Жамият | 07:53
1616
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ўткир тиғларни ноқонуний олиб юрган 147 нафар шахс аниқланди

«Тиғ» махсус профилактик тадбирида 149 дона ўткир тиғли ашё (совуқ қурол) аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Фото: ИИББ

Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбири доирасида «Тиғ» махсус профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар берди.

Қайд қилинишича, тадбир давомида кўча ва жамоат жойлари, шунингдек бошқа ҳудудларда ўткир тиғли ашёларни ноқонуний равишда олиб юрган 147 нафар шахс аниқланди. Улардан умумий ҳисобда 149 дона ўткир тиғли ашё (совуқ қурол) аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Аниқланган ашёлардан 137 таси пичоқ, 4 таси кастет 2 таси бита, қолган 6 таси бошқа кўринишдаги тиғли жисмларни ташкил қилган. Таъкидланишича, тадбир натижасида эҳтимолий ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олди олинди.

Маълумот берилишича, қонунга хилоф равишда совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 дан 5 бараваригача бўлган миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид