Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ҲАМАСга таъсири энг кучли давлатлар қайсилар?
Исроил ҲАМАСни Эроннинг прокси гуруҳларидан бири деб билади. Теҳрон Ғазодаги гуруҳни ҳам ҳарбий, ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини иккала томон ҳам очиқ эътироф этади. Лекин ҲАМАСнинг Эронга боғлиқлиги ёки ундан мустақиллиги қай даражада? “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Зокир Усмонов шу ҳақда сўз юритди.

— Ғазо можаросида Эроннинг роли қанчалик мавжуд, ҲАМАСни Теҳроннинг прокси гуруҳи деб аташ асослими?
Камолиддин Раббимов: ҲАМАСни тўлақонли Эроннинг прокси гуруҳи деб айта олмайман. Биринчидан, ҲАМАС бу сунний гуруҳ, иккинчидан Эрон билан алоқалари яхши, лекин тўлақонли Эроннинг лойиҳаси эмас. Фақатгина уларнинг душмани бир – Исроил.
Исроил ҲАМАСни террористик гуруҳ дейди, лекин 1947-48 йилдан бери ҳудудда муттасил фаластинликларни ўлдириб, террор деган атамага мос ҳаракатлар қилаётган куч бу – Исроил. Халқаро ҳуқуқни энг кўп бузган давлат – Исроил. БМТ Бош ассамблеясининг кўплаб резолюцияларидан бирортасига амал қилмайди, ўз сиёсатини давом эттираверади, чунки БМТ Хавфсизлик кенгашида Америка бор. Шу вақтгача БМТ ХКда АҚШ қўллаган ветоларнинг 80 фоизи Исроилни ҳимоя қилиш билан боғлиқ.
Бир вақтлар, яъни 1960-70 йилларда Фаластиндаги озодлик учун курашган гуруҳлар террористик усуллардан фойдаланар эди. СССР даврида араб миллатчилиги ва социализм қоришиб кетди: Исроилга қарши терроризмнинг биринчи тўлқини марксист, социалист ва дунёвий араблар томонидан амалга оширилган. Лекин 1970-йиллардан бошлаб, Ислом дини қаршилик кўрсатиш мафкураси сифатида талқин қилина бошлади ва диний экстремизм, диний терроризм пайдо бўлди. Буни инкор қилиб бўлмайди.
Лекин кейинги ўн йилликлардаги ўйин қоидасига кўра, ҲАМАСга ҳомийлик қилувчи кучлар террор усулидан фойдаланмасликни талаб қиляпти. Чунки бу қаршилик ҳаракатига муваффақият келтирмайди, ахир Исроил – технологик жиҳатдан қудратли давлат.
ҲАМАСга қайси давлатнинг таъсири кўпроқ дейдиган бўлсак, биринчи ўринда Қатар туради. Иккинчи ўринда балки Туркия турар. Эрон учинчи ўринда туриши мумкин.
Зокир Усмонов: Маълумотларга кўра, ҲАМАСнинг 70 фоиз молияси Эрон томонидан етказилади. Шунинг учун ҳам жуда кўплаб араб давлатлари ҲАМАСни қўлламайди.
Эрон ҳам Исроилга қарши, ҳам араб давлатларига ўз ғоялари ва таъсирини ёйиш мақсадида прокси кучлардан фойдаланиб келди. Араб давлатлари эса Эрондан хатар кутгани учун АҚШ базаларини жойлаштирган.
Эрон – теократик тоталитар давлат. Интернетни чеклаш, инсон ҳуқуқларини бузиш бўйича жуда кўплаб санкцияларга учраган. Рухолла Хомейни ҳокимиятга келган илк йилларида минглаб одамларни репрессия қилган. Ҳозир ҳам жуда кўплаб қўзғолонлар куч билан бостирилади. Эрон исломий давлат, лекин исломий давлат атрофидаги қўшниларини гижгижлаб, минтақавий беқарорлик ва ишончсизликка олиб келадиган турли лойиҳалар қилиши тўғрими?
Камолиддин Раббимов: Сизнинг саволингиздан бир савол чиқби келади: минтақада Эрон бирламчи муаммоми ёки Исроилми?
1979 йилда инқилоб бўлишидан олдин шоҳ Муҳаммад Ризо Пеҳлавий даврида Исроилни биринчи бўлиб тан олган давлатлардан биттаси Эрон эди. Эрондаги ички омиллар сабаб у ерда ҳокимият ўзгарди. Лекин 1967 йилги чегараларни бузган давлат қайси? Ўзига қўшни 7 та давлатга бостириб кирган Исроилми, Эронми? Эрон қайси қўшни давлатга бостириб кирди?
Зокир Усмонов: Бостириб кириши шарт эмас, прокси уруш юритяпти-ку.
Камолиддин Раббимов: Ҳаммасини Эронга боғлаб қўяяпсиз-да. Биринчи фундаментал муаммо – Исроилнинг ўзи. Чунки халқаро ҳуқуқни Эрон кўп бузгани йўқ. Халқаро ҳуқуқ доирасида гапирадиган бўлсак, БМТ Бош Ассамблеясининг санкциялари асосан Исроилга қарши.
Араб давлатларининг бўлинишига келсак, Эронда инқилоб бўлишидан олдин, совуқ уруш даврида араб давлатлари иккига бўлинган эди: ҳамма монархиялар Американинг тарафдори, нисбатан прогрессив бўлган давлатлар совет иттифоқининг иттифоқчилари эди: Сурия, Ироқ, Ливия, қисман Миср...
Зокир Усмонов: Эрон хатар бўлмаса, нима учун араб давлатлари АҚШ базаларини жойлаштирган?
Камолиддин Раббимов: Америка базалари фақат Эронга қаратилган эмас. Араб давлатлари ичидаги бўлинишларда, биринчи бўлиб Саддам Ҳусайн Кувайтга бостириб кирди. Қолаверса, дунёда энг кўп ҳарбий базаларга эга давлат – АҚШ. Совуқ уруш даврида АҚШ томонида бўлган араб давлатлари ўз ҳудудига Америка базаларини жойлаштириши табиий ҳолат. Чунки айнан АҚШ – дунёда муттасил уруш қилаётган давлат.
Англия ўзининг даврида – 19-асрда энг демократик давлат эди, лекин энг империалистик давлат ҳам эди. Бугунги кунда энг демократик давлат ҳам Америка, ташқи сиёсатда энг агрессив давлат ҳам Америка.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид

11:25 / 30.07.2025
🔴LIVE: Трамп Путинга сўнгги имконни берди

11:15 / 30.07.2025
Исроил Ғазо секторини тўлиқ аннексия қилиш масаласини кўриб чиқмоқчи

10:59 / 30.07.2025
Dpa: Араб давлатлари ҲАМАСни Ғазода ҳокимиятдан кетишга чақирди

22:46 / 29.07.2025