Жаҳон | 18:30
1923
2 дақиқада ўқилади

Франциялик олимлар акулалар ҳужумининг ортишига ижтимоий тармоқлар айбдор эканини айтди

Тадқиқотлар давомида аниқланишича, аслида акулалар одамларга ҳужум қилишга мойил эмас, ҳужумларнинг катта қисми — қўрқиб кетган йиртқичнинг ўзини ҳимоя қилиш инстинктидир.

Фото: REUTERS

Франциялик олимлар акулалар хулқ-атвори устида кенг кўламли тадқиқотлар ўтказиб, йиртқичлар ҳужумида кўпинча одамларнинг ўзлари айбдор эканини аниқлади. Сўнгги йилларда тобора кўпайиб бораётган ҳужумлар эса ижтимоий тармоқлар ва таниқли шахслар сабаб юзага келмоқда.

Оролларни ўрганиш ва атроф-муҳит обсерваторияси марказининг катта илмий ходими Эрик Клуанинг таъкидлашича, аслида акулалар одамларга ҳужум қилишга мойил эмас, ҳужумларнинг катта қисми — қўрқиб кетган йиртқичнинг ўзини ҳимоя қилиш инстинктидир. «Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб машҳур инсонлар қилганидек, акулалар хавфсиз эканини исботлашга уриниб, уларнинг елка сузгичига ёпишиб олиш ёки силашни тавсия қилмайман», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, одамлар Йоркшир терери ва питбулни фарқлай олади, шу боис уларнинг иккинчисини силаш учун ёнига бормайди. Аммо акулаларни умуман фарқлай олмайдиганларда бу мантиқ негадир ишламай қолади.

Тадқиқотда таъкидланишича, акулалар одатда хавфни ҳис қилса, ҳужум уюштиради. Қурбонлар асосан туристлар, шунингдек, очиқ денгиздаги балиқчилар бўлади — акулалар уларни егулик ёки ўз ҳудуди учун рақиб сифатида қабул қилади. Шу билан бирга, олимларнинг аниқлашича, акулалар ўзини ҳимоя қилиш вақтида ҳеч қачон дарҳол ҳужумга ўтмайди, аввалига одам билан алоқадан қочишга уринади. Бу каби ҳолатда улар қаттиқ тишламайди ва оғир жароҳатларни юзага келтирмайди. Бу акулаларнинг ов вақтидаги ҳужумларидан бутунлай фарқ қилади — бундай ҳолатда ўлжа ўлдирилиши ва ейилиши керак.

Мавзуга оид