Спорт | 15:48 / 12.08.2023
27906
10 дақиқада ўқилади

«ПСЖ» ва «Бавария»да суперхаридлар. Сўнгги трансфер хабарлари

«Реал» Куртуага ўринбосар изламоқда, «Челси» ва «Ливерпул» бир футболчини талашмоқда. 

Янги кун — янги трансфер хабарлари. Бугун ҳам бир неча клублар навбатдаги харидларини эълон қилди, хусусан, Ҳарри Кейннинг узоқ кутилган ўтиши амалга ошди, Дембеле Францияга қайтди ва «Манчестер Сити» кутилмаган юришга тайёрланмоқда.

Кейн барибир «Бавария»га ўтди

Ёзнинг асосий трансфер эртаги яхшилик билан якунига етди. Биз ҳар куни бир-бирини рад этувчи турли хабарлар ўқидик — гоҳ Ҳарри Кейн «Бавария»га кетиши ҳал бўлгани айтилса, гоҳ у «Тоттенҳэм»да қолишга қарор қилгани ҳақида гаплар чиқди. Аммо энди бу масалага узил-кесил нуқта қўйилди. Жума куни инсайдер Фабрицио Романо клублар келишиб олгани ва энди англиялик футболчи тиббий кўрикдан ўтиш учун Мюнхенга учаётгани ҳақида хабар берди. Бир неча соат ўтиб тўпурар ҳужумчи чиндан ҳам Германия шаҳрига учиб келди.

Бугун эса мюнхенликлар трансферни расман эълон қилди.  Футболчи учун «Тоттенҳэм»га 100 миллион евро тўланади ва яна 20 миллион бонус сифатида кўзда тутилган, унинг ўзи билан тўрт йиллик шартнома имзоланди.

«Бавария» бу орқали Роберт Левандовски кетганидан кейин марказий ҳужумчи позициясида юзага келган муаммога барҳам берди. Бу позицияни аслида вингер бўлган Эрик Шупо-Мотинг билан ёпиб туришганди.

«Тоттенҳэм» эса кейинги йил ёзида текинга кетиши мумкин бўлган футболчи учун катта пул ишлаб олди. Қолаверса, жамоа бу билан ички чемпионатдаги рақиблари сафини кучайтирмади, футболчига кўп вақтлардан буён «МЮ» ва «Сити» қизиқиб келаётган, аммо Леви ҳужумчини уларга сотмаганди.

30 ёшли футболчининг ўзи эса ниҳоят фаолиятида ўзгариш қилди (икки-уч йилдан буён у совринлар учун курашувчи жамоага ўтиши кераклиги ҳақида айтиб келишарди, унга «Реал»дан ҳам қизиқиш мавжуд эди). Қанчалик ажабланарли бўлмасин, у шу ёшга чиқиб бирорта соврин қўлга киритмаган. Энди эса у бугуннинг ўзида «РБ Лейпциг»га қарши кечадиган Германия Суперкубоги ўйинида майдонга тушиши мумкинлиги ҳам истисно этилмаяпти.

Усмон Дембеле – «ПСЖ» футболчиси

«Барселона» ҳужумчиси Усмон Дембеле «ПСЖ»га ўтди, парижликлар клуби матбуот хизмати уни жамоанинг янги футболчиси сифатида расман таништирди.

26 ёшли француз билан шартнома 5 йилга — 2028 йил июнига қадар мўлжалланган. Парижликлар сафида ушбу форвард 23-рақамли футболкада тўп суради. Трансфер 50 миллион евро эвазига амалга ошган. Бу Дембеленинг шартномасида кўрсатилган бадал пули ҳисобланади. Келишув шартларига биноан, маблағнинг тенг ярми футболчининг ҳисоб рақамига ўтказилиши белгиланган.

«Барселона» Дембелени 2017 йил ёзида, «ПСЖ»га ўтиб кетган Неймар ўрнига шошилинч равишда «Боруссия»дан 130 миллион еврога сотиб олганди. У каталонияликлар сафида 3 марта Испания чемпиони бўлди (2017/18, 2018/19, 2022/23), Испания Кубоги (2017/18, 2020/21) ва мамлакат Суперкубогини қўлга киритди (2018, 2022/23).

Ўтган мавсумда Дембеле «Барселона» учун барча турнирлар доирасида 35 та ўйинда майдонга тушиб, 8 гол урди ва 9 голга узатма берди.

«Челси» ва «Ливерпул» Кайседо учун курашмоқда

Шундай ҳиссиёт пайдо бўлганки, Мойсес Кайседо атрофидаги вазият ҳар соатда ўзгармоқда. У гоҳ «Челси»га ўтган бўлади, гоҳ «Ливерпул» учун тиббий кўрикдан ўтади, гоҳ яна барчаси ўзгариб кетади. 

«Ливерпул» ёки «Челси» яқин кунлар ичида АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо трансферни амалга ошириши керак — «Брайтон» эквадорлик ҳавбек Мойсес Кайседо учун 127,6 миллион евродан ортиқ маблағ олишни истамоқда.

Бироз аввалроқ «Брайтон» «Челси»нинг 100 млн фунтлик таклифини рад этган, мерсисайдликлар эса ундан кўпроқ, 110 млн фунтлик таклиф бериб, масалани ҳал қилгандек эди.

The Athletic маълумотига кўра, жума куни футболчи  «Ливерпул»га трансфер олдидан тиббий кўрикдан ўтганди. Ҳатто Юрген Клопп ушбу 21 ёшли футболчи трансферини тасдиқлаганди.

