Жаҳон | 23:30 / 18.07.2025
719
2 дақиқада ўқилади

Украина «Газпром» серверларига кенг кўламли ҳакерлик ҳужуми уюштирганини эълон қилди

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳакерлик ҳужуми оқибатида «катта ҳажмдаги маълумотлар» йўқ қилинган, шунингдек, компаниянинг ахборот тизимларини янада бузиш учун мўлжалланган махсус дастурий таъминот ўрнатилган.

Фото: NurPhoto

Украина Бош разведка бошқармаси (ГУР) 17 июл куни Россиянинг «Газпром» компанияси тармоқ инфратузилмасига кенг кўламли киберҳужум уюштирди, деб хабар берди Kyiv Independent идорадаги манбасига таяниб.

Операциянинг нишони, суҳбатдошнинг таъкидлашича, дунёдаги энг йирик газ ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчилардан бири бўлган «Газпром» ва унинг шуъба корхоналарининг компютер тизимлари эди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳакерлик ҳужуми оқибатида «катта ҳажмдаги маълумотлар» йўқ қилинган, шунингдек, компаниянинг ахборот тизимларини янада бузиш учун мўлжалланган махсус дастурий таъминот ўрнатилган.

Манбанинг таъкидлашича, 20 мингга яқин администраторлар учун «Газпром»нинг ички тизимларига кириш чеклаб қўйилган, асосий маълумотлар базаларининг захира нусхалари йўқ қилинган.

Киберҳужум «Газпром теплоэнерго», «Газпром облэнерго» ва «Газпром энергосбыт» каби 390 га яқин шуъба корхоналари ва филиалларига таъсир қилган.

«Газпром» компанияси кенг кўламли ҳакерлик ҳужуми ҳақидаги хабарга изоҳ бермади.

Мавзуга оид