Жаҳон | 12:58 / 15.07.2025
1703
2 дақиқада ўқилади

"Москва-Сити"да ВТБ дронлар таҳдиди туфайли масофавий ишлашга ўтди

ВТБ банки ўзининг "Москва-Сити"даги марказий офиси ходимларини Украина дронларининг ҳужумлари хавфи туфайли масофавий иш форматига ўтказиши ҳақида маълум қилди.

Фото: Михаил Терещенко/ ТАСС

11 июл, жума куни кечқурун ВТБ банки раҳбарияти ўзининг «Москва-Сити» бизнес кварталида "Запад" минорасидаги марказий офиси ходимлари аксариятини Украина дронларининг ҳужумлари хавфи туфайли масофавий иш форматига ўтказиши ҳақида хабар берди. Бу ҳақда The Bell 14 июл, душанба куни банкка яқин икки манбага ва "Сити"да офиси бўлган бошқа компания ходимига таяниб хабар берди. Ўша куни журналист Ксения Собчак ўзининг Telegram-каналида «Осторожно Media» манбаларига таянган ҳолда бу ҳақда ёзди.

The Bell манбасига кўра, банк бўлинмаларига офисда ходимларнинг 20 фоизини қолдиришга рухсат берилган. Чекловлар икки ҳафтага жорий этилди. Ксения Собчак ҳам худди шундай муддат ҳақида ёзган. Бироқ, у ўз постида «масофадан ишлаш ёз охиригача узайтирилиши мумкинлигини» инкор этмади.

Собчакнинг сўзларига кўра, баъзи компаниялар «хавф унчалик жиддий эмас» деган қарорга келган ва ходимларга фақат тунги вақтда офисларга боришни тақиқлаган. Офиси "Москва-Сити"да жойлашган вазирликлардан бири, шунингдек, Ozon ва "Сбер"даги The Bell манбалари ҳозирча ҳеч қандай чекловлар киритилмаганини айтди.

ВТБ матбуот хизмати The Bell сўровига жавоб бермади.

Мавзуга оид