Жаҳон | 19:53 / 11.08.2025
3883
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Украинага 2 млн долларлик ёрдам ажратди

Зеленский ва Алиев телефон орқали мулоқот қилиб, Одесса области ҳудудидаги Озарбойжон нефт базасига руслар томонидан уюштирилган ҳужумни қоралади

Фото: AP

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Украинага инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида 2 миллион доллар ажратиш тўғрисида фармойиш имзолади. Президент матбуот хизматига кўра, маблағлар Озарбойжонда ишлаб чиқарилган электр ускуналарини сотиб олиш ва Украинага жўнатишга йўналтирилади.

Бу қарор 10 август куни Алиевнинг Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти ортидан қабул қилинди.

Улар Озарбойжоннинг Украина ҳудудидаги SOCAR нефт базасига «Россиянинг мақсадли ҳаво ҳужумлари»ни қоралаган.

Гап, шунингдек, Озарбайжоннинг Украина ҳудудида жойлашган бошқа объектларига ва Озарбойжон газини Украинага етказиб берувчи газ компрессор станциясига зарбалар ҳақида борган.

Зеленский бу суҳбат ҳақидаги хабарида Россиянинг Украина энергетика объектларига берган зарбалари ҳақида Озарбойжонни хабардор қилганини айтади. «Украина буни Россиянинг бизга ва Европанинг бошқа давлатларига энергия мустақиллигини кафолатлайдиган энергия йўлларини тўсишга қаратилган мақсадли уриниши деб ҳисоблайди», – дея қўшимча қилди у.

Бундан ташқари, Украина президенти Алиевни АҚШ президенти Доналд Трамп ёрдамида эришилган Боку ва Ереван ўртасидаги келишувлар билан табриклаган.

  • Россия қўшинлари 6 августга ўтар кечаси Одессадаги Озарбойжон газини Украина ва Европага ҳайдаш йўналиши ўтадиган компрессор станциясига зарба берди, деб хабар берган Украина энергетика вазирлиги. Бундан бир неча кун олдин, июл ойи охирида Украина биринчи марта Транс-Болқон йўлаги (Украина, Молдова, Руминия, Болгария ва Туркия ҳудудидан ўтувчи магистрал газ қувури) орқали Озарбойжондан газ олганди. 8 августга ўтар кечаси Россия дронлари Озарбойжоннинг Одесса областидаги SOCAR нефт базасига зарба берди.
  • Москва ва Боку ўртасидаги муносабатлар совуқлашуви фонида Украина Озарбойжон билан яқинлашмоқда. Бундай совуқлашув сабабларидан бири 2024 йил декабрида Azerbaijan Airlines авиакомпанияси йўловчи самолёти Грозний осмонида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан уриб туширилиши бўлганди. Алиев Россиядан айбни тан олишни ва жабрланганларга товон пули тўлашни талаб қилди. Москва эса бундай йўл тутмади.

  • Июн ойи охирида Россия ва Озарбойжон ўртасида дипломатик можаро авж олди, у Екатеринбургда йигирма йил аввалги қотиллик туфайли Озарбойжон диаспораси вакилларининг оммавий ҳибсга олиниши ортидан бошланди. Ҳибсга олиш чоғида ишнинг икки фигуранти, ака-ука Ҳусейн ва Зияддин Сафаров ҳалок бўлди. Бокуда ўтказилган экспертиза уларнинг ўлимига кўплаб тан жароҳатлари туфайли юзага келган оғир посттравматик шок сабаб бўлганини аниқлади. Озарбойжон бунга жавобан Бокуда гиёҳванд моддалар контрабандаси ва кибержиноятларда гумон қилинган 10 дан ортиқ россияликни қўлга олди. Қўлга олиш ва тергов жараёнида улар калтакланган.

Мавзуга оид