Тошкентда Ўрта транспорт йўлаги истиқболлари муҳокама қилинди
10 апрел куни Тошкентда бўлиб ўтган конференцияда транспорт логистикаси соҳасидаги мутахассислар Ўрта транспорт йўлаги орқали юк ташиш имкониятларини муҳокама қилди.
«Геосиёсий турбулентлик шароитида муқобил халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш ва Ўрта йўлакни ривожлантириш» мавзусидаги конференцияда Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқи ўртасидаги эҳтимолий юк оқими нопропорционал тақсимланганига урғу берилди.
«Айни пайтда юк ташишнинг асосий қисми — 93 фоиздан ортиғи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Туркманистон улуши — 3 фоиз, Ўзбекистон — 2,3 фоиз, Қирғизистон — 1,1 фоиз ва Тожикистон — 0,03 фоиз», — деди эксперт Умидулла Иброҳимов.
Анжуманда ташкилотчилар Ўрта йўлакни ривожлантириш истиқболларига бағишланган таҳлилий ҳисоботни тақдим этишди. Унга кўра, Марказий Осиёни Европа билан боғловчи транспорт йўналишлари учта йўналишда шаклланган: Шимолий, Ўрта ва Жанубий. Бу коридорлар орқали юк ташишнинг 80 фоизга яқини темирйўл транспорти ҳиссасига тўғри келади.
Марказий Осиё мамлакатларининг жаҳон транспорт хизматлари экспортидан оладиган умумий даромаддаги улуши 1 фоиздан ошмайди.
Хитой ва Россия билан умумий юк ташиш ҳажмида Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчи. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон улуши нисбатан паст. Эрон билан юк алмашинувида эса Туркманистон етакчи — умумий юк ҳажмининг 45,8 фоизи шу давлат ҳиссасига тўғри келади.
Марказий Осиё ҳудудида етарлича фойдаланилмаган транзит салоҳияти мавжуд. Ушбу имкониятларни ривожлантириш Евросиё минтақалари ўртасидаги товар айланмасини кескин ошириши мумкинлиги қайд этилди.
Шимолий транспорт йўлаги: мутахассислар фикри
Марказий Осиё – Россия – Беларус – Европа йўналиши бўйлаб мавжуд ташиш қуввати бўйича Марказий Осиёдан Европага юк ташиш ҳажми 16 млн тоннага етади, келгусида эса бу кўрсаткични йилига 25 млн тоннагача ошириш имкони бор.
- Коридордаги барча мамлакатлар 1520 мм.лик ягона темирйўл тармоғи билан боғланган бўлиб, юклар фақат темирйўл орқали ташилади;
- Барча темирйўл тизимлари ўзаро интеграциялашган. Транспорт ҳуқуқи, иқтисодиёти ва технология бўйича ягона ёндашув қўлланади. Ташишлар Халқаро темирйўл юк ташуви тўғрисидаги келишув бўйича ягона ҳужжат асосида амалга оширилади;
- Коридор Қозоғистон орқали Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари билан боғланади;
- Шунингдек, коридор Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш имконига эга. Бу Шимолий Европа, Россия ва бошқа давлатларни Ҳиндистон яриморолининг 1,5 миллиардлик бозори билан боғлаб, Марказий Осиёни минтақалараро савдога жалб қилади.
Ўрта транспорт йўлаги: мутахассислар таҳлили
Марказий Осиё – Каспий денгизи портлари – Озарбойжон – Гуржистон – Туркия – Европа йўналишидаги Ўрта йўлакнинг ташиш қуввати Марказий Осиёдаги тармоқларга боғлиқ ҳолда йилига 2 млн тоннадан 10 млн тоннагачани ташкил этади. Режага кўра, бу кўрсаткични 25 млн тоннагача ошириш кўзда тутилган.
Йўлакнинг асосий муаммолари:
- иккита денгиз (Каспий ва Қора денгиз)да қайта юклаш зарурати;
- Каспий денгизининг саёзлашиш муаммоси;
- Каспийда об-ҳаво шароитига боғлиқ узилишлар;
- Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ темирйўлларининг Каспий ва Қора денгизлардаги денгиз ташишлари ҳамда Европа Иттифоқи темирйўл тизимлари билан етарлича интеграциялашмагани. Бу транспорт ҳуқуқи, иқтисоди ва технологияда турли ёндашувларни келтириб чиқаради;
- коридор бўйича юк оқимининг асосан Хитой – Европа йўналишига қаратилиши ва бу жараённинг асосан Қозоғистон орқали амалга оширилаётгани.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли ва Хитой–Тожикистон–Ўзбекистон автойўли қурилган тақдирда ҳам, Хитой–Қозоғистон–Каспий портлари–Ўрта йўлак маршрутидан юк оқимини тўлиқ Ўзбекистон орқали йўналишга ўтказиш кутилмаяпти.
Чунки Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон орқали шакллантирилаётган йўлаклар масофа жиҳатдан қисқалигига қарамай, учта тоғли довон ва олтита давлатлараро назорат пунктини ўз ичига олади. Қозоғистон орқали йўналишда эса фақат иккита давлатлараро нуқта ва текис ерда тезкор юк ташиш имконияти мавжуд.
Жанубий транспорт йўлаги: мутахассислар баҳоси
Марказий Осиё – Эрон – Туркия йўналишидаги Жанубий коридор орқали юк оқими ҳозирча паст даражада. Юк ташиш салоҳияти 1,8 млн тоннагача бўлса-да, бир қатор тўсиқлар мавжуд.
Асосий муаммолар:
- 1520 мм ва 1435 мм кенгликдаги темирйўл стандартларидаги фарқ;
- темирйўл тизимлари ўртасида транспорт ҳуқуқи, иқтисоди ва технология бўйича умумий стандартлар мавжуд эмаслиги;
- темийўл маъмуриятларини мувофиқлаштирувчи халқаро ташкилот йўқлиги;
- ягона халқаро юк ҳужжатининг (накладной) йўқлиги;
- вагонлар ва ташиш жараёнини мувофиқлаштириш воситалари мавжуд эмаслиги.
Аммо Жанубий йўлак катта ривожланиш салоҳиятига эга. Айниқса, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилгандан сўнг, қисқа ва мономодал йўналиш фаолият бошлайди. Шунингдек, Хитойдан Тожикистон орқали Ўзбекистон чегарасигача бўлган халқаро автомагистрал қурилса, энг қисқа мултимодал йўл шаклланади.
Бу йўлак Хитойни нафақат Европа ва Яқин Шарқ билан, балки Исроил ва Миср ўртасида етишмаётган темирйўл участкаси қурилса, Африка темирйўллари билан ҳам боғлаши мумкин. У Евросиё минтақалари ва Африкани боғловчи қуруқликдаги «кўприк» вазифасини ўташи мумкин.
Жанубий йўлак Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлар учун транспорт хизматлари экспортини бир неча бараварга ошириш орқали иқтисодий ўсиш драйверига айланиши мумкин.
Юқоридаги таҳлилий ҳисобот Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Озарбойжон мутахассислари, шунингдек, халқаро маслаҳатчилар иштирокида тайёрланган Хулосалар Тошкентда ўтказилган конференцияда тақдим этилган.
Аввалроқ Россия ва Ўзбекистон Трансафғон темирйўли лойиҳаси бўйича ҳамкорликни кенгайтириши хабар қилинган эди.
Мавзуга оид

20:36 / 15.04.2025
Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?

19:45 / 15.04.2025
ЕОИИ Марказий Осиё интеграциясига монелик қилувчи омил бўлиши мумкин — Фарҳод Толипов

09:45 / 11.04.2025
Транспортни пиёдалар йўлакларидан юргизганлик учун жавобгарлик белгиланди

11:43 / 10.04.2025