16:16 / 05.05.2024
7833

Гулистонда “Нексия”нинг газбаллони портлаб кетди

Портлаш кучли бўлгани учун машина кичик бўлакларга бўлиниб кетган. Бироқ ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Фото: Видеодан кадр

Гулистон шаҳрида йўл четида турган “Нексия” машинасининг газбаллони портлаган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2024 йил 4 май куни соат 14:03 да фуқаро Л.Н. бошқарувида бўлган “Нексия” машинаси Гулистон шаҳар Дўстлик маҳалласи, Хондамир кўчаси йўл четида тўхтаб турган вақтда унга ўрнатилган газбаллони портлаган.

Қайд этилишича, ҳодиса содир бўлган вақтда машина салонида ҳеч ким бўлмаган. Ҳодисада оғир турдаги тан жароҳати олганлар йўқ.

Ҳодиса жараёни атрофдаги кузатув камераларидан бирига муҳрланган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда портлашдан сўнг машина кичик бўлакларга бўлиниб кетганини кўриш мумкин.

Top