Ўзбекистон | 17:29 / 14.04.2025
22219
6 дақиқада ўқилади

“Бемор 12 соат қаровсиз қолган” – тележурналист Рамина Ягафарова ўлими бўйича икки шифокор жиноий жазога тортилди

“Doctor Servis” МЧЖга қарашли хусусий клиника шифокори Рамина Ягафаровага нисбатан нотўғри ташхис қўйгани маълум бўлди. Тележурналистга нотўғри дори воситалари ҳам қўлланган. Шифокорлардан бирининг “ўз касбига бепарволик ва виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида” бемор 12 соат вақт мобайнида қаровсиз қолиб кетган.

Фото: Рамина Ягафарова/ВК

Тележурналист Рамина Ягафарова вафот этган хусусий клиниканинг икки шифокори жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, А.К. ва Ў.К. “Doktor servis” МЧЖга қарашли хусусий клиникада реаниматолог шифокор бўлиб ишлаб келган.

2023 йил 12 сентябр куни Рамина Ягафарова ушбу хусусий клиникада даволанаётган онасини кўргани келган. У бетоблиги сабабли ўзи билан бирга олиб келган “Тайгерон” номли дори воситасини истеъмол қилган ҳамда мазкур дори воситаси реакцияси оқибатида анафилактик шок ҳолатига тушиб қолган.

Шифокор Ў.К. Рамина Ягафаровада анафилактик шок ҳолати яққол кўриниб турганига қарамасдан унга “дори воситаларидан анафилактик реакция” ташхисини нотўғри қўйиб, дастлабки даво чораларини патогенетик йўналишга мос бўлмаган усулда олиб борган. Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан тасдиқланган “Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол”да бундай беморга инсон организми ички аъзолари фаолиятини тикловчи “Эпинефрин” (Адреналин) дори воситаси қўлланиши тўғридан тўғри кўрсатилганига қарамасдан шифокор бепарволик билан мазкур дори воситасини қўллашни буюрмаган.

Бундан ташқари, Ў.К. Ягафаровага сўроқ остида пневмония ташхисини қўйган бўлса ҳам, ренгтен текширувлари ўтказиб, пневмония ташхиси бор ёки йўқлигига аниқлик киритмаган. Қолаверса, бемордаги анафилактик шок ҳолатини бартараф этиш, унинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда даво усулини танлаш мақсадида аллерголог ва терапевт мутахассисларининг маслаҳатини олмаган. Аксинча, ушбу касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда анафилактик реакцияни янада кучайтирувчи қарши кўрсатмалари бўлган “Калций глюконат” дори воситасини ҳамда қориндаги кучли оғриқни қолдириш мақсадида таркибида “наркотик” моддаси бўлган “Promedol” дори воситасини қўллашни буюрган.

Шунингдек, Ў.К. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган Ўзбекистондаги дори воситаларининг қўлланмалари ҳақидаги “Справочник видаль” номли китобда “Натрий гидрокарбонат” дори воситаси тутқаноқ хуружини келтириб чиқаришга мойиллиги қайд этиб ўтилган бўлса-да, тўғридан тўғри анафилактик шок ҳолатида қўлланмайдиган 400 мл дозада “Натрий гидрокарбонат” дори воситасини қўллаган.

Суд ҳукмида “шифокор Ў.К. томонидан ўз касбига бепарволик ва виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида бемор 12 соат вақт мобайнида қаровсиз қолиб кетгани” ҳам келтириб ўтилган.

Шифокор А.К. эса Ягафаровани умумий оғир аҳволда қабул қилиб олган ҳамда бош шифокор М.И. билан биргаликдаги кўрикда унга “анафилактик шок” ҳамда “қариндошлари сўзидан тутқаноқ синдроми” ташхисини қўйган. У Ягафарованинг аҳволи оғир бўлса ҳам уни анафилактик шок ҳолати бўйича даво муолажаларини олиб боришга ихтисослаштирилган муассасага кўчириш чораларини кўрмаган. Беморнинг тиббий картасига “бемор ва унинг қариндошларига ихтисослаштирилган даволаш муассасасига кўчириш таклиф қилингани, бироқ бемор ва унинг қариндошлари бунга розилик бермагани” ҳақидаги ёзувларни киритиш билан чекланган.

А.К. ҳам Ягафаровага мазкур касалликни бартараф этишга мослашмаган ҳамда қарши кўрсатмаларга эга бўлган “Натрий тиосульфат” ҳамда “Кальций глюконат” дори воситаларини қўллашни буюрган.

Шифокорлар Ў.К. ва А.К. бемор Рамина Ягафаровага тиббий ёрдам кўрсатиш давомида “Анафилактик шок билан касалланган беморларни даволаш бўйича миллий клиник протокол” талабларига зид равишда тиббий нуқсонларга йўл қўйган. Бунинг оқибатида беморнинг умумий аҳволи оғирлашган ва “тутқаноқ хуружи” содир бўлган. Сўнгра тележурналист юқори нафас йўллари овқат массалари билан беркилиши оқибатида механик асфиксия-аспирацион синдромдан вафот этган.

Ҳар икки шифокор судда айбига иқрорлик билдирмаган. Бироқ уларнинг айби бемор тиббий картаси, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси, суд-тиббий экспертизасининг хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ўз исботини топгани қайд этилган.

Суд ҳукми билан Ў.К. ва А.К. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ой муддатга Соғлиқни сақлаш тизимида реаниматолог вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Шунингдек, Ў.К. ва А.К.дан солидар тартибда жабрланувчининг қонуний вакили фойдасига 334 млн 150 минг сўм моддий зарар ундириш белгиланган.

31 ёшида вафот этган тележурналист Рамина Ягафарова “Дунё бўйлаб” телеканалида рус тилида эфирга узатиладиган “Своими глазами” ҳамда “Актуално” дастурларини олиб борган. У 2023 йил 12 сентябр куни хусусий клиникада даволанаётган онасини кўриш учун бориб, 13 сентябр куни ўша ерда вафот этганди.

Мавзуга оид