Ўзбекистон | 22:12 / 07.04.2025
1520
5 дақиқада ўқилади

7 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ягона алифбога ўтиш учун чақириқ, «Опенбюджет»да старт олаётган «Менинг боғим» ташаббуслари, Малайзия қуёш энергетикасига сармоя ва жазирама иссиқдан сўнг кутилаётган ёмғир — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мирзиёев тинчлик дипломатик ечим топишга чорлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида дунё тинчлиги учун парламентларнинг ўрни ошиб бораётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, қуролли тўқнашувлар, экологик фалокатлар ва геосиёсий кескинликлар глобал хавфсизликка таҳдид солмоқда.

Президент Ўзбекистон ҳар қандай зиддиятни дипломатик ва тинч музокаралар орқали ҳал этиш тарафдори эканини яна бир бор билдирди. У халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низомига асосланган ечимлар муҳимлигини таъкидлади.

Мирзиёев Украина бўйича музокаралар самара беришига умид билдирди. Фаластин–Исроил муаммоси юзасидан эса «икки халқ учун — икки давлат» тамойилини ягона адолатли ечим сифатида кўрсатди.

Афғонистон ҳақида тўхталар экан, у бу мамлакат халқаро майдонда яккаланмаслиги кераклигини, амалдаги ҳукумат билан мулоқот ва яқин ҳамкорлик зарурлигини қайд этди.

Қуртулмуш: Туркий дунёга ягона алифбо керак

Туркия парламенти раҳбари Нўъмон Қуртулмуш Хивада ўтган халқаро анжуманда туркий дунё ягона алифбога эга бўлиши лозимлигини таъкидлади.

У 300 млн аҳолига эга туркий халқлар геосиёсий кучга айланаётганини ва тинчлик ўқига айланиш салоҳиятини қайд этди. Қуртулмушга кўра, умумий алифбо орқали умумий тарих ва ягона шахсиятни шакллантириш мумкин.

Спикер туркий дунёда умумий маданий мерос, илмий-технологик тараққиёт ва иқтисодий алоқалар муҳим йўналишлар эканини таъкидлади. У халқлар ўртасида чегаралар эмас, маданий яқинлик борлигини уқтирди.

Тадбир Ислом ҳамкорлиги ёшлар форуми ташаббуси билан Хоразмда ўтказилди.

«Менинг боғим» лойиҳаси бошланди

2025 йилги «Менинг боғим» лойиҳасига ариза қабул қилиш жараёни 5 апрелдан бошланди. Ушбу ташаббус орқали аҳоли ўз ҳудудида яшил боғлар ва жамоат паркларини яратишда фаол иштирок этади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, лойиҳа уч босқичда ўтади: 5–14 апрел кунлари лойиҳа киритиш, 15–20 апрел — саралаш, 21–30 апрел — овоз бериш босқичи бўлади.

«Очиқ бюджет» портали орқали фуқаролар боғлар ташкил этиш бўйича ўз таклифларини тақдим этишлари, энг муносибларини саралаш ва овоз бериш орқали молиялаштиришга эришишлари мумкин.

Лойиҳа жамоатчилик фикри асосида фуқаролар манфаатларига хизмат қилувчи яшил ҳудудларни кўпайтириш ва экологик муҳитни яхшилашни мақсад қилган.

Малайзия қуёш энергетикасига сармоя киритади

Sunview Group компанияси Фарғонада 200 мегаваттли қуёш электр станцияси қуришга, Андижонда эса 400 мегаваттлик лойиҳа учун ер ажратишга тайёр.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев ва компания раҳбари Онг Ханг Пинг учрашув чоғида қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини муҳокама қилди. Sunview Group мутахассислари иш бошлаш учун Ўзбекистонда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Компания Янги Тошкентда қурилаётган бинолар томига қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда Қашқадарёда сув насосларини яшил энергияга улаш лойиҳаларида ҳам иштирок этиш ниятида.

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда яшил энергетика салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Об-ҳаво: ёмғир ва сел хавфи

Ўзбекистонда ҳафтанинг биринчи ярмида об-ҳаво илиқ ва асосан қуруқ бўлади, лекин чоршанба куни айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда. Ҳарорат 9 апрелгача +23…+30 даражани ташкил этади, кейинчалик 3–6 даражага пасайиши мумкин.

Ўзгидромет маълумотига кўра, 9 апрелда мамлакатнинг жануби, марказий қисми ва Фарғона водийсида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Тошкентда эса 7–11 апрел кунлари ёмғир кутилмайди.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида республика бўйлаб ҳаво бироз булутли, лекин қуруқ бўлади. Ҳарорат яна кўтарилиб, ҳафта охиригача +28…+31 даражага етади.

Шамол тезлиги сониясига 7–12 м, баъзи жойларда 15–20 м гача бўлиши мумкин. 7 апрелда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел ва сув тошқин хавфи, 7–8 апрелда эса Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғларида қор кўчиши эҳтимоли бор.

Мавзуга оид