Жамият | 18:40 / 29.07.2025
18888
8 дақиқада ўқилади

Блогер Фарҳод Манноповнинг ўлимига олиб келган операцияни амалга оширган шифокор судда оқланди

Апелляция суди блогернинг ўлимига фақат анестезиолог-шифокор айбдор деган хулосага келган. Суд ҳужжатида ёзилишича, у айнан операция жараёнида маълум муддат телефонда суҳбатлашиб ўтирган ва Фарҳод Манноповнинг тана ҳарорати кўтарилганини ўз вақтида аниқламаган.

Блогер Фарҳод Манноповни ўлими олдидан операция қилган ЛОР шифокори апелляция инстанция суди томонидан оқланди. Биринчи инстанция суди унга 2 йил тиббиёт соҳасида ЛОР шифокори вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаганди.

Блогернинг ўлими

Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, Фарҳод Манноповни “Star Med Center” хусусий клиникасида операция қилишда қатнашган анестезиолог (исм-шарифи таҳририятга маълум) телефонда суҳбатлашиб ўтирган. Яъни у айнан операция вақтида беморнинг умумий ҳолатини назорат қилиб туриш ўрнига бошқа шахслар билан соат 14:54 да 122 сония, соат 15:19 да эса 71 сония операция жараёнларига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича суҳбатлашиб ўтирган. Бунинг оқибатида анестезиолог Фарҳод Манноповнинг тана ҳарорати кўтарилганини ўз вақтида аниқламаган. Соат 15:40 да беморнинг бармоғида бўлган пулсометр ишламай қолганига гумон қилиб, уни бошқа бармоғига қўйган вақтида Манноповнинг тана ҳарорати 38,7 даражага кўтарилиб кетганини кеч билган. Бунга қадар тана ҳарорати кўтарилиб борган бемор организмида наркоз берилгани сабаб метоболик ўзгаришлар вужудга келган. Бунинг оқибатида Фарҳод Манноповнинг юраги биринчи марта соат 16:30 да тўхтаб қолган ва у кома ҳолатига тушган.

Шифокор йўл қўйилган камчиликни турли дори воситаларини бетартиб қўллаш орқали тўғрилашга ҳаракат қилган. Аммо улар келтириб чиқариши мумкин бўлган ножўя таъсирларни ҳисобга олмаган. Оқибатда Фарҳод Манноповнинг юраги иккинчи марта соат 17:10 да, учинчи марта соат 17:53 да тўхтаб қолган. Шундан сўнг у чуқур коматоз ҳолатга тушган ва ўзига келмасдан, ўткир юрак-қон томир нафас, буйрак ва жигар етишмовчилиги, ДВС синдроми, ўпка ва мия шиши билан 2023 йил 5 март куни соат 3:20 да шу клиникада вафот этган.

Суд-тиббий экспертизасининг 2023 йил 30 мартдаги хулосасига кўра, Фарҳод Манноповнинг ўлими организмнинг оғир даражали анафилактик шок оқибатида юз берган.

Тахмин остидаги новокаин

ЛОР шифокори дастлабки суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. У блогерни тўлиқ текширувдан ўтказган бўлса-да, суд бунга эътибор қаратмаганини, суд жараёнида айби йўқлиги ўз исботини топганини, бироқ асоссиз равишда айбланганини айтиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Судда қўшимча гувоҳ сифатида сўралган Мудофаа вазирлиги МҲКГ отоларингология бўлими бошлиғи – бош отоларинголог унинг иш фаолиятида операция жараёнида беморнинг тана ҳарорати 40 ёки 43 даражага чиққан ҳолат бирор марта бўлмаганини маълум қилган.

Бу ЛОР шифокор томонидан йўл қўйилган нуқсон дея олмайман. Сабаби бизга тақдим қилинган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган. Бемор ЛОРнинг айби билан ўлган деб ҳисобламайман. Фикримча, айнан ринопластика вақтида ЛОР шифокорининг айби билан беморнинг тана ҳарорати кўтарилиб кетиши амалиётда учрамаган. Қанақадир ташқи таъсирда анафилактик шок бўлиши мойилроқ. Анафилактик шок организмга ташқаридан тушган ёт нарсага организмнинг кучли реакцияси ҳисобланади. Ёт нарса дори моддалари бўлган бўлиши ҳам мумкин. Лекин айнан қайсидир дорини ажратиб айтолмайман”, деган у.

Яна бир қўшимча гувоҳ – Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Суд-тиббий экспертиза маркази суд-тиббий экспертиза бўлинмаси давлат суд-эксперти шифокорлар томонидан ўтказилган ҳаракатларда хато-камчиликлар аниқламаганини маълум қилган.

