Жаҳон | 15:18 / 20.04.2025
2308
4 дақиқада ўқилади

Римда Эрон ва АҚШ ўртасида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди

Яна «конструктив муҳит» ҳақида гапиришмоқда, аммо жиддий ютуқлар йўқ.

Фото: Reuters

Римда Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди якунланди. Эрон расмий матбуоти музокаралар «конструктив муҳит»да ўтганини ёзмоқда, бироқ ютуқлар ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаяпти.

Бир ҳафта олдинги биринчи раунд сингари, янги учрашув ҳам Ўмон воситачилигида бўлиб ўтди, аммо бу сафар Маскатда эмас, балки Ўмоннинг Италиядаги элчиси қароргоҳида. Бу сафарги музокараларда ҳам Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ва Трамп маъмуриятининг кўплаб мураккаб дипломатик музокараларида иштирок этиб келаётган махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди. Мулоқот тўрт соат давом этди, деб хабар берди Эрон давлат телевидениеси, кейинроқ АҚШ маъмуриятидаги манба ҳам бу маълумотни AFP агентлигига тасдиқлади.

Томонлар яқин кунларда техник даражадаги муҳокамаларни қайта бошлашга, сўнгра 26 апрел куни икки катта музокарачи даражасида давом эттиришга келишиб олди, деб ёзди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Х ижтимоий тармоғида. Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги эса аниқлик киритиб, навбатдаги раунд ҳам худди биринчиси каби Маскатда ўтказилишини маълум қилди.

Музокаралар Эрон ядро дастурига оид. Теҳрон ўз ядро дастури фақат тинч мақсадларга қаратилганини айтиб келади, бироқ Халқаро атом энергетикаси агентлиги маълумотларига кўра, Эрон аллақачон юқори даражада бойитилган ураннинг катта миқдорига эга, бу эса унга қисқа вақт ичида ядровий қурол яратиш имконини беради. 2018 йилда, Доналд Трамп ўзининг биринчи муддатида АҚШни кўп томонлама ядровий келишувдан олиб чиққанидан бери Эрон ядровий дастури сезиларли даражада олдинга силжиди. Трамп Эрон билан келишувга эришилмаса, ушбу давлат билан уруш бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

«Бу сафар биз бир қатор тамойиллар ва мақсадлар бўйича бир-биримизни яхшироқ тушунишга эришдик», – деди Арақчи Эрон телевидениесига.

Ўмон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти, айниқса, оптимистик руҳда: унда айтилишича, музокаралар «тезлашмоқда ва энди эҳтимолдан йироқ нарсалар бўлиши ҳам мумкин». Унда айтилишича, музокараларнинг мақсади «Эроннинг ядро қуроли ва санкциялардан тўлиқ озод бўлишини ва тинч атом энергетикасини ривожлантириш қобилиятини сақлаб қолишини таъминлайдиган адолатли, узоқ муддатли ва мажбурий келишувдир».

Шу билан бирга, томонлар ҳатто музокараларни ташкил этиш схемасини ҳам турлича талқин қилишади. Теҳрон уларни билвосита деб атамоқда: Эрон ТИВ вакилининг сўзларига кўра, шанба куни икки делегация яна Ўмоннинг Римдаги элчиси қароргоҳида «икки хил хонада» бўлган, Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий эса уларнинг хабарларини бир-бирига етказиб турган.

Вашингтонда учрашув натижалари анча кейин ва аноним тарзда изоҳланди. Маъмуриятдаги юқори манбанинг ахборот агентликларига айтишича, «яхши силжиш»га эришилган ва муҳокама «тўғридан тўғри ва билвосита» олиб борилган.

Маъмурият тўғридан тўғри мулоқотни афзал кўришини бир неча бор таъкидлаган. Маълумки, Маскатдаги сўнгги учрашувда Уиткофф ва Арақчи анча қисқа вақт – Axios маълумотларига кўра, 45 дақиқа юзма-юз суҳбатлашганди.

Мавзуга оид