22 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Сирдарёга ҳоким бўлган Турдимов, Ўзбекистон футболи раҳбариятидаги ўзгаришлар, сайёҳдан пора олган самарқандлик ИИБ ходимлари ва тергов ҳибсхонасидан олдинги мажбурий тиббий кўрик — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Эркинжон Турдимов Сирдарёга ҳоким бўлди
Ўзбекистон президенти фармонига кўра, Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Турдимов 1969 йил Самарқанд вилоятида туғилган, иқтисодчи мутахассислигига эга. У ўз фаолиятини банк соҳасида бошлаган ва Навоий, Сурхондарё ҳамда Самарқанд вилоятларида ҳоким сифатида хизмат қилган. 2024 йил ноябрида саломатлиги боис лавозимини тарк этган Турдимов яна раҳбарлик лавозимига қайтди.
Сирдарё вилоятини 2022 йилдан буён Акмалжон Маҳмудалиев бошқарганди. У 2024 йил январда инвестицияларни жалб қилиш ва қишлоқ хўжалигидаги камчиликлари сабаб лавозимидан озод қилинган.
Абдусалом Азизов ЎФА раҳбарлигидан кетди
Ўзбекистон Футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов ўз лавозимини тарк этди. Ассоциация маълумотига кўра, 22 февралда навбатдан ташқари сайлов Конгресси ўтказилади, унгача ЎФА президенти вазифалари биринчи вице-президент Равшан Эрматовга юклатилди.
Абдусалом Азизов 2019 йил июл ойидан бери ЎФАни бошқариб келган.
У 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор муҳим лавозимларда фаолият юритган: январ-сентябр ойларида ички ишлар вазири, 2017 йил сентябрдан 2019 йил февралгача мудофаа вазири, кейин эса 5 йил давомида Давлат хавфсизлик хизмати раиси сифатида ишлаган. 2024 йил ноябрида у ишдан бўшатилган эди.
Декабр ойида Абдусалом Азизов президент маслаҳатчисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Сречко Катанец МТЖ бош мураббийлигидан кетди
Футболга оид яна бир тайинлов ҳақида хабар. Словениялик мутахассис Сречко Катанец соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон Футбол ассоциацияси билан тузилган шартномани ўзаро розилик асосида бекор қилди.
Катанец ўз мурожаатида вазифаларини тўлақонли ва профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан таъкидлади ва ассоциацияга доимий қўллаб-қувватлагани ҳамда самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди. Катанец миллий терма жамоамизга Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида омад тилади.
Миллий жамоа бош мураббийлигига вақтинчалик Темур Кападзе тайинланди. У Доҳада ўтаётган машғулот йиғинига қўшилади ва Ўзбекистон терма жамоасини Ўрдунга қарши ўртоқлик ўйинига бошлаб тушади.
Сайёҳлардан пора олган ИИБ ходимлари
Самарқандда кореялик сайёҳга Регистонга кириш чиптаси учун ноқонуний равишда пул сўраш ҳолати аниқланди. Сайёҳ Парк Жун Ҳе YouTube'даги «Deno trip» каналида ушбу воқеанинг видеотасвирини жойлаган.
Видеода жанубий кореялик сайёҳ Регистон майдонига чипта харид қилиш учун йўл қидираётганда, икки нафар ички ишлар ходими ундан 50 минг сўм талаб қилгани акс этган. Ходимлар пулни девор ортидаги чиқинди қутисининг ичига қўйишни айтган. Парк Жун Ҳе кўрсатилган жойга пулни қўйиб, видео орқали улар пора олганини тасдиқлаган.
Kun.uz маълумотига кўра, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказди. Натижада, патрул-пост хизмати баталйонининг икки ходими ички ишлар органи нуфузига путур етказгани сабабли лавозимидан озод қилинган.
Маҳаллаларда «намунали хавфсиз кўча» лойиҳаси
Президент фармони билан 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Фармонга кўра, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш мақсадида ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш хавфи бўлган шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар E-ma’muriy ish тизимида рўйхатдан ўтганда, ҳуқуқбузарлар ва жабрланувчиларга автоматик тарзда ижтимоий профилактика тадбирлари тавсия этилади.
Криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда камида биттадан «намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз йўлак»лар ташкил қилинади. Бу тадбирларни амалга оширган ва криминоген вазиятни барқарорлаштирган «маҳалла еттилиги» ҳамда сектор раҳбарлари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантирилади.
Тергов ҳибсхонасидан олдинги тиббий кўрик
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида жиноят ишини юритиш чоғида шахсни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, қабул қилинди.
Қонунга мувофиқ, шахсни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин уни ҳибсхонага келганидан бошлаб 2 соат ичида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий этилади.
Тиббий кўрик давомида шахснинг танасида жароҳат ёки шикастланишлар аниқланса, бу ҳақда зудлик билан прокурорга хабар бериш талаб этилади.
Қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Мавзуга оид

22:55 / 21.04.2025
21 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:39 / 18.04.2025
18 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

22:37 / 17.04.2025
17 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:07 / 16.04.2025