«Менга айтишдики, тасдиқлашим мумкин: клуб Кайседо бўйича келишувга эришган. Ҳали футболчининг ўзи билан кўришишимиз керак», — деганди мутахассис. Аммо у шошилган бўлиб чиқди.

Куннинг иккинчи ярмида инсайдер Фабрицио Романо ҳали барчаси ҳал бўлмагани ва «Челси» «Ливерпул»никидан яхшироқ таклиф беришга тайёрлигини айтди. Унинг маълумотига кўра, Кайседонинг ўзи ҳам Лондон клубига ўтишни истайди - у май ойида лондонликлар жамоаси вакилларига сўз берган ва шу сўзида туришни истамоқда.

Жума куни кечқурун Романо «Ливерпул» Кайседо учун курашдан чиқиши мумкинлигини хабар қилди. «Челси» эса аксинча «Брайтон» билан музокараларни фаол олиб бормоқда. Шунингдек, Кайседо лондонликлар клубининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига обуна бўлган.

«Реал» Куртуага ўринбосар қидирмоқда

Мадриднинг «Реал» клуби асосий дарвозабони Тибо Куртуа мавсум охирига қадар сафдан чиққани туфайли дарвозабон қидирмоқда. AS маълумотига кўра, Қироллик клубига ўтиш учун асосий номзод — «Севиля» посбони Яссин Буну бўлиб турибди.

32 ёшли марокашлик учун «Реал» 20-25 миллион евро тўлашга тайёр. Испаниянинг Marca нашри қайд этишича, футболчининг 2025 йил ёзига қадар тузилган шартномасида 50 миллион евро миқдорида бадал пули кўрсатилган.

Шунингдек, «Реал»дагилар испаниялик Давид Де Хеа номзодини кўриб чиқаётгани ҳақида ҳам хабарлар бор, аммо жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти ва унинг мураббийлар штаби аъзолари клуб директорлари кенгашига Буну — нисбатан устувор вариант эканини айтишган.

Инсайдер Флориан Плеттенберг эса «Челси» дарвозабони Кепа Аррисабалага «Реал»га ўтишга яқин эканини хабар қилмоқда.

«Ман Сити» Пакета учун 101 млн евро таклиф қилди, «Вест Ҳэм» кўпроқ сўрамоқда

Афтидан, Лукас Пакета «Манчестер Сити»га жуда керак. Англия чемпионлари «Вест Ҳэм»га дастлаб 80 млн евро таклиф қилганди, лондонликлар клуби рад жавобини берганди. «Ман Сити» чекинмади ва таклиф миқдорини оширди. 

Журналист Муҳаммад Буҳафси хабарига кўра, 25 ёшли бразилиялик «Манчестер Сити» билан олти йиллик шартнома бўйича келишиб қўйган.

«Шаҳарликлар» «Вест Ҳэм»га 98 миллион евро, шунингдек бонуслар кўринишида тўланадиган 11,6 миллион евро таклиф қилган. Аммо «Брайтон»дан ўрнак олган лондонликлар 127 миллион евро талаб қилмоқда.

Клублар ўртасида музокаралар давом этмоқда. Қайд этилишича, «Сити» вазиятга оптимистик руҳ билан қарамоқда ва мақсадига эришишига шубҳа қилмаяпти.

Пакета ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 41 ўйинда майдонга тушиб, беш гол урган ва етти голга узатма берган.

«Манчестер Юнайтед» Фред кетганини эълон қилди

30 ёшли Фред «Олд Траффорд»ни тарк этди. Бу ҳақда сўнгги ҳафта давомида аниқ бўлиб улгурганди, аммо энди томонлар трансфер бўйича узил-кесил келишувга эришди. Бразилиялик футболчи тиббий кўрикдан ўтди ва шартномага имзо чекди.

«Фенербаҳче» клуби трансфер учун 10 млн евро тўлаган, яна 5 млн евро миқдорида бонус ваъда қилинган. Яримҳимоячи манкунианликлар сафида 2018 йилдан буён тўп суриб келаётганди. У клуб билан Англия лигалари кубогини қўлга киритди ва Европа Лигаси финалига чиқди.

«Астон Вилла» Дзаноло бўйича таклиф берди

«Астон Вилла» «Галатасарой»га Николо Дзаноло трансфери бўйича расмий таклиф юборган: бир йилга 3 млн евро тўлаб ижарага олиш ва мавсум якунида 20 млн еврога трансфер қилиш. Бундан ташқари, инглиз клуби футболчининг ижара вақтидаги маошини тўлиқ тўлашга тайёр. Қолаверса, яна 7 млн евро бонуслар кўринишида ўтказиб берилиши мумкин. Ҳозирча «Галатасарой» бу таклифни ўрганмоқда ва жавоб қайтаришга шошилмаяпти.

«Челси» Адамс трансферидан бош тортди

Тайлер Адамс маълум вақтга ўзини «Челси» футболкасида тасаввур қилиб турганди. Лондон клуби унинг шартномасидаги 24 млн евролик тўлов бўйича бандни фаоллаштирган, америкаликнинг ўзи тиббий кўрикдан ҳам ўтганди. Барчаси ҳал бўлгандек кўринаётганди. Аммо «Челси» яна Кайседо трансфери устида ишни тиклади, Адамс эса ўтган мавсум охирида чемпионшипга тушиб кетган «Лидс»га қайтишига тўғри келди. Футболчи барча тиббий синовлардан ўтган бўлса ҳам, «Челси» у билан шартнома имзоламади.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери