Спорт | 08:07 / 06.04.2025
17525
3 дақиқада ўқилади

Баҳодир Жалолов украиналик рақибни мағлуб этди

У профессионал фаолиятида илк бор нокаут билан ғалабага эриша олмади.

©Турар Казангапов, Vesti.kz

Ўзбекистонлик икки карра Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов (15–0, 14 КО) 5 апрел куни Остонадаги профессионал бокс оқшоми доирасида украиналик Игор Шевадзуцкийни (12–3, 10 КО) мағлубиятга учратди.

Биринчи раундда Жалолов ташаббусга эгалик қилди, аммо раунд охирида Шевадзуцкий ҳам яхши ҳужумлар уюштирди. Кейин эса ўзбекистонлик боксчи ўнг жеб ва чап тўғри зарба комбинацияси билан яхш ишлади ва рингда устунлик қила бошлади. Учинчи раундда «Катта ўзбек» лақабли боксчи украиналик рақибни айнан шу услубда нокдаунга учратди.

Игор Шевадзуцкий тезда ўзига келди ва биринчи рақам остида ҳаракатланишда давом этди. Жалолов оёқда яхши ишлади, тезлик, эпчиллик ва чап қўлдаги реактив зарбалари билан жавоб қайтарди. 

Еттинчи раунд охирида 35 ёшли украиналик учта зарбасини Жалоловга теккизиб, уни саросимага тушириб қўйди ва Олимпиада ўйинларининг икки карра чемпиони осонлик билан ғалаба қозонишини кутганларга адашганини кўрсатиб қўйди.

Якуний, ўнинчи раундда мухлислар жанг қилишдан кўра кўпроқ клинчда қучоқлашиб турган боксчиларга ҳуштак чала бошлади. Натижада мухлислар «Игор, Игор!» деб қичқира бошлади ва Шевадзуцкий фаолроқ бўлди, деб ёзади Қозоғистон нашри.

Учрашув якунида Баҳодир Жалолов ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалаба қозонди (100–89, 97–92, 97–93).

Баҳодир Жалолов икки карра жаҳон (2019, 2023) ва Олимпия ўйинлари (2020, 2024) чемпиони ҳисобланади. Профессионал сифатида у 2015 йилнинг май ойида дебют қилган. Шу вақтга қадар Жалолов 15 та ғалабага эришган ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган. Шевадзуцкий унга нокаут билан ютқазмаган илк рақиб бўлди.

Жалолов профессионал боксдаги охирги жангини 2023 йил ноябрида ўтказиб, Крис Томпсонни мағлуб этганди.

Остонадаги бокс кечасида ўзбекистонлик яна бир боксчи Отабек Холматов 8 раундлик жангнинг охирги раундида филиппинлик Жейсон Канони нокаутга учратди.

Бу бир йиллик танаффусдан сўнг яна рингга қайтган ярименгил вазн тоифасидаги спортчининг фаолиятидаги 13-ғалабаси бўлди.

Мавзуга оид