11:24 / 05.03.2024
14485

Гулистон шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Чилонзор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Хожиманов Гулистон шаҳри ҳокими бўлди. Шаҳарнинг собиқ ҳокими Тўлқинжон Дадабоев аввалроқ соғлигидаги муаммолар сабаб ўз аризасига биноан лавозимдан озод этилганди.

Фото: Сирдарё вилояти хокимлиги

Хожиманов Жамолиддин Ҳусниддинович Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри ҳокими лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун халқ депутатлари Гулистон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев иштирок этган.

Сессияда вилоят ҳокими Гулистон шаҳар ҳокими лавозимига Хожиманов Жамолиддин Хуснуддинович номзодини тавсия қилган. Халқ депутатлари Гулистон шаҳар кенгашининг қарори билан у Гулистон шаҳар ҳокими этиб тайинланган.

Жамолиддин Хожиманов 1987 йилда Сардоба туманида туғилган. Маълумоти олий. 2011 йил Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит.

У меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида молия ва иқтисодиёт соҳаларида турли ташкилотларда масъул вазифаларда ишлаган. Тайинловга қадар Чилонзор туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Гулистон шаҳрига 2019 йил 25 февралдан буён ҳокимлик қилиб келаётган Тўлқинжон Дадабаев 2024 йилнинг 6 феврал куни соғлиғи туфайли лавозимидан озод этилганди.

Top