Жаҳон | 00:56 / 09.04.2025
2935
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг бойлиги ўзи жорий этган божлар сабаб 500 млн долларга камайди

АҚШ президентига қарашли компаниялар акциялари қиймати Америка биржаларида сотиладиган бошқа қимматли қоғозлар каби қулашни давом этмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трампнинг бойлиги активлари қийматининг тушиб кетиши ҳисобига 500 миллион долларга камайди, деб хабар беради Forbes.

Трампга қарашли компаниялар акциялари Америка биржаларида сотиладиган бошқа қимматли қоғозлар каби АҚШ президенти томонидан дунёнинг деярли барча давлатларидан импорт қилинадиган товарларга нисбатан жорий этилган божлар сабаб тушиб кетди.

АҚШ фонд биржаларида акциялар нархи кетма-кет уч савдо сессияси давомида пасайган — бу ҳолат Трамп бошлаб берган савдо урушига жавоб ҳисобланади. 

Трамп янги бож тўловларини эълон қилишидан олдин Forbes унинг бойлигини 4,7 миллиард долларга баҳолаган эди. Нашр мутахассислари бу рақамни ҳисоблашда нафақат очиқ савдодаги компаниялар акциялари, балки хусусий ҳолдингларнинг қийматини ҳам инобатга олган.

Биржаларда акциялар нархи пасайишни бошлагач, Трампнинг энг қиммат активи — Trump Media and Technology Group қиймати Forbes ҳисоб-китобига кўра 2,2 миллиард доллардан 2 миллиард долларгача камайган.

Трамп, шунингдек, тижорат кўчмас мулкидаги улушларининг қиймати пасайиши туфайли тахминан яна 90 миллион доллар йўқотган. 

Таъкидланишича, Трампнинг кўчмас мулк, курортлар ва кўнгилочар саноатдаги улушлари қиймати тушиб кетган. АҚШ президентига тегишли диверсификацияланган облигациялар ва акцияларнинг қиймати ҳам тушган. Бундан ташқари, Трамп ўз даромадларининг бир қисмини сақлаб келгани тахмин қилинган криптовалюталар курсининг тушиши ҳам унга молиявий зарар келтирган. Трампнинг ушбу активлари, нашрнинг ёзишича, умумий ҳисобда камида 240 миллион доллар йўқотган.

Мавзуга оид