Ўзбекистон | 15:42 / 09.04.2025
11969
2 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар бандлик бўлими бошлиғи ўз хонасида психотроп модда истеъмол қилгани маълум бўлди

ИИВ ўтказилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида фуқародан 0,69 гр гашиш гиёҳванд моддаси олинганини билдирди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ижтимоий тармоқларда фуқаронинг психотроп модда истеъмол қилаётгани акс этган суратлар тарқалди. Сурат остида қолдирилаётган изоҳларда ушбу шахс Андижон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи экани ва у буни иш вақтида хизмат хонасида содир этгани ёзилмоқда. Суратларда бир киши баклажкани ярим кесган ҳолда банка устига қўйиб, ундан чиққан тутунни тортаётгани акс этган.

Андижон вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси матбуот хизмати суратлардаги шахс бошқарманинг Андижон шаҳар бўлими бошлиғи эканини Daryo.uz’га тасдиқлаган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова воқеадан хабардорлигини, ҳолатга аниқлик киритишга уринаётганини билдирган.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг маълум қилишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида фуқародан жами 0,69 гр гашиш гиёҳванд моддаси олинган. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш жинояти назарда тутилган. Ушбу қилмиш учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Ургутда шериги билан шартли харидорга қарийб 1 кг опий гиёҳванд моддасини 12 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган мактаб директори 10 йилга қамалгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид