Ғазода тинчликка янги умид, Туркия таъсиридан хавотирга тушган Исроил ва Трампдан Путинга сўнгги муҳлат — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазода тинчликка янги умид
14 апрел куни Исроил Ғазодаги урушни тўхтатиш бўйича янги таклифни ҲАМАСга етказди. Ҳаракат ҳужжатни кўриб чиқмоқда ва яқин кунларда жавоб бериши кутилмоқда. Аммо келишувга умид ҳали паст.
Исроилнинг асосий талаби — ҲАМАСнинг тўлиқ қуролсизланиши ва 11 нафар исроиллик асирни топшириш. Бунга жавобан Тел Авив 45 кунлик урушни тўхтатишга рози. ҲАМАС буни «миллионта қизил чизиқ» деб атади ва рад этди.
Сиёсий ва ҳарбий тортишувлар Қоҳира ва Париждаги музокараларни тўхтатди. 18 мартдаги сўнгги келишув бузилгандан сўнг Исроил қайтадан ҳужумни бошлади. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 7 октябрдан буён 51 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Исроил ҳозирда Ғазонинг атрофига буфер зона қурмоқда ва Рафаҳ–Хон Юнус орасидаги уйларни бузмоқда. Тинчлик учун имконият жуда заиф кўринмоқда.
Исроил Туркия таъсиридан хавотирда
Исроил расмийлари Туркия ва Қатарнинг янги газ лойиҳаси орқали Европага таъсирини оширишидан хавотирда, деб ёзади Yediot Ahronot. Гап Қатар газини Сурия ва Туркия орқали Европага етказиш режаси ҳақида бормоқда. Лойиҳа 2009 йилда музлатилган, аммо ҳозир қайта жонланмоқда.
Тел Авив аввалроқ ўз углеводородларини Ҳайфа порти орқали сотишни режалаштирган эди. Бироқ Суриядаги уруш ва Туркия-Дамашқ алоқаларининг тикланиши бу режани мураккаблаштирди. Исроил дипломатлари Анқара билан алоқаларни мустаҳкамлашни тавсия қилмоқда, чунки Туркия Суриядаги асосий ўйинчига айланган.
Газетада Исроилнинг Сурияга нисбатан аниқ стратегияси йўқлиги, уруш давомидаги авиаҳужумлар ортидан янги низолар келиб чиқиши мумкинлиги қайд этилган. Лойиҳа амалга ошса, Исроил бир вақтнинг ўзида Ғазо, Ливан ва эҳтимол Туркия фронтида муаммоларга дуч келиши мумкин.
АҚШ Сумига ҳужумни қоралашдан бош тортди
Вашингтон G7 иттифоқчиларига Россиянинг Сумига қилган ракета ҳужумини қораловчи баёнотга қўшилмаслигини маълум қилди. Bloomberg манбаларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти бу қарорни Россия билан тинчлик музокаралари учун «имкон сақлаш» зарурати билан изоҳлаган.
G7’нинг жорий раиси сифатида Канада баёнотни АҚШ розилигисиз қабул қилишни бемаънилик деб атаган. Баёнотда ҳужум Россиянинг урушни давом эттириш нияти борлигини кўрсатиши таъкидланиши керак эди.
Сумига 13 апрелда қилинган зарба оқибатида 36 киши ҳалок бўлган, 100 дан зиёд инсон яраланган. Украина президенти Зеленскийнинг айтишича, ҳужумдан сўнг 50 га яқин давлат ва ташкилотлар Украинага ҳамдардлик билдирган.
Трамп эса Patriot тизимлари сотилишига оид саволга жавобан «Украинадаги урушга менинг дахлим йўқ», деган ва уруш бошланишида Байден ҳамда Зеленскийни айблаган.
Трамп Путинга муҳлат белгилади
АҚШ президенти Доналд Трамп Россия раҳбари Владимир Путин учун Украина бўйича тинчлик музокаралари бўйича «психологик дедлайн» белгилаганини маълум қилди. У Truth Social саҳифасида «Россия тезроқ ҳаракат қилиши керак», дея ёзди. Axios манбасига кўра, Трамп маъмурияти апрел охирини келишув учун сўнгги имконият сифатида кўрмоқда.
Агар Москва тинчликка интилиш белгисини намоён этмаса, Трамп янада қаттиқ санкциялар жорий этишини ваъда қилган. 20 апрел — Пасха эҳтимолий муддат сифатида тилга олинмоқда.
Сиёсий музокаралар фонида Россия Запорижжя ва Харкивда ҳужумни давом эттирмоқда. Украина армияси етишмовчиликларга дуч келаётгани, майда янги босқич бошланиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
АҚШ Украинадан беш ҳудудни талаб қилмоқда
АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф Россия билан тинчлик келишуви фақат «беш ҳудуд»ни Россияга топшириш шартида имзоланиши мумкинлигини билдирди. Гап Қрим, Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон ҳақида кетмоқда.
Fox News эфирида Уиткофф «тарихий келишув» яқин эканини айтди. Унга кўра, келишув орқали АҚШ ва Россия муносабатлари ҳам қайта тикланиши мумкин. Reuters ёзишича, президент Доналд Трамп ушбу сценарийни қўллаб-қувватламоқда.
Бироқ The Wall Street Journal маълум қилишича, АҚШдаги юқори лавозимли амалдорлар, хусусан, давлат котиби Марко Рубио бундай йўл тутишга қарши.
Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткоффнинг «бешта ҳудуд» тўғрисидаги баёнотига жавобан, ҳеч қандай ерни Россияга беришни қабул қилмаслигини билдирди. Унга кўра, мамлакат ҳудудий яхлитлиги — музокаранинг эмас, халқнинг ўз қарашлари билан ҳал этиладиган масала.
«Алалоқибат, кимдир ўз ваколатидан ташқаридаги масалаларни муҳокама қилаётганини кўряпмиз. Биз учун вақтинча оккупация қилинган ҳудудларни Россияники деб тан олиш — қабул қилиш имконсиз бўлган «қизил чизиқ», — деди Зеленский НАТО бош котиби Марк Рютте билан Одессадаги учрашувда.
9 май учун Киев ва Москва талашмоқда
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Европа Иттифоқи етакчиларини 9 май куни Киевга таклиф қилди. Бу санада Москвада анъанавий ҳарбий парад ўтади. Киев ташаббуси Европа билан дипломатик бирдамликни намоён этиш ва Россия тантаналарига муқобил тадбир нишонлаш мақсадини кўзлайди.
Сибига бу таклифни Люксембургдаги учрашувда билдирган. Politico нашрининг ёзишича, Киевга май ойида Германиянинг бўлажак канцлери Фридрих Мерц ташриф буюриши мумкин. «Кўнгиллилар коалицияси» деб номланган гуруҳ доирасида Украина хавфсизлигига кафолатлар муҳокама этилади.
Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас 9 майда Москвадаги парадда иштирок этишдан воз кечишга чақирди. Россия эса Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Сербия ва Словакия етакчиларини Москвага таклиф қилди. Россия парламенти спикери Володин Калласни танқид қилиб, уни вазифасидан четлатишни талаб қилди.
Украина дронлар билан Курскка ҳужум қилди
Суми шаҳрига православ насронийлар учун муқаддас бўлган якшанба куни қилинган ракетали ҳужумдан сўнг, Украина Россиянинг Курск областига 100 дан ортиқ дрон билан зарба берди. Бу Россиядаги энг йирик дрон ҳужумларидан бири сифатида қайд этилди. Курскда 85 ёшли аёл ҳалок бўлди, тўққиз киши жароҳат олди, бир нечта уй ва «тез ёрдам» машиналари зарар кўрди.
Россия томони Сумига уюштирилган авиаҳужумни украин ҳарбийлари йиғинига қилинган зарба деб баҳолади. Киев эса буни тинч аҳолига қасддан қилинган ҳужум, деб ҳисобламоқда. Украина ҳужумда 36 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилди.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россия тинчлик эмас, урушни давом эттиришни истаётганини таъкидлади. Москва эса «жанжал сабаблари бартараф этилса», тинчликка тайёр эканини билдирмоқда.
Гренландия Трампга қанчага тушади?
Доналд Трампнинг Гренландияни харид қилиш режаси АҚШга камида 2,2 млрд долларга тушиши мумкин, деб ёзмоқда Newsweek. Бу маблағ нафақат биринчи тўлов, балки Гренландия аҳолисига ҳар йиллик субсидияларни ҳам ўз ичига олади.
Гренландия — Данияга қарашли мухторият бўлиб, стратегик жойлашуви ва табиий ресурслари билан АҚШ учун муҳим ҳудуд ҳисобланади. 1946 йилда Гарри Трумэн бу орол учун 100 млн доллар таклиф қилган, бу инфляция ҳисобида ҳозирги 1,6 млрд долларга тенг.
2019 йилда Трамп маъмурияти «миллиардлаб долларлик инвестиция» ваъда қилган. Энди эса Трамп гренландияликларнинг ишончини қозониш мақсадида Даниянинг 600 млн долларлик йиллик ёрдамига нисбатан кўпроқ маблағ ваъда қилмоқчи.
Агар Копенҳаген музокарадан бош тортса, Трамп Дания дори-дармонларига 25 фоизлик бож жорий этишни кўриб чиқмоқда. Европа Иттифоқи эса бу режаларга кескин қарши чиқмоқда.
Франция қамоқхоналарига қўрқинчли ҳужумлар
15 апрел куни Францияда бир неча қамоқхоналарга бир вақтда ҳужум қилинди. Автомобиллар ёқиб юборилди, автоматлардан ўқ узилди. Бу жиноий ҳаракатлар наркотик савдосига қарши қўйилган қаттиқ чораларга жавоб сифатида баҳоланмоқда.
Тулондаги қамоқхона дарвозаларига Калашниковдан ўқ узилган, Люин ва Валанседа турма ёнидаги машиналар ёқиб юборилган. Париж яқинидаги Нантер, Вилпент ва Ним шаҳарларида ҳам жазони ижро этиш муассасаларига шикаст етказилган. Марселда эса «Франция маҳбуслари ҳуқуқлари учун» деган ёзув қолдирилган.
Франция Адлия вазири Жеральд Дарманен турма ходимларига таҳдид қилинганини тасдиқлаб, ҳукумат наркомафияларини бутунлай йўқ қилиш чораларини кўраётганини айтди.
BFMTV манбалари ҳужумлар яхлит ва олдиндан режалаштирилганини маълум қилди. Уларга кўра, бу ҳужумлар наркотрафикчилар учун махсус режимдаги қамоқхоналар қуриш режаларига жавоб бўлган.
Мавзуга оид

13:55 / 17.04.2025
Инсонпарварлик ёрдамисиз қолган Ғазо, урушдан миллиардларни ишлаётган КХДР ва сулҳ имзолашга тайёр Арманистон — кун дайжести

13:45 / 15.04.2025
Ғазодаги стратегияни ўзгартираётган Исроил, яна Зеленскийни айблаган Трамп ва АҚШдан божларни бекор қилишни сўраган Хитой — кун дайжести

13:23 / 14.04.2025
ҲАМАСнинг омон қолган туннеллари, Суми шаҳрига вайронкор ҳужум ва Байден санкцияларини узайтирган Трамп — кун дайжести

14:26 / 12.04.2025