Telegram Россияда 7 миллион рубл жаримага тортилди
Роскомнадзор бир қатор Telegram каналларида терактлар ва «ҳукуматни ағдариш»га қаратилган норозилик намойишларига чақириқларни топди. Уларни олиб ташлашдан бош тортгани учун суд мессенжерни 7 миллион рубл миқдорида жаримага тортди.

Фото: KUN.UZ / Муҳаммаджон Ғаниев
Москванинг Таганск туман суди Telegram мессенжерини терактлар уюштириш ва ҳукуматга қарши намойишларда қатнашишга чақирувчи каналларни олиб ташламагани учун 7 миллион рубл жаримага тортди. Бу ҳақда 8 апрел, сешанба куни суд иши материалларига таяниб, ТАСС хабар берди.
Суд ҳужжатларида айтилишича, Роскомнадзор (РКН) Telegram-каналлари томонидан маълумотларга киришни чеклаш тартиби бузилганлигини аниқлаган, хусусан, «Россияда ҳукуматни ағдариш мақсадида» ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этишга, шунингдек, «Украина қуролли кучларига ёрдам бериш мақсадида» темирйўл транспортида терактлар уюштиришга чақириқлар янграган. ТАСС қайд этишича, суд аввалроқ худди шундай қоидабузарлик учун Telegramʼни 4 миллион рубл миқдорида жаримага тортган.
Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери, 2025 йилнинг феврал ойи ҳолатига кўра, Россия судлари машҳур мессенжерни тақиқланган маълумотларни ўчирмагани, ўзини ўзи бошқариш мажбуриятини ва Роскомнадзор буйруғини бажармагани учун маъмурий моддалар бўйича 63,4 миллион рубл миқдорида жаримага тортди, деб ёзади «Коммерсант».
Россия назорат агентлиги матбуот хизматининг 7 апрел куни хабар беришича, 2017 йилдан бери Telegram мессенжери Роскомнадзор талабига биноан 373 мингдан ортиқ нашр ёки канални ўчириб ташлаган. Шу куни расмийлар, олигархлар ва хавфсизлик кучлари ҳақидаги компромат ва инсайдер маълумотларни чоп этиш билан машҳур бўлган Россиянинг машҳур «ВЧК-ОГПУ» аноним канали ўчириб ташлангани маълум бўлди.
Мавзуга оид

12:04
Россияда мигрантлар орасида жиноятчилик даражаси юқори эмаслиги маълум бўлди

11:30
Россияда «Норд-Ост» теракт иши бўйича қамалган шахс 22 йилдан кейин озодликка чиқди

08:37
Россияда терактни тайёрлаётган «марказий осиёликлар» йўқ қилингани хабар берилди

23:20 / 23.04.2025