Жаҳон | 22:28 / 09.04.2025
9829
7 дақиқада ўқилади

АҚШ “Толибон” билан фаол мулоқотга киришди. Ғарбнинг талаблари ўзгардими?

Ўтган ой Кобулга кутилмаганда АҚШ делегацияси келганди. Кейинроқ МРБ директорининг шахсан ўзи Баграм авиабазасига боргани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Хўш, Трамп даврида АҚШ–“Толибон” муносабатлари қандай ўзгармоқда? Инсон ҳуқуқлари каби масалалар энди устувор эмасми? Kun.uz мухбири Афғонистон атрофидаги геосиёсий саволларни таҳлилчилар Ҳамза Болтаев ва Исломхон Ғаффоров билан муҳокама қилди.

— Трамп келганидан кейин Вашингтоннинг Афғонистон бўйича сиёсатида ўзгаришлар бўляпти, дейиш мумкинми?

Ҳамза Болтаев: АҚШнинг Афғонистонга нисбатан ташқи сиёсатида умумий йўналиш ўзгаргани йўқ, фақатгина реализация қилишдаги баъзи бир тактик ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Аввалги администрациялар даврида АҚШ ва “Толибон” ўртасидаги мулоқотлар Доҳада ёки бошқа шаҳарларда турли форматларда бўлиб турган. Ҳозирги Трамп администрацияси ва ундан олдинги раҳбарлар ўртасидаги фарқ шундан иборатки, аввалги администрациялар Ғарб мамлакатлари илгари сурган инклюзив ҳокимият қуриш, инсон ҳуқуқлари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш сингари ғояларни мулоқотнинг асосий шарти сифатида қўйиб келган.

Ҳозирги кунда Трамп администрацияси нафақат Афғонистон йўналишида, балки бошқа давлатлар билан ташқи сиёсатида ҳам биринчи навбатда Америка манфаатларини қўйяпти.

АҚШ нафақат иқтисодий, балки геосиёсий жиҳатдан ҳам Хитой билан рақобатга киришган, шу йўлда Ғарбнинг шаклланган демократик ғояларидан чекиниб бўлса ҳам Афғонистонда Пекинга қарши ўз таъсирини тиклашга уриняпти.

Исломхон Ғаффоров: АҚШ кучлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейинги тенденциялардан тўрттасини ажратиб кўрсатмоқчиман.

Биринчидан, АҚШ Байден даврида Афғонистонда урушни тугатди, лекин терроризмга қарши курашишда давом этишларини билдиришди. 2022 йилда Айман ал-Завоҳирий (Усома бин Лодиннинг яқин маслакдоши эди) АҚШ дронлари томонидан ўлдирилди.

Иккинчидан, бироз вақт ўтиб, Байден администрацияси сиёсий ва дипломатик жиҳатдан толибларни рад эта бошлади. Бойкот қилди дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам Доҳа платформаси асосий мулоқот платформасига айланиб қолган эди.

Доналд Трамп сайлов компанияси вақтидан бошлаб Байден администрациясини кескин танқид қилиб келади. Унинг фикрича, Байден Афғонистондан қўшинларни тартибсиз олиб чиққан ва АҚШ шаънига доғ туширган. Трамп давлат тепасига келгач, мен икки хил тактикага гувоҳ бўлдим. Биринчиси, улар толибларни кескин танқид қилди. Яъни Афғонистонда қолган қурол-яроғларни АҚШга қайтаришни талаб қилди, “Баграм” авиабазаси хитойликлар назоратига ўтаётганини айтиб, уни қайтариб олиш ҳақида баёнотлар берди. Бундан ташқари, USAID'нинг гуманитар ёрдамларини чеклаб қўйишди.

Шунингдек, Вашингтон Афғонистондаги вазиятни кескин қоралаб турди. Лекин бу керакли натижани бермади шекилли, март ойининг ўрталаридан бошлаб бу тактика ўзгарди ва Трамп маъмурияти “Толибон” билан илк бор тўғридан тўғри мулоқотга киришди.

Март ойи охирида АҚШ президентининг икки вакили Кобулга ташриф буюриб, [ташқи ишлар вазири] Амирхон Муттақий билан учрашди. Уларнинг натижасига кўра, [америкалик авиация муҳандиси] Жорж Клезмин озод этилди. Яъни бу билан АҚШнинг афғон векторида тўғридан тўғри мулоқотга кириш бошланганини кўришимиз мумкин.

Ҳамза аканинг фикрига қўшиламан, АҚШ учун Афғонистон билан боғлиқ асосий масала – Хитой омили. Чунки АҚШ 20 йил Афғонистонда уруш олиб борди, демократик давлат қурамиз деди, шу мақсадда икки триллион доллар сармоя киритди. Лекин охир-оқибат Афғонистоннинг иқтисодий жиҳатдан Хитойга боғлиқлиги ортиб боряпти. Бу эса АҚШ учун икки карра мағлубият дегани.

— Президент Мирзиёевнинг Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитидаги Афғонистон бўйича баёноти Ғарбда қандай қабул қилинмоқда?

Ҳамза Болтаев: Президент Афғонистон масаласини деярли барча аҳамияти юқори бўлган учрашувларда тилга олади. Бу билан Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг бир бўлаги деб ҳисоблашини урғулайди.

Европа билан бўлиб ўтган янги мулоқотларда бу мавзу яна кўтарилишига сабаб – Ўзбекистон доим Афғонистон ва бошқа учинчи давлатлар билан муносабатларда ўзига хос кўприк вазифасини ўташдан манфаатдор. Бу орқали Ўзбекистон ўзининг репутациясини кўтариб, расмий Тошкентга нисбатан ташқи дунёда ишонч ортади ва муносабатлар узоқ муддатли бўлади.

Шу вақтгача Вашингтон Кобул билан муносабатларини Тошкент орқали шакллантирган нуқталари кўп бўлган Лекин ҳар қандай кутилмаган ўзгаришлар бўлиши мумкин, масалан, Трамп маъмурияти бевосита “Толибон” билан музокаралар ўтказишни бошлади. Афғонистон масаласида Ўзбекистоннинг халқаро ролини кучайтириш ушбу Европа Иттифоқи–Марказий Осиё саммитида муҳокама қилинган деб ўйлайман.

Исломхон Ғаффоров: “Толибон” Германия билан муносабатларида ҳам яқинлашув рўй бераётганни сездик. Улар бевосита учрашишни бошлаган ва ўз фикрларини “Толибон” томонига етказган. Европа Иттифоқи давлатлари ҳам толиблар билан тўғридан тўғри мулоқотга кириш истагида экани кўриниб турибди. Президент Мирзиёев айтиб ўтдики, Афғонистонни ҳудудий йирик иқтисодий лойиҳаларга жалб этишимиз керак. Бу сўзлари Европа томонидан ижобий қабул қилинди, яъни европаликлар ҳам хавфсизлик масалаларига иқтисодий ва ижтимоий ёндашув орқали ечим изламоқда.

"Soft power" деган тушунча бор, яъни масалаларни тўғридан тўғри куч билан эмас, балки тинч усуллар: қашшоқликни қисқартириш, соғлиқни сақлаш ёки таълимга эътибор қаратиш орқали хавфсизликни сақлашга урғу берилади. Айнан шу тарзда Ўзбекистон ҳам Афғонистондаги барқарорликни таъминлашда йирик иқтисодий лойиҳаларни фаол равишда жалб этмоқда. Бу лойиҳалар Европа томонига маъқул келмоқда. Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинч тараққиёт бўйича маслаҳатлашувларга очиқлигини билдириши, уни минтақадаги “дипломатик воситачи” сифатида кўрсатади. ЕИ учун бу муҳим, чунки Европа “Толибон” билан бевосита мулоқот қилишдан қочади, лекин Афғонистон масаласидаги таъсирни сақлашни истайди.

Марказий Осиёда чегаралар хавфсизлигини яхшилашга қаратилган BOMCA (Border Management Programme in Central Asia) ва наркотрафикка қарши курашишга доир CАDAP (Central Asia Drug Action Programme) техник ҳамкорлик платформалари ЕИнинг Афғонистон борасидаги сиёсатида қўл келиши мумкин. Шунинг учун ҳам президент шу нуқталарга урғу берган деб ўйлайман.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube саҳифада томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид