Иқтисодиёт | 10:41
605
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Покистонда логистика марказини ташкил этишга қизиқиш билдиряпти

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ва мамлакат элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Синд вилоятига ташрифи доирасида Карачи порти маъмурияти билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Музокаралар чоғида ушбу порт орқали юк айланмасини кўпайтириш, транзит тартибларини соддалаштириш ва ўзаро логистика алоқаларини йўлга қўйиш ва минтақавий боғлиқликни кучайтиришга қаратилган барқарор алоқаларини ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Карачи порти бошқарув қўмитаси аъзолари Абдулла Закий ва Фаҳим ур-Раҳман Сайгол ушбу портда хорижий мамлакатлар билан савдо алоқалари учун яратилган шароитлар ҳақида тақдимот ўтказди.

Музокараларда юк ташиш, логистика ва денгиз туризми соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, денгиз иқтисодиёти йўналишидаги ҳамкорликни диверсификация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Карачи портидаги йирик инфратузилма объектлари, жумладан, South Asia Pakistan Terminals Limited компанияси фаолияти билан танишди. Ўзбекистон томони Карачи порт ҳудудида замонавий сақлаш омбори ва логистика маркази ташкил этишга қизиқиш билдирди.

Порт маъмурияти Ўзбекистон томонига барча шароитлар яратиб берилиши, мақбул шартлар асосида сақлаш омборхоналарини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга оид