Жаҳон | 20:57 / 14.07.2025
2629
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Зангезур йўлагини 100 йилга ижарага олмоқчи

Озарбойжоннинг ғарбий вилоятлари ва унинг эксклави – Нахчиван Мухтор Республикасини боғловчи, Арманистоннинг Сюник вилояти орқали ўтувчи йўлак бўйича можаро 10 йилдан бери давом этмоқда. АҚШ уни ижарага олиш орқали муаммони ҳал қилмоқчи.

Фото: AFP

Қўшма Штатлар Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги Зангезур йўлаги устидан назоратни ўз зиммасига олишга тайёр, агар бу боши берк кўчага кириб қолган арман-озарбойжон музокараларини олға силжитишга ёрдам берса. Бу ҳақда Туркиядаги АҚШ элчиси Том Барак журналистларга маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон Зангезур йўлагини 100 йилга ижарага олишга тайёр.

«Улар (Арманистон ва Озарбойжон) 32 км йўл устида баҳслашмоқда, лекин бу ҳазил эмас. Бу ўн йилдан бери давом этмоқда — 32 км йўл. Кейин Америка келиб, яхши, биз буни ўзимизга оламиз, дейди. Бизга 32 км йўлни 100 йилга ижарага беринг, шунда можарога барҳам берилади», деди элчи.

Американинг хусусий компанияси ушбу лойиҳани амалга оширишда кафил бўлиши мумкин, деб ёзди Middle East Eye. Ташаббус Туркиядан чиқди ва АҚШ унинг таклифига рози бўлди, деб аниқлик киритди нашр манбаси. Бироқ Арманистон ушбу компания йўлнинг Нахчивандан ўтувчи қисмида ҳам ишлаши кераклигини таъкидлаган. Озарбойжон эса буни қабул қилиб бўлмайдиган аралашув сифатида баҳолаган.

Зангезур йўлаги – Озарбойжоннинг ғарбий вилоятлари ва унинг эксклави – Нахчиван Мухтор Республикасини боғловчи, Арманистоннинг Сюник вилояти орқали ўтувчи логистика йўналиши лойиҳаси.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз мамлакатининг Зангезур йўлагига қизиқишини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа стратегик ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, унинг очилиши бутун минтақа учун янги имкониятлар яратади.

Арманистон лойиҳанинг «Дунё чорраҳаси» деб номланишини истамоқда, чунки «Зангезур йўлаги» атамаси Сюник минтақаси суверенитетига тажовуз қилади. Озарбойжон эса йўлак Арманистоннинг тўлиқ назорати остига ўтказилмаслигини таъкидлайди: Боку Ереван бу йўлакка тўсиқсиз киришни кафолатлай олмайди, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид