Тошкентда номаълум шахс сохта қурол билан банкни ўмармоқчи бўлди
Юнусобод туманида қора ниқоб таққан шахс сохта қурол билан банк хизматлари марказига бостириб кирди. Фавқулодда қўнғироқ асосида ҳодиса жойига етиб келган Қўриқлаш хизмати ходимлари гумонланувчини қўлга олди.

Фото: Қўриқлаш хизмати
Тошкентда банк хизматлари марказига уюштирилган босқинчилик ҳаракати юзасидан маълумот берилди.
Қайд этилишича, 18 апрел куни соат 16:30 дан 17:00 гача бўлган вақт оралиғида «Трастбанк» хусусий акциядорлик банкининг Юнусобод тумани Мойқўрғон кўчаси, 39-уйда жойлашган «Туркистон» банк хизматлари марказига номаълум шахс томонидан ҳужум уюштирилган.
Ушбу шахс қора ниқоб кийган ҳолда дастаси қора изоляцион лента билан ўралган сохта қуролдан фойдаланиб, босқинчилик ҳаракатини амалга оширмоқчи бўлган.
Бироқ банк ходимлари томонидан юборилган фавқулодда қўнғироқ асосида зудлик билан ҳодиса жойига ИИВ Қўриқлаш хизмати ходимлари етиб келиб, босқинчилик ҳаракатини бартараф этган ва гумондор шахсни қўлга олган.
Ҳодиса оқибатида юқоридаги шахс томонидан банк хизматлари маркази биносининг кириш эшиги ойнасига шикаст етказилган. «Банк ходимлари ва мижозларига ҳамда БХМ кассасида мавжуд бўлган пул маблағларига ҳеч қандай зиён етказилмаган. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Мавзуга оид

22:35 / 05.07.2025
Тошкентда тиланчилик билан шуғулланган 70 кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

11:06 / 05.07.2025
Атирау-Тошкент йўналиши бўйича авиарейслар йўлга қўйилади

14:31 / 04.07.2025
Тошкент метросининг 13 та бекатида вестибюлнинг бир томонидаги касса ёпилди

19:49 / 03.07.2025