Жамият | 13:11
3779
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда капотида балиқлар билан контент олган ҳайдовчи жаримага тортилди

Тошкентда фуқаро машинасининг олд капотига ҳимоя плёнкасини ёпиштирган ҳолда унинг ичига сув тўлдириб, балиқларни солиб қўйгани видеоси тарқалди. У 1 млн 125 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Тошкентда машинасининг олд капотига ҳимоя плёнкасини ёпиштирган ҳолда, унинг ичига сув тўлдириб, балиқларни солган ва буни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган фуқаро жаримага тортилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида катта эътироз келтириб чиқарди. Ҳолат Экология вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганилиб, ушбу ҳуқуқбузарлик Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро И.Н. томонидан содир этилгани аниқланди.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 1-қисми (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари  1 миллион 125 минг сўм миқдорида жарима белгиланди.

Экология вазирлиги табиатдаги ҳар қандай тирик жонзотларга нисбатан ножўя, ўринсиз, шафқатсиз муносабатда бўлиш тақиқланган ва қонунчиликка мувофиқ қатъий жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида фуқаро уйида бир бош Нил тимсоҳини сақлаб келгани аниқланган, жонивор ҳайвонот боғига топширилиб, ҳолат бўйича ҳужжатлар судга юборилган эди.

Мавзуга оид