Жаҳон | 18:09
1401
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Кашмирда сайёҳларга уюштирилган ҳужумдан кейин покистонликлар визасини бекор қилди

Ўз навбатида Покистон ҳинд авиакомпаниялари учун ҳаво маконини ёпди ва мамлакат билан барча савдоларни тўхтатиб қўйди.

Фото: Imran Nissar

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон фуқароларидан 27 апрелга қадар мамлакатни тарк этишларини талаб қилди. Уч кун ичида покистонликларга берилган барча визалар бекор қилинади.

Қайд этилишича, Ҳиндистон томонидан Покистон фуқароларига берилган амалдаги барча визалар 27 апрелдан бошлаб бекор қилинади. Тиббиёт визалари 29 апрелга қадар амалда бўлади. Ҳиндистонда бўлиб турган Покистон фуқаролари виза муддати тугагунга қадар мамлакатни тарк этишлари керак.

Покистон бунга жавобан Ҳиндистон билан барча савдоларни тўхтатиб қўйди ва «Ҳиндистон томонидан фойдаланиладиган ёки унга тегишли» барча авиакомпаниялар учун ҳаво маконини ёпди. Исломобод, шунингдек, Ҳиндистон фуқароларига Покистонни тарк этишни буюрди ва ўз навбатида визалардан озод этиш дастури (SAARC) доирасида берилган визаларнинг амал қилиш муддати тўхтатилганини эълон қилди.

Бундан ташқари, Покистон Исломободдаги мудофаа, ҳарбий-денгиз кучлари ва авиация масалалари бўйича ҳиндистонлик маслаҳатчиларни «персона нон грата» деб эълон қилди.

22 апрел куни Кашмирнинг Ҳиндистондаги қисмида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳини ўққа тутиши оқибатида 26 киши ҳалок бўлди, 17 киши яраланди. Ҳодиса Пахалгам шаҳри яқинида — мамлакатнинг энг машҳур сайёҳлик нуқталаридан бирида юз берди.

Ҳинд куч тузилмаларининг тахминича, ҳужумни олти нафар жангари уюштирган. Улар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб ҳаракатланаётган сайёҳларга ўт очган. Ҳужум учун масъулиятни «Кашмир қаршилиги» қуролли гуруҳи ўз зиммасига олган. Ҳиндистон ҳужумни Покистон билан боғламоқда. Бош вазир Нарендра Моди ҳужумни теракт деб атади ва айбдорлар «жавобгарликка тортилишини» маълум қилди. Покистон ҳукумати ҳужумга алоқаси борлигини рад этди.

Мавзуга оид