13:19 / 08.05.2024
5347

Лондон: 9 мингга яқин чечен Украинага қарши урушда қатнашмоқда

Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украинага қарши кенг кўламли уруш бошида чечен бўлинмаларининг катта йўқотишлари туфайли улар орқага ўтказилган, аммо "Вагнер" ХҲК у ердан кетганидан кейин фронтга қайтарилган.

Фото: Alexander Reka/TASS/dpa/picture alliance

Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украинага қарши урушда чеченистонлик 9 мингга яқин жангчи қатнашмоқда. "Эҳтимол, фронт чизиғидаги жангларнинг оғирлиги чечен махсус бўлинмалари гарданига тушмоқда, чечен кучларининг асосий қисми эса орқада хавфсизлик амалиётларини ўтказишда давом этмоқда", — дея маълум қилди 7 май, сешанба куни Британия департаменти.

Лондонда таъкидланганидек, чечен қўшинлари 2014 йилдан бери Украинада Россия Федерацияси томонида жанг қилмоқда ва 2022 йил феврал ойида Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг, Кавказ республикасидан яна ҳам кўпроқ бўлинмалар Украинага ўтказилди. У ерда улар дастлаб катта йўқотишларга дучор бўлди ва кейин ортдаги операциялар учун жўнатилди, бу ерда уларнинг борлиги, айниқса, ижтимоий тармоқлардаги видеолар орқали сезилди.

"Вагнерчилар" кетганидан кейин чеченлар фронтга қайтди

"Россиянинг "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси 2023 йилнинг май ойида фронтни тарк этганидан бери чечен бўлинмалари олдинги чизиққа қайтарилди", — дея таъкидлади Британия Мудофаа вазирлиги.

Бундан ташқари, департаментга кўра, чечен қўшинлари россиялик аскарларни Украинага қарши урушда иштирок этиш бўйича ўқитмоқда. Шу билан бирга, Лондон чечен маълумотларига таяниб, 2022 йил февралидан ҳозирги кунгача 42 мингга яқин ҳарбий хизматчи Россиянинг Гудермесдаги махсус кучлар хусусий университетида ўқитилганини билдирди. "Шу билан бирга, бу университетда ҳарбийлар фақат 10 кунгача давом этадиган машғулотлардан ўтиши эҳтимолдан холи эмас, бу эса ўқув ва таълим муассасасининг самарадорлигига шубҳа уйғотади", — дейилади баёнотда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top