Ўзбекистон | 12:24 / 06.04.2025
27095
7 дақиқада ўқилади

Гўшт нархи ошиши: бунга қайси омиллар таъсир қиляпти?

Феврал ойи охиридан бошлаб аввал пойтахтда, кейин бутун Ўзбекистон бўйлаб гўшт нархининг ошиши юз берди. Миллий статистика қўмитасига кўра, биргина март ойида қўй гўшти 9,1 фоизга, мол гўшти 8,8 фоизга қимматлаган. Хўш, бунга нима сабаб бўлмоқда?

Дунё бўйлаб 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 6 долларни ташкил этади. Айни пайтда Ўзбекистондаги ўртача нархлар эса 8-11 доллар атрофида. Kun.uz мухбири суҳбатлашган маҳаллий қассобларнинг сўзларига кўра, яқин кунларда нархлар яна ошиши мумкин.

Охирги йилларда гўшт нархининг қимматлашишига бир нечта омиллар мажмуаси таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Биринчидан, чорва молларини озиқлантириш учун ажратилган ер майдонлари қорамоллар сонига мутаносиб эмас. Олдин мавжуд бўлган яйловларнинг ўрни экинзорга айланиши билан номутаносиблик кенгайиб боряпти. Яъни фермер чорвачиликни кенгайтиришни истаса ҳам, бунинг учун унда етарли ер майдони мавжуд эмас.

Яйлов чорвачилигида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлар қорамолчиликдагига нисбатан анча кам бўлиб, маҳсулот ишлаб чиқариш таннархнинг пастлиги туфайли гўшт нархини мувозанатловчи асосий омил ҳисобланади. Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги сабабли яйловларнинг қисқариши табиий равишда кучайиб боряпти. Шунингдек, бута ва ярим бута ўсимликларини ўтин ва бошқа хўжалик эҳтиёжлари учун чопиб олиш ҳам яйловлар инқирози ва чўлланиш жараёнини тезлаштирган.

Ўз навбатида, яйловларнинг қисқариши мавжуд захиралардан кўпроқ фойдаланишни тақозо этади. Бунинг оқибатида ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланиши ва уруғ ҳосил қилиши, тупроққа уруғларнинг тўкилиши каби муҳим табиий жараёнлар секинлашади.

Яъни ҳозирги нархлар ошишини барқарорлаштириш, бозордаги таклифни ошириш учун биринчи навбатда мазкур кўп йиллик тизимли муаммони ҳал қилиш керак бўлади. Чўл яйловларининг ҳажми ва ҳосилдорлигини оширмай туриб, уларда боқилаётган чорва ҳайвонлари бош сонини кўпайтиришнинг иложи йўқ. Масалан, айрим мамлакатларда яйловлар ҳолатини яхшилаш учун ҳар йили бир йиллик ўсимлик уруғларини сепиш йўлга қўйилган.

Иккинчидан, гўштнинг катта қисми одамлар томонидан хонадонларда етиштирилади. Бунда қўшимча даромад олиш мақсадида ёш қорамол чорвадордан сотиб олинади ва семиртириб сотилади. Шрот ва кунжара каби маҳсулотлар нархининг тез ўзгарувчанлиги, ем-хашак учун ер майдонларининг етарли эмаслиги, маккажўхори каби экинларни экишга қўйилган норасмий чекловлар чорва учун озиқ-овқат нархларини қимматлаштиряпти.

Натижада умумий нарх ошишидан истеъмолчилар азият чекяпти. Умуман, гўштга пахта ёки ғалла каби биринчи навбатдаги стратегик маҳсулот сифатида қаралмайди.

Учинчидан, 2025 йилда глобал миқёсда ҳам гўшт нархининг ўсиши кузатиляпти. Масалан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (FАО) мол гўшти нархлари индекси март ойида 132 пунктдан ошган. Бу – охирги 33 ойдаги энг баланд кўрсаткич.

Нарх қимматлашиши қўшни республикаларда ҳам кузатиляпти. Жумладан, март ойида Қозоғистонда мол гўшти нархи 3,5 фоизга, қўй гўшти нархи эса 3,4 фоизга ошган. Қирғизистонда эса гўшт маҳсулотларининг инфляцияси 3 фоиз бўлган.

Гўшт қанчага қимматлашди?

Гўшт нархининг қимматлашиши республиканинг турли ҳудудларига ҳар хил таъсир қилган. Масалан, Қашқадарё вилояти Нишон туманида мол гўшти 95 минг сўмдан 110 минг сўмга, қўй гўшти эса 110 минг сўмдан 120 минг сўмга ошган. Наманган вилоятининг Чортоқ деҳқон бозорида лаҳм мол гўштининг баҳоси 110 минг сўмдан 130 минг сўмгача, Фарғона шаҳрида эса 120 минг сўмдан 150 минг сўмгача кўтарилган. Тошкент шаҳридаги савдо расталарида эса 120-125 минг сўм оралиғида сотилган лаҳм мол гўштининг нархи 140-150 минг сўмга етди.

Гўшт – сўнгги йилларда энг кўп қимматлаган маҳсулотлардан бири. 2010 йилнинг охирида бир кило гўшт 9 минг сўм, 2011 йил якунида 15 минг сўм, 2014 йилнинг ўрталарида эса 26 минг сўмдан таклиф қилинган. Бу кўрсаткич кейинги йилларда қуйидагича ўзгарди:

  • 2016 — 35 000 сўм;
  • 2017 — 38 000 сўм;
  • 2018 — 46 000 сўм;
  • 2020 — 60 000 сўм;
  • 2021 — 70 000 сўм;
  • 2022 — 90 000 сўм;
  • 2024 — 120 000 сўм;
  • 2025 — 140 000 сўм;

Статистика қўмитасининг расмий рақамларига қарайдиган бўлсак, суякли мол гўшти нархининг ошиши кейинги йилларда қуйидагича бўлган:

  • 2017 йил – 35,9 фоиз (умумий инфляция – 14,4 фоиз);
  • 2018 йил – 26,9 фоиз (умумий инфляция – 14,3 фоиз);
  • 2019 йил – 26,6 фоиз (умумий инфляция – 15,2 фоиз);
  • 2020 йил – 21,1 фоиз (умумий инфляция – 11,1 фоиз);
  • 2021 йил – 10,4 фоиз (умумий инфляция – 9,98 фоиз);
  • 2022 йил – 9,8 фоиз (умумий инфляция – 12,3 фоиз);
  • 2023 йил – 9,3 фоиз (умумий инфляция – 8,8 фоиз);
  • 2024 йил – 35,9 фоиз (умумий инфляция – 14,4 фоиз);

Гўшт етиштириш ва импорт

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда 2,9 млн тонна гўшт (тирик вазнда) етиштирилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 3,9 фоизга кўп. Ўз навбатида гўшт етиштириш 2023 йилда 2,8 млн тоннани, 2022 йилда эса 2,7 млн тоннани ташкил этган. Яъни аҳоли истеъмол қиладиган гўштнинг асосий қисми мамлакат ичкарисида етиштирилади.

Шу билан бирга, йилдан йилга импорт ҳажми ҳам ошиб боряпти. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистонга 510 млн долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Шундан 366 млн долларлик маҳсулот (қарийб 94 минг тонна) қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келади. Бу 2023 йилга нисбатан миқдор жиҳатдан 57 фоизга, қиймат жиҳатдан эса 51 фоизга ошган. Шунингдек, ўтган йилда 119 млн долларлик тирик ҳайвонлар импорти амалга оширилган.

2025 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистонга 108, 5 млн долларлик (ўсиш +85 фоиз) 26,6 минг тонна (+ 76 фоиз) қорамол гўшти олиб кирилган. Бунда 1 кг гўштнинг ўртача баҳоси 4,08 долларни ташкил этган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 3,88 долларга тенг бўлган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда гўшт импорти учун божхона божининг нол ставкаси қўлланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мол ёки қўй гўшти нархининг ошиши одамларнинг молиявий ҳолатига сезиларли даражада таъсир қилади. Айниқса, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари – пенсия олувчилар, кам даромадли оилалар ва ишсизлар бундан энг кўп зарар кўради.

Гўшт соғлом овқатланишнинг ажралмас қисми, аммо унинг қимматлиги кундалик рационда ушбу маҳсулот улушини камайтириб, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган моддалар етишмовчилигига сабаб бўлади.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид