Жаҳон | 22:02 / 14.04.2025
5065
2 дақиқада ўқилади

Суриянинг Москвадаги элчиси Россиядан бошпана сўради

Элчи Башар ал-Жафари Суриянинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналаридаги ўзгаришлар сабаб ўтган ҳафта мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратига чақирилган эди.

Фото: Коммерсантъ

Суриянинг Москвадаги элчиси Башар ал-Жафари Россиядан бошпана сўради, деб хабар бермоқда ТАСС.

Қайд этилишича, Сурия диаспораси уни Дамашққа чақириб олишни талаб қилган, чунки элчи Башар Асадни қўллаб-қувватлаган олдинги режимнинг муҳим вакилларидан ҳисобланади.

Ўтган ҳафта Башар ал-Жафари Суриянинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналаридаги ўзгаришлар сабаб мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратига чақирилгани маълум бўлганди. 2020-2022 йилларда ал-Жафари Сурия ТИВ раҳбарининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган, 2006 йилдан 2020 йилгача эса республиканинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонасини бошқарган.

Сурияда ҳокимият алмашганидан кейин ал-Жафари Башар Асадни танқид қилиб чиққан эди. Мамлакатнинг янги раҳбариятини у «катта истиқболли» деб атаган. Сурия диаспораси ал-Жафарининг Дамашққа қайтишига шубҳа билдирган, чунки ТИВ марказий аппаратига ўтказилиши уни қўлга олиш учун баҳона бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Башар ал-Жафари Россиядан бошпана сўраганини рад этди. «Йўқ, ушбу янгилик мутлақо нотўғри. Бундай хабарлар қаердан пайдо бўлганига ҳайронман», — деди элчи «РИА Новости»га.

ТАСС манбасига кўра, Сурия элчисининг бошпана борасидаги сўрови кўриб чиқилади, унинг ўзи эса Дамашққа қайтишни ҳозирча режалаштирмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 8 декабр куни Сурияда ҳокимият тепасига «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи келди. 10 декабр куни Муҳаммад ал-Башир ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинланганини эълон қилди. Башар Асад эса мамлакатдан Россияга қочиб кетди. РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Асад оиласига бошпана бериш қарорини шахсан Путиннинг ўзи қабул қилган.

Мавзуга оид