Апелляция инстанциясида тақдим қилинган қўшимча ҳужжатлар асосида ўлим сабаби аниқланди. Яъни тақдим этилган тиббий ҳужжатлар, касаллик тарихи, бирламчи ва комиссион суд-тиббий экспертизалар, мутахассислар берган маълумотлар, жиноят иши материаллари ва маълумотларга кўра Фарҳод Манноповнинг ўлими сабаби – жарроҳлик амалиёти жараёнида дори воситасига медикаментоз аллергик реакция натижасида ривожланган анафилактик шок бўлган. Бу клиник ҳолатда марҳумнинг бурун шиллиқ қаватларига инъекция орқали юборилган новокаин маҳаллий анестетик дори воситаси этиологик омил сифатида иштирок этгани эҳтимолдан холи эмас.

Новокаин энг кўп аллергия берадиган дори воситасига киради. Тиббий ҳужжатлар ўрганилганда Фарҳод Манноповда аллергик касаллик мавжуд деб кўрсатилган. Лекин тақдим этилган ҳужжатларда бемор ўзида аллергик реакцияларни инкор қилгани тасдиқланган. Новокаиндан ташқари бошқа олган дори воситаларда ҳам аллергия бўлиши мумкин. Лекин новокаин таркибида аллергия келтириб чиқариш фоизи кўпроқ”, деган эксперт.

У эксперт сифатида ЛОР врачнинг бирор бир хатосини топа олмаганини айтиб ўтган.

Судда қўшимча гувоҳ тариқасида сўралган Ихтисослаштирилган аллергология илмий амалий маркази шифокор аллергологи ҳам ўлим сабабини дори воситасига аллергик реакция оқибатида ривожланган анафилактик шок деб белгилаганини маълум қилган.

Апелляция суди

Апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди ЛОР шифокорни айблашда айрим ўринларда тахминий ва асослантирмаган хулосага келган, деб ҳисоблаган.

Жумладан, судлов ҳайъати тергов ва суднинг ЛОР шифокори Фарҳод Манноповни зудлик билан жарроҳлик амалиётини тезлаштиришга кўндиргани ҳақидаги тахмин билан келишмаган.

“Чунки жиноят иши ҳужжатларида шифокор беморни зудлик билан жарроҳлик амалиётини тезлаштиришга кўндирган ҳолати мавжуд эмас. Шифокорда бунга эҳтиёж ёки манфаат бўлмаган. Аксинча, ишда аниқланган ҳолатга кўра, Фарҳод Маннопов бурун соҳасидаги жарроҳлик амалиётини тезроқ ўтказишни айнан ўзи сўраган ва бунинг учун чет элга учиш мақсадида олинган авиачиптани ҳам топширган. Фарҳод Маннопов ва унинг шериги ЛОР шифокорни реклама қилиш шарти билан 4 400 долларлик риносептопластика жарроҳлик амалиётини бепул ўтказишга келишган” дея келтирилади суд ҳукмида.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган 2023 йил 16 мартдаги ва 2023 йил 15 майдаги хизмат текширувида шифокор беморга нисбатан бурун соҳасини даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш жараёнида ўлимга олиб келишига сабаб бўладиган хатоликларга йўл қўйгани аниқланмаган.

Бундан ташқари, суд ҳужжатида беморнинг анестезия ва интенсив терапия пайтидаги функционал ҳолатини мониторинг қилиб боришга анестезиолог-реаниматолог шифокор масъуллиги, ЛОР шифокорнинг ушбу ҳолатларга алоқаси ҳамда аралашишга ваколати йўқлиги келтириб ўтилган.

Судда қўшимча гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари ҳам операция қилинаётган жараёнда беморнинг умумий ҳолатига анестезиолог жавобгар бўлишини, ЛОР шифокор эса бевосита хирургияга тааллуқли қисмига жавобгар ҳисобланишини айтиб ўтган.

Шу ва бошқа асослардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ҳукми билан дастлабки суд ҳукмининг ЛОР шифокорга оид қисми бекор қилинган. У қилмишида жиноят аломатлари бўлмагани сабаб айбсиз деб топилиб оқланган ҳамда жиноят ишининг унга оид қисми тугатилган.

Нима бўлганди?

“Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 март куни 27 ёшида вафот этган эди. У бассейнда сузаётиб боши ва бурнидан жароҳат олган, шу сабаб бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентдаги “Star Med Center” хусусий клиникасига мурожаат қилган, аммо операция жараёнида кома ҳолатига тушиб, ўзига келмаган.

Жиноят иши 2023 йил сентябр ойида судга оширилган эди. 2023 йил октябрида марҳумнинг яқинлари илтимоси билан суд жараённинг ОАВда ёритилишини тақиқлаганди.

Мавзуга оид