Ўзбекистон | 13:53 / 05.07.2025
4503
2 дақиқада ўқилади

Янги қурилган кўп қаватли уйларни газга улашда муаммолар юзага келяпти

Республика бўйлаб янги уйларни газга улашда муаммолар пайдо бўляпти. «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати Kun.uz’нинг бу борадаги бир неча сўровларини жавобсиз қолдирди. Йил бошида янги қурилган хонадонларда табиий газ бўлмаслиги мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.

Фото: Kun.uz

Айни кунларда Kun.uz’га Тошкент шаҳри ва республиканинг турли ҳудудларидан янги қурилган уйларни газга улашда муммолар юзага келаётгани ҳақида мурожаатлар кўпайди.

Хусусан, бир гуруҳ одамлар пойтахтда 2024 йилнинг ёзида кадастри чиққан уйга 1 йилдан бери газ берилмаётганидан шикоят қилишяпти.

Бошқа бир ҳолатда эса Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи мурожаатчи газ уланиши учун барча талаб қилинадиган ҳужжатлар тўлиқ топширилганига қарамай асоссиз равишда ушбу жараён амалга оширилмаётганидан норози бўляпти.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири охирги 2 ойда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ матбуот хизмати ходимларига «Янги уйларни табиий газга улаш тўхтатилдими?» деган мазмундаги савол билан бир неча марта юзланди, аммо ҳеч қандай жавоб ололмади.

Қурилиш вазирлиги ахборот хизмати эса биноларни қандай турдаги энергия таъминоти билан таъминлаш масаласини Энергетика вазирлиги ҳал қилишини, бу борада уларда ҳеч қандай ваколат йўқлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январ ойидаги селектрда 18 минг хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмай турилгани маълум қилинганди.

Шунингдек, мутасаддиларга ишчи гуруҳи тузиб, ҳар бир ҳолатни ўрганиб, масаланинг ечими бўйича ҳукуматга таклиф киритиш топширилганди.

«Бу йил 135 минг хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш зарурлиги қайд этилди», – дейилганди расмий хабарда.

Бу эса 2025 йилдан бошлаб янги қурилган хонадонларда табиий газ бўлмаслиги мумкинлигини англатади. Аммо шу пайтга қадар очиқ манбаларда мазкур ўзгаришни ифода этувчи қонун ҳужжати эълон қилинмади.

Мавзуга оид