Иқтисодиёт | 16:10
6763
6 дақиқада ўқилади

«Бу қонли қирғин». Трампнинг божлари Осиё бозорларини қулатди

Осиё-Тинч океани минтақаси фонд бозорлари ўтган ҳафта АҚШ президенти томонидан эълон қилинган тарифларга жавобан шиддат билан пасаймоқда. Доналд Трамп бу уни хавотирга солмаётганига ишора қилиб, бозорлар қулашини «зарур дори» қабул қилингандаги реакцияга ўхшатди.

Фото: Getty Images

Регионнинг асосий биржа индекслари – Шанхайдан Токиогача ва Сиднейдан Ҳонгконггача – душанба куни савдолар очилиши биланоқ қулаб тушди.

Кун ярмига келиб Япониянинг Nikkei 225 индекси 6 фоизга, Австралиянинг ASX 200 индекси 4 фоизга, Жанубий Кореянинг Kospi индекси эса 4,7 фоизга тушиб кетди.

Shanghai Composite индекси 6 фоиздан кўпроққа, Ҳонгконгнинг Hang Seng ва Тайваннинг TAIEX индекслари тахминан 10 фоизга пасайган.

Осиё-Тинч океани минтақасининг 13 мамлакатидан йирик ва ўрта капиталлашувга эга компанияларни ўз ичига олган MSCI Asia Pacific индекси 2008 йилдан бери энг кучли пасайишни кўрсатди (минус 7,1 фоиз), Nikkei 225 эса «айиқ бозори» зонасига кирди – яъни аввалги максимал кўрсаткичдан 20 фоиз ёки ундан кўпроққа пасайди, деб ёзади Bloomberg агентлиги.

«Бу қонли қирғин», – дея изоҳ берди биржа таҳлилчиларидан бири BBC’га.

Хитойнинг материкдаги қисми, Ҳонгконг ва Тайвандаги биржалар жума куни байрамлар туфайли ёпилгани сабабли, инвесторлар фақат душанба кунига келиб глобал қулашларга реакция билдиришди, шу сабабли қулаш янада кескин кўриниш олди.

Бутун дунё бўйлаб сотиладиган товарларнинг аксарияти айнан Осиёда ишлаб чиқарилгани сабабли, Осиё мамлакатлари ва ҳудудлари АҚШ томонидан жорий этилган тарифлардан бевосита азият чекмоқда. Улар, шунингдек, глобал савдо уруши дунёдаги энг йирик иқтисодиёт секинлашишига ёки ҳатто таназзулига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда.

«Тарифлар инфляция ва рецессия билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради», – деди Лондон фонд биржасининг шуъба корхонаси – FTSE Russell бўлими раҳбари Жулия Ли.

Goldman Sachs кейинги 12 ой ичида АҚШдаги рецессия эҳтимолини 10 фоиз пунктга – 45 фоизга оширди.

Уолл-стритдаги бошқа инвестиция компаниялари ҳам Трамп маъмуриятининг тарифлар ҳақидаги эълони фонида ўз прогнозларини қайта кўриб чиқди.  JPMorgan энди АҚШ ва дунёда рецессия эҳтимолини 60 фоиз деб баҳоламоқда. Шу билан бирга,  JPMorgan иқтисодчилари Америка иқтисодиёти истиқболларини баҳолашни ўзгартирди: аввалги 1,3 фоизлик ўсиш прогнози ўрнига улар энди 0,3 фоизлик пасайиш эҳтимолига асосланмоқда, деб ёзади Reuters.

Якшанба куни Air Force One бортида журналистлар қаршисига чиққан Трамп бозорлар пасайиши уни ташвишга солмаётганини маълум қилганди.

«Мен бирор нарса қулашини хоҳламайман. Аммо баъзида ниманидир тузатиш учун дори ичишга тўғри келади», – дея унинг сўзларини келтиради Reuters.

Трампнинг сўзларига кўра, дам олиш кунлари у Европа ва Осиё давлатлари раҳбалари билан гаплашган, улар Трампни шу ҳафта кучга кириши керак бўлган тарифларни пасайтиришга кўндиришга умид қилмоқда.

«Улар музокаралар столига ўтиришмоқчи. Улар гаплашишни истайди, бироқ улар бизга ҳар йили катта пул тўламаса, мулоқот бўлмайди», –  деган Трамп.

АҚШ иқтисодиётининг жиддий секинлашуви Осиё экспортига зарба бериши мумкин, чунки Америка бозори минтақадаги товарлар учун асосий бозорлардан бири ҳисобланади.

«Осиё минтақаси АҚШ тарифлари ошишидан асосий зарбани ўз зиммасига олмоқда. Гарчи музокаралар учун имконият бўлса-да, юқори тарифларнинг янги даври жиддий ва узоқ давом этадиганга ўхшайди», – деб ҳисоблайди Vanguard инвестиция компаниясининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича бош иқтисодчиси Сян Ван.

«Бу жаҳон ва Осиё иқтисодиётига, айниқса, кичик очиқ иқтисодиётларга қисқа ва узоқ муддатли истиқболда салбий таъсир кўрсатади», – дея прогноз қилади у.

Айниқса Ветнам ва Бангладеш каби мамлакатлар экспорт бозори сифатида АҚШга жиддий қарам.

Ўтган ҳафта Трамп маъмурияти Ветнам учун 46 фоизлик, Бангладеш учун 37 фоизлик тариф жорий этаётганини маълум қилганди.

Американинг Nike ва Lululemon каби бир неча йирик брендлари ўз маҳсулотларини Ветнамда ишлаб чиқаради.

Бангладеш кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси маълумотларига кўра, мамлакат ҳар йили АҚШга 8,4 миллиард долларлик кийим-кечак етказиб беради.

«Осиё, катта эҳтимол билан, бу беқарорликдан номутаносиб бўлган кучли зарбага учрайди, чунки Осиё мамлакатлари АҚШга бошқа минтақаларга қараганда кўпроқ экспорт қилади», – деди АҚШ савдо вазирининг халқаро савдо бўйича собиқ ўринбосари Фрэнк Лавин.

Жаҳон фонд бозорларида вазият жума куни Хитой Америка маҳсулотларига 34 фоизлик жавоб божлари жорий этилишини эълон қилганидан кейин янада оғирлашди.

АҚШнинг барча учта асосий фонд индекслари 5 фоиздан кўпроққа тушиб кетди, S&P 500 индекси эса деярли 6 фоизга пасайиб,  COVID-19 тарқалиши авж олган 2020 йилдан бери энг ёмон натижани кўрсатди.

Буюк Британияда FTSE 100 индекси деярли 5 фоизга тушиб кетди – бу сўнгги беш йилдаги энг кескин пасайишдир. Худди шундай пасайишлар Германия ва Франция биржаларида ҳам кузатилган.

FTSE Russell бўлими раҳбари Жулия Лининг таъкидлашича, глобал бозорлардаги қулаш давом этиши мумкин: «Америка индекслари фючерслари минус билан савдо қилинмоқда – бу Уолл-стритни яна бир оғир оқшом кутаётганидан далолат беради».

Трамп барча мамлакатлар учун универсал ўн фоизлик импорт божлари ва айрим давлатлар учун оширилган ставкалар жорий этилишини эълон қилганидан сўнг, жаҳон фонд бозорлари капитализацияда триллионлаб доллар йўқотди. Оширилган божлар АҚШнинг асосий савдо ҳамкорлари, жумладан, Хитой, Европа Иттифоқи ва Ветнамга нисбатан ҳам жорий этилган.

Goldman Sachs ҳисоб-китобларига кўра, тарифлар туфайли Хитой иқтисодиётида атиги 0,7 фоизлик ўсиш қайд этилиши мумкин (2025 йилга кутилаётган прогноз – 4,5 фоизлик ўсиш эди).

Мавзуга оид