Жаҳон | 10:30
2724
2 дақиқада ўқилади

Мерц АҚШга Трампнинг тарифларига қатъий жавоб билан таҳдид қилди

АҚШ Европа Иттифоқининг Трампнинг «ҳаддан ташқари юқори» савдо тарифларига худди шундай жавоб беришга тайёрлигини паст баҳоламаслиги керак, деди Германия канцлери. Европа Иттифоқи Америка самолётлари ва автомобилларига юқори тарифлар жорий қилиши мумкин.

Фото: Federico Gambarini/dpa/picture alliance

Германия канцлери Фридрих Мерц АҚШ ва Европа Иттифоқи савдо уруши авж олган тақдирда Вашингтонга қатъий жавоб беришга ваъда берди. Германия ҳукумати раҳбари Цугшпитц тоғида Бавария федерал ери вазирлар маҳкамаси билан учрашувдан сўнг: «Америка ҳукумати ҳаддан ташқари юқори тарифларга ўхшаш чоралар билан жавоб беришга тайёрлигимизни паст баҳоламаслиги керак», деди.

Европа Иттифоқи бунга «тайёр», аммо можарони музокаралар йўли билан ҳал этишга умид қилишда давом этмоқда, дея таъкидлади Мерц. Унга кўра, Германия канцлери шу мақсадда АҚШ президенти Доналд Трамп ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан доимий алоқада. «Бизнинг мақсадимиз Қўшма Штатлар билан савдони осонлаштирадиган ва тарифларни яна пасайтиришга имкон берадиган ечимга тезда эришиш эди ва шундай бўлиб қолади», деди Мерц. «Энди июл ойининг охиригача музокаралар олиб боришимиз керак».

Мерцнинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда у Европа Иттифоқи Трампнинг 12 июлдаги хабарномасидан сўнг дарҳол жавоб тариқасидаги юқори тарифларни жорий қилмаслигини таъминлаш устида ишлаган. «Акс ҳолда, бу кеча автоматик тарзда содир бўлиши мумкин эди», деди Германия канцлери.

12 июл куни АҚШ президенти Европа Иттифоқи товарларига 30 фоизлик божлар жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилди – бу ҳақдаги билдиришнома Европа комиссияси раҳбари фон дер Ляйенга йўлланган. Трамп ўз қарорини ЕИ ва Вашингтон ўртасидаги «жиддий савдо номутаносиблиги» билан изоҳлади ва агар Европа Иттифоқи Америка товарлари импортига божларни ошириш орқали жавоб беришга қарор қилса, Вашингтондан симметрик жавоб келиши билан таҳдид қилди.

Мавзуга оид