Жаҳон | 16:50 / 15.04.2025
5687
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг собиқ президенти учун 11 йил қамоқ жазоси сўралди

Алмазбек Атамбаев 2019 йил августида Қўй-Тошда юз берган қонли воқеалар бўйича судланмоқда.

Фото: 24.kg

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва яна бир қанча шахслар Бишкекда 2019 йил август ойидаги Қўй-Тош воқеалари учун судланмоқда. Прокурор собиқ президентни 11 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради, деб ёзди 24.kg.

Айблов томони, шунингдек, Атамбаевнинг собиқ қўриқчиси Канат Сағимбаевни 11,5 йилга, президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов, парламентнинг собиқ аъзоси Равшан Жеэнбеков ва Атамбаевнинг партиядоши Фархат Баабиевнинг ҳар бирига 10 йиллик қамоқ жазоси сўраган.

Қўй-Тошдаги воқеалар бўйича иш яна иккита бошқа иш билан бирлаштирилди – ноқонуний ер участкалари ва Бишкек ИЭСга кўмир етказиб бериш билан боғлиқ.

Алмазбек Атамбаев 2011-2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган, ҳокимият Сооронбай Жеэнбековга ўтганидан кейин уларнинг муносабатлари ёмонлашган ва Атамбаев мухолифатга ўтган. 2019 йилда унинг дахлсизлиги олиб ташланган ва у бир қанча жиноятларда, жумладан, криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишда айбланган.

2019 йил 7 август куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) махсус бўлинмалари Атамбаевни сўроққа олиб кетиш учун унинг Қўй-Тошдаги қароргоҳига бостириб киришга уринган. Бироқ унинг тарафдорлари қаршилик кўрсатган, оқибатда махсус бўлинманинг бир аскари ҳалок бўлган ва ГКНБ олти нафар ходими гаровга олинган.

Эртаси куни хавфсизлик кучлари такрорий операция ўтказиб, Атамбаевни қўлга олди. Тўқнашувлар чоғида собиқ президент тарафдорлари хавфсизлик кучларига ўт қўйган ва тош отган. 7-8 август воқеалари чоғида 225 киши, жумладан, Ички ишлар вазирлигининг 91 нафар, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 40 нафар ходими жароҳатланган.

Атамбаев 2020 йил июнь ойида Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишда айбдор деб топилиб, мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш билан 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. 2023 йил 13 февралда Қирғизистон Олий суди янги очилган ҳолатлар туфайли ҳукмни бекор қилди ва эртаси куни Атамбаевга хорижга чиқишга рухсат берилди.

2023 йил 14 февраль куни у колониядан озод қилинди ва даволаниш учун чет элга учиб кетди.

Мавзуга оид