Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси этиб тайинланди
Бунгача у Ўзбекистоннинг БААдаги элчиси, Ташқи ишлар вазирлиги департаменти директори, Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган.

Фото: "Дунё" АА
Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилмоқда.
Янги элчи 51 ёшда. У Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Россия ташқи савдо академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1994 йилда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) марказий аппаратида бошлаган. У ерда етакчи, бош мутахассис, вазир ёрдамчиси, бош бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2001 йилда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига биринчи котиб, сўнгра савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи сифатида ишга юборилган.
Хорижий хизмат сафаридан қайтгач, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги қошидаги иқтисодий тузилмаларда ҳамда Вазирлар Маҳкамасида шуъба мудири сифатида фаолият юритган.
2019−2022 йилларда Бирлашган Араб Амирликларида элчи бўлган. Шунингдек, ТИВ департаменти директори, Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Бахтиёр Ибрагимовга қадар 2018-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев бўлган.
Таъкидланишича, янги элчи Бахтиёр Ибрагимов Қозоғистон пойтахтига бугун етиб борган.