Жамият | 11:39 / 14.04.2025
4319
5 дақиқада ўқилади

“Патирхонам бўлишини орзу қилардим” – патирчи аёллар туманидан репортаж

Бухоро вилоятининг Пешку тумани ўзининг патирлари билан машҳур. Бундан 1-2 йилча олдин аёллар асосан уйларида патир ёпган бўлса, ҳозир тандирлар кўчаларга кўчган. Шундай патирхоналардан бирини 35 ёшлар атрофидаги Дилфуза ҳам ижарага олган. Аёл азонлаб туриб, хамир қоради, эрталаб соат 8-9 гача патирлар тандирдан узилади. Иш, ўқиш, мактабга кетиш олдидан одамлар патирхонага югуради.

Бухоро вилоятининг Пешку тумани марказига кириб бораверишингиз билан йўл чеккасида қурилган тандирлар кўринади. Бу туман ўзининг патирлари билан танилган. Тандирлар ёнида куймаланиб юрган аёлларга кўзингиз тушади. Бундан 1-2 йилча олдин аёллар асосан уйларида патир ёпган бўлса, ҳозир тандирлар кўчаларда ва бу бизнесга айланиб ҳам улгурди. Уйда патир ёпиш бир аёлнинг 1 кунини олади. Ҳозир эса аёлларнинг иши енгиллашган. Тайёр патирлар кўчада сотилади. Тумандагиларинг айтишича, сотиладиган патирларининг мазаси ҳам уйда пишириладигандан кам эмас.

Туман марказининг ўзида 10 га яқин патирхоналар очилган. Шундай патирхоналардан бирини Дилфуза ҳам ижарага олган. Аёл азонлаб туриб, патир қоради, эрталаб соат 8-9 гача патирлар тандирдан узилади. Иш, ўқиш, мактабга кетиш олдидан одамлар патирхонага югуради. Патирлар донаси 15 минг сўмдан. Тўғри, бу туман аҳолиси даромади учун бироз қимматлик қилиши мумкин. Лекин Дилфузанинг айтишича, патирлар кечгача қолмай сотилиб кетади.

Бир кунда 50-60 донагача патир пиширамиз. Унинг ёнида нон ҳам пиширамиз. Патирлар кўпроқ сотилади. Чунки эрталаб кўп оилаларда ширчой пишади. Бизда ширчойни патир билан ейиш анъанага айланган”, – дейди аёл.

Дилфуза олдин патирчи аёллар билан ишлаган. Ишни яхши ўрганиб, кейин ўзи ҳам патирхона очишга қарор қилган.

Ўзимнинг ҳам шахсий патирхонам бўлишини орзу қилардим. Қишлоғимиздаги патирхонани ижарага олиб, иш бошладим. Мен билан яна 2 киши ишлайди. Уларга кунлик 40-50 минг сўмдан тўлайман. Баҳонада улар ҳам банд бўлади, ҳам пул ишлайди”, – дейди Дилфуза.

Аёл тумандаги патирлар нега машҳурлиги ҳақида ҳам гапириб ўтди. Унинг айтишича, ёғланиши ва кўп дам олдириб тайёрланиши патирлар мазасини такрорланмас қилган.

Патирлар қорилганидан кейин бироз дам олади, кейин 1 килограммли майда зувалаларга бўлинади. Яна дам олдирилади. Кейин майин қилиб ёйиб, уларга мой сурилади. Шундан кейин яна дам олдирилади. Кейин тандирга сиғадиган ҳажмда айлана қилиб ёйилиб, яна дам олишга қўйилади. Кейин ёпишга тайёрланади. Унгача тандир қизиб туради”, – деди у.

Дилфузанинг патирлари ҳам яхши сотилади. У буни патирларни ёғлаш услуби бошқача бўлгани билан боғлади. “Туманда яхши патирчилар бор, шулар қаторида бизники ҳам кетиб турибди. Биз патирларни яхши ёғлаймиз, шунинг учунми дарров синади, сувга солсангиз эриб кетади. Балки патирларимиз яхши сотилаётганига яна бир сабаб шудир”, – дейди аёл.

Аёл тандирни ўтин билан қиздиради. Яқинда 800 минг сўмга ғўзапоя сотиб олган. Тандирни қизитишда асосан шу ўтиндан фойдаланади.

Ўтинда қизитилган тандир ҳам патирнинг пишиши, таъмига таъсир қилади. Ўтинни ҳам маромида солиш, ўтказиб ёки камайтириб юбормаслик муҳим. Йўқса, патирлар ё куйиб, ё яхши пишмай чиқиши мумкин”, - дейди Дилфуза.

Туманнинг аёл истиқомат қилаётган қисмида газ йўқ. Бунинг қийинчилиги баҳор, ёзда жуда билинмайди. Лекин куз ва қишда аёллар қийналади. Сув иситишдан тортиб, овқат қилишгача асосан газ баллондан фойдаланишади. 

Мана шу томони жуда оғир. Қишдан зўрға чиқдик. Уйда ҳам газ йўқ. Газбаллонлар ҳам кўпга етмайди. Даромад кам, шунинг учун патирхона очишни хоҳладим, шу иш яхши юриб кетиши учун ҳаракат қиляпмиз”, – дейди у. Аёл бир кунда 300-400 патир чиқаришни режа қилаётгани, бу учун кўпроқ ишчи кучига эҳтиёжи борлиги айтади. Шу билан, бирга кўпроқ буюртмалар олиб, патирларини бошқа вилоятларга ҳам сотишни йўлга қўйишни режа қиляпти.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид