин. Асиф Покистоннинг Кашмирда фаолият юритаётган ҳеч қандай қуролли гуруҳлар билан алоқаси йўқлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳарбийлари барча эҳтимолий тажовузларга тайёр ҳолда. Агар Ҳиндистон томонидан кенг кўламли ҳужум бошланса, Покистон «тотал уруш» билан жавоб қайтаради. Асиф муаммоларни музокара йўли билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаб, халқаро ҳамжамият ва АҚШ ҳукуматини можарони тинч йўл билан ҳал қилиш учун аралашувга чақирди.

Шу билан бирга, Ҳиндистон айбловларини қўллаб-қувватловчи ҳеч қандай далил тақдим этмагани қайд этилди. Аввалроқ «Қаршилик фронти» деб номланган кичик қуролли гуруҳ террорчилик акти учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди. Бу гуруҳ 2019 йилда Кашмирнинг автономияси бекор қилинганидан кейин ташкил этилган.

Путин Трамп вакилини қабул қилди

Россия президенти Владимир Путин Кремлда АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф билан учрашди. Бу ҳақда Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Учрашувда шунингдек президент ёрдамчиси Юрий Ушаков ва инвестиция-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакил Кирилл Дмитриев ҳам иштирок этди. Уиткофф самолёти 25 апрел куни тонгда Внуково аэропортига қўнди.

Бу февралдан бери Путин ва Уиткофф ўртасидаги тўртинчи учрашувдир. АҚШнинг махсус вакили Россия-Украина урушини тўхтатиш бўйича музокараларда фаол иштирок этмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ Россия баъзи тафсилотлар келишилгандан сўнг келишув имзолашга тайёр эканини айтганди. Лавров Трампни «дунёдаги ягона етакчи» сифатида эътироф этган.

Кличко: «Тинчлик учун ерлардан вақтинча воз кечиш мумкин»

Киев мэри Виталий Кличко BBCга берган интервюсида Украина тинчликни таъминлаш мақсадида вақтинча оккупация қилинган ҳудудлардан воз кечиши мумкинлигини билдирди. У бундай қарор «адолатсиз», аммо «вақтинчалик тинчлик учун ечим» бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Кличко Украина халқи ҳеч қачон ўз мамлакатининг бошқа бир давлат томонидан ишғол бўлишини қабул қилмаслигини алоҳида қайд этди. Унинг интервюси Киевга қилинган кучли ракетали ҳужумда 12 киши ҳалок бўлган ва 90 киши жароҳатланган пайтда бўлиб ўтди.

BBC Кличко ва президент Володимир Зеленский ўртасида сиёсий келишмовчиликлар борлигини эслатди. Мэр президент маъмуриятини уни обрўсизлантиришга уринишда айблаб келади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда катта илдамлаш кузатилганини маълум қилди. Унга кўра, Москва бутун Украина ҳудудини босиб олиш режасидан воз кечишга тайёр эканини билдирган.

Трамп буни Россия томонидан «жуда жиддий устуворлик» сифатида баҳолади. Ушбу баёнотлар «Трампнинг тинчлик режаси» атрофидаги фаол муҳокамалар фонида янгради. Режада уруш тугатилган тақдирда Европанинг Украинада ҳарбий куч жойлаштириш эҳтимоли ҳам назарда тутилган.

Балашихада рус генерали портлатилди

25 апрел куни Москва остонасидаги Балашиха шаҳрида автомобил портлаши оқибатида Россия армияси генерал-лейтенанти Ярослав Москалик ҳалок бўлди. У Россия Қуролли кучлари Бош штабининг Бош операция бошқармаси раҳбариятида фаолият юритган.

Маълумотларга кўра, Volkswagen Golf автомашинасига ўрнатилган портловчи мослама масофадан туриб портлатилган. Москалик портлаш пайтида автомобил ёнида бўлган ва зарба оқибатида бир неча метрга отилган. Яқин атрофдаги уйларнинг ойналари ҳам синган.

Тергов қўмитаси генералнинг ўлими фактини тасдиқлади ва қотиллик ҳамда портловчи моддалар муомаласи бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Генерал Москалик аввалроқ Украина билан норманд форматидаги музокараларда ва Суриядаги операцияларда иштирок этган.

Балашихадаги портлаш Россияда юқори лавозимли ҳарбийлар ўлими билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас. 2024 йил декабрида Москвада генерал Игор Кириллов ҳам худди шундай ўлдирилган эди.

Хитой Трамп божларини ҳис эта бошлади

Хитой АҚШ билан савдо уруши кескинлашган бир пайтда иқтисодий қийинчиликларга дуч кела бошлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой маҳсулотларига 145 фоизлик бож жорий этди, бу эса ишлаб чиқариш секторида пасайиш ва экспорт муаммоларини кучайтирди.

Financial Times маълумотига кўра, кўплаб фабрикалар буюртмаларнинг бекор қилиниши ва ишчи қуввати қисқариши билан тўқнаш келди. Apple компанияси Америка бозори учун йиғилишларни 2026 йил охиригача Ҳиндистонга кўчиришини эълон қилди.

Reutersʼнинг ёзишича, маҳаллий корхоналар ички бозор ва Яқин Шарқ, Африка бозорларига мослашишга уринаётган бўлса-да, бу бозорларда каррасига паст талаб, кучли рақобат ва тўлов муаммоларига дуч келмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси ҳам Хитой иқтисодиёти ўсиш прогнозини 4,6 фоиздан 4 фоизга пасайтирди.

Жавоб тариқасида Пекин АҚШ маҳсулотларига 125 фоизлик бож ва нодир металлар экспортига чеклов жорий қилди. Трамп эса божларни пасайтириш эҳтимолини билдирди ва Си Жинпинг билан савдо муносабатларини муҳокама қилганини маълум қилди. Ҳолбуки, улар мулоқот қилишмаган.

Хитой Ойни эгаллаш режасини бошлади

Хитой «Шэнжоу-20» учиш миссиясини муваффақиятли амалга ошириб, Ойда база қуриш мақсадида тайёргарликни бошлади. 25 апрель куни Жюцюан космодромидан Long March-2F ракетаси ёрдамида старт берилди.

Экипажни 46 ёшли тайконавт Чэн Донг бошқармоқда, унинг ёнида илк парвозини амалга ошираётган Чэн Жунгруй ва Ван Же бор. Улар ярим йил давомида орбита станциясида илмий тадқиқотлар олиб боради. Илк бор космосга регенерация қобилиятига эга планария киритилди.

Миссия Ойда яшашга яроқли база қуриш учун технологик пойдевор тайёрлашни мақсад қилган. Хитой шу билан бирга 14 мингта сунъий йўлдошдан иборат тармоқ қуришни бошлади ва халқаро ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Хитойнинг охирги йиллардаги энг йирик ютуқлари орасида «Чанъэ-4»нинг Ойнинг орқа томонига қўниши ва «Чанъэ-6» миссияси орқали ой тупроғидан намуна олиб келингани қайд этилган. АҚШ ва Хитой ўртасида янги Ой пойгаси бошлангани таъкидланмоқда.

Мавзуга